Тожик раҳбари билан фақат узун бўйли орийлар гаплашадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Тожикистон раҳбари Раҳмонга мурожаат қилиш учун танловдан ўтиш керак бўлади.

"Чиройли орийона кўриниш, баланд бўй ва равон нутқ- Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашиш ва мурожаат қилиш имкони бериладиган мамлакатнинг бахтиёр фуқароси шу сифатларга эга бўлиши лозим".

27 ёшар Тожикистон фуқароси Шаҳноза Ниёзбоқийга Сўғд вилояти Мастчоҳ тумани расмийлари ана шундай жавоб беришди.

Шаҳноза Ниёзбоқий вилоятга келадиган мамлакат раҳбари қаршисида чиқадиганлар рўйхатидан нега ўзининг исми-шарифи ўчирилгани сабабини улардан сўраган эди.

Конкурсли танлов

Image caption Шаҳноза Ниёзбоқийга шахсан президент Раҳмонга миннатдорчилик билдириш насиб қилмади, танловдан ўта олмади.

"Олий жаноблари келишларидан олдин бизни йиғишди ва ҳурматли Эмомали Раҳмон қаршисида сўзламоқчи бўлганларнинг рўйхатини тузишди. Мени ўқишга киришим учун ёрдам берган миллат пешвосига миннатдорчилик билдиришни жуда ҳам хоҳлагандим. Мен муаммолар ҳақида гапирмаслик ва президентга арз қилмаслик тўғрисида олдиндан ҳаммани огоҳлантирдим. Бундан ташқари Эмомали Раҳмоннинг ташрифи Наврўз байрамига тўғри келаётганди. Раҳбарлар бизни мамлакат раҳбарининг кайфиятини ўзимизнинг шикоятларимиз билан бузмасликдан огоҳлантиришди", дея ҳикоя қилади Шаҳноза Ниёзбоқий Би-би-си Рус хизматига.

Бироқ Хўжанд Давлат университети битирувчиси Шаҳноза Ниёзбоқийга кўрсатган ғамхўрлиги учун шахсан президент Раҳмонга миннатдорчилик билдириш насиб қилмади.

Сўзга чиқувчилар рўйхатига у киритилмади.

Ниёзбоқий бу тўғрисида маҳаллий ҳукуматдан сўрайди ва расмий жавоб олади.

"Масала шундаки, тинчлик ва бирдамлик асосчиси, миллат пешвоси қаршисида чиқишни хоҳловчилар конкурсли танловдан ўтишлари керак. Танловнинг шартлари ҳам белгиланган. Президентга мурожаат қилувчи чиройли орийона кўринишга, баланд бўйга эга бўлиши ва равон сўзлаши лозим. Танловнинг 30 қатнашчисидан 3 тасига бу шараф насиб қилди. Сиз шунингдек, президент билан учрашувда қатнашадиган 5000 киши қаторига ҳам кира олмадингиз", - дейилади Сўғд вилояти Мастчоҳ тумани ҳокими ўринбосари Зайнура Умарзода томонидан йўлланган расмий хатда.

Би-би-си Рус хизмати Мастчоҳ туман ҳокими Ғайрат Азиззода ва хат эгаси Зайнура Умарзода билан боғланиб, орийона кўриниш нимани англатиши ва президент билан учрашув шартларини ким белгилашини сўради.

Ирқчиликнинг кўриниши

"Бу инсон ҳақларининг қўпол равишда бузилиши, шаънининг ҳақорат қилинишидир. Ҳукумат биз демократик давлатлигимиз, президент эса халқнинг йўлбошчиси эканини таъкидлашдан чарчамайди. Бу ерда эса ёзма равишда президент қаршисида чиройли орийона кўринишдаги одамлар чиқишлари айтилмоқда", дейди ҳуқуқ фаоли Файзинисо Воҳидова.

"Кимдир бу талабларга тўғри келмаса нима қилиш керак? Миллий низони очиқдан-очиқ қўзғаш ҳисобланади бу. Агар биз демократик давлатда яшаганимизда, бу мансабдор хонимнинг устидан жиноий иш очилган бўлар эди. Одамларни олий ва иккинчи сортга ажратилмоқда. Одамлар ўзлари овоз берган киши билан гаплашишлари тақиқланади", деб ҳисоблайди Воҳидова.

Тожик мулозимининг жавоб хати ижтимоий тармоқларда баҳсларни келтириб чиқарган. Ўнлаб ғазабланган кишилар Тожик ҳукуматининг ҳаракатини ирқчилик деб атаганлар ва бунга эътибор қаратишга чақирганлар.

"Президент билан учрашувда бу каби тажриба Тожикистонда кенг тарқалган. Шаҳноза Ниёзбоқий фақат журъат қилиб нималар бўлаётганини гапира олди", дейди ҳуқуқ фаоли Ойнахол Бобоназарова.

"Демак, бундан келиб чиқадики, халқ билан учрашув- сохтакорлик. Одамлар кўринишига қараб танланади. XXI аср учун ёввойилик бу. Ҳукумат тезликда эътибор қаратиб, бундай вазиятни юзага келтирган амалдорларни ишдан бўшатиб, жазолаши керак", дейди Бобоназарова Би-би-сига.

Подшоҳ, шоҳларнинг шоҳи ва халоскор

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

Ҳар йили Имомали Раҳмон мамлакат бўйлаб ўнлаб учрашувлар ўтказади. Президентни қўшиқ ва рақслар, шеърлар айтиб кутиб олишади. Унинг йўлларига гуллар сепиб, президентни подшоҳ, подшоҳларнинг подшоҳи ва халоскор деб атайдилар. Йўлларга тўшаладиган гулларни сотиб олиш учун улкан маблағ сарфланади.

Мамлакат раҳбари билан учрашувга олдиндан тайёрланиб, йўлларда ҳаракат тўхтатилади, у ўтадиган кўчалардан одамлар ҳайдалади.

"Халқ билан учрашув"га олдиндан тайёрланган ва саволлари хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан текширилган одамлар танлаб олинади.

Президентга нафақат жиддий муаммолар ҳақида саволлар, балки оддий маиший ва ижтимоий мавзулардаги саволларни бериш тақиқланади. Амалдорлар очиқчасига мамлакат раҳбарининг кайфиятини савол билан бузмасликни сўрашади.

Тожикистонда Имомали Раҳмонга "Миллат пешвоси" ва "Жаноби олийлари" деб мурожаат этиш қабул қилинган.

Мамлакат бўйлаб Раҳмоннинг улкан портретлари кўчалар ва хиёбонларни безаб туради.

Имомали Раҳмон Тожикистонни 1992 йилдан буён бошқариб келади. Ўтган йил декабр ойида тожик президенти миллат пешвоси сифатида чекланмаган миқдорда мамлакат раҳбари бўлиш ҳуқуқини олди.

Бундан ташқари Имомали Раҳмоннинг фарзандлари ва кўплаб қариндош-уруғлари мамлакатда энг юқори раҳбарлик лавозимларини эгаллаганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKT
  • witter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг