Ўшда ҳайдовчиларга ўзбекча брошюра тарқатилмайди

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланган Ўш шаҳрида ҳайдовчилар учун ўзбек тилидаги махсус эслатма варақлари ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари тарафидан олиб қўйилган.

Брошюра “Бир Дунё Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти лойиҳаси доирасида чоп этилиб, унда маҳаллий ҳайдовчилар учун жарима ҳақлари, уларни тўлаш шаҳобчалари ва ДАН ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ёзилган.

“Қирғизистон жанубида ҳайдовчилар ушбу лойиҳа учун миннатдорлар. Бироқ, бизга ижтимоий лойиҳа доирасида ўзбек тилидаги маълумот варақаларини тарқатишга рухсат бермадилар. Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, Қирғизистон қонунларини оммага ўзбек тилида етказишни мақсад қилган эдик. Лекин, биздан бу варақларни тортиб олиб, терговчилар уни тарқатишимизга чек қўйишди. Буни биз ноқонуний деб ҳисоблаймиз” – дейди “Бир Дунё Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси Валерян Вахитов.

Унинг сўзларига кўра, ташкилот вакиллари мазкур ҳолат юзасидан Ўш шаҳар судига даъво аризаси билан мурожаат қилганлар.

Ўш шаҳар Ички Ишлар Бўлимининг матбуот котиби Замир Сидиқов, “Бир Дунё Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти варақаларини тарқатилиши хавфсизлик нуқтаи назаридан таъқиқланганини билдиради.

“Варақчалар ўзбек тилида ёзилган бўлиб, улар фақат ўзбеклар яшовчи ҳудудларда тарқатилаётгани шубҳа туғдирди ва дарҳол йиғиштириб олинди. Ундаги маълумотлар Қирғизистон қонунларига зид эмаслиги ва давлат хавфсизлигига таҳдид туғдирмаслигини текшириш учун Ўш шаҳар ҳокимлиги қошидаги тил комиссиясига юборилди” – дейди Замир Сидиқов.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев, ўзбек мактабларида ўқиган аҳоли нима учун ўз она тилида бу эслатмани ўқишга ҳаққи йўқлигини, акс ҳолда ўзбек мактабларини ҳам ёпиш кераклигини айтади.

“Сайлов пайтида ўзбек сайловчиларини овозини олиш учун ҳамма баннер ва ташвиқот варақчаларини ўзбек тилида чиқаришди. Энди эса мумкин эмас эмиш...” – дейди Изатилло Рахматуллаев Би-би-си билан суҳбатда.

Маълумот брошюралари “Бир Дунё Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти лойиҳаси доирасида жами 75 минг нусхада чоп этилган бўлиб, улардан 30 минги қирғиз, 30 минги рус ва 15 минг донаси ўзбек тилларидадир.

Брошюраларни ҳайдовчиларга етказишда шаҳар аҳолиси, техник мутахассислар, ҳайдовчилик мактаблари раҳбарлари кўмак кўрсатганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг