Россия, ИШИД, Толибон?..

Сўнгги ойларда россиялик юқори мартабали дипломатларнинг бутун минтақага жиддий таҳдид сифатида кўрилувчи бу икки йирик жангари гуруҳ билан боғлиқ бир-бирига зид чиқишлари худди ана шундай саволларни пайдо қилган.

Афғонистондаги Россия элчисининг шу ҳафта бошида баён қилишича, ИШИД жангариларига қарши курашида мамлакати Толибон ҳаракатини дастаклаётгани йўқ.

“Биз Толибонга ҳеч қанақасига кўмак бермаймиз”, - деб баён қилган Александр Мантицкий пойтахт Кобулда берган расмий матбуот анжумани чоғида.

Элчи жанобларининг сўнгги чиқиши Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили Замир Кабуловнинг ўтган йилги баёнотига тамом зид экани билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Россиялик юқори мартабали бу дипломат ИШИДга қарши кураш масаласида мамлакатининг манфаатлари Толибон ҳаракатиники билан мос тушишини таъкидлаган.

“Ахборот алмашиш учун толиблар билан лозим каналларга эга эканимиз ҳақида эса, бундан аввал ҳам айтганман”, - дея баён қилганди ўшанда Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили.

Унинг бу сўзлари зудликда дунё бўйлаб йирик оммавий-ахборот воситаларининг эътиборини ўзига тортган, Россия ўзининг эски рақибига юз тутаётгани, толиблар билан дипломатик алоқаларини кучайтираётганига оид шов-шувли чиқишларига сабаб бўлганди.

Бошқа томондан, Афғонистонга бевосита чегарадош ва ИШИД хавфидан жиддий хавотирда бўлган аксарият Марказий Осиё давлатларининг бу хусусдаги хавотирлари шу пайтгача асосан баёнотлар билан чекланиб келаётгани ҳам Россиянинг интилишларига оид хабарларнинг аҳамиятини бўрттиришга хизмат қилмай қолмаганди.

Россия ва Толибон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Айрим ғарблик таҳлилчилар Россиянинг Толибон билан яқинлашиш уринишларига оид хабарларни расмий Кремлнинг Украина, Сурия ва Шимолий Корея масаласида сўнгги пайтларда Ғарбга нисбатан намоён этган беписанд сиёсати манзарасида талқин этишга уринишган.

Буни Россиянинг яна бир бор ўзини уддабурон ва қудратли қилиб кўрсатиш амалига йўйишганди.

Уларнинг наздларида, Толибон ҳаракатига бу - шунча йиллар ортидан, халқаро миқёсда ўзини тан олдиришнинг янги ва қойилмақом бир имконияти бўлиб туюлган бўлиши мумкин.

Аммо, энг қизиғи, Россия томони яқиндагина Афғонистон Толибон ҳаракатининг сўнгги пайтларда қанчалик фаоллашиб бораётганидан жиддий хавотир билдириб чиққан.

Жумладан, Россия Миллий аксилтеррор қўмитасининг раҳбари толиблар Афғонистоннинг жануби, жануби-шарқи, шимоли ва марказидаги стратегик жиҳатдан муҳим туманларда ўз мавқеъларини мустаҳкамлаб олаётганига алоҳида диққат қаратганди.

Бошқа томондан, Россия ҳукумати шу пайтгача Афғонистонда толибларнинг яна қудратга қайтиши ва ёки Афғонистоннинг давлат сифатида таназзулга учрашини қанчалик истамаслигини ошкора намоён этиб келган.

Россия буни Афғонистонни яна бўлгинчи, террорчи ва исломчи кучларнинг хавфсиз бошпанасига айлантирувчи омил сифатида кўришини ҳам яширмаган.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, худди шу боис ҳам, расмий Кремль 2001 йилда Афғонистонда ўз Исломий Амирлигига асос солган Толибон тузумини қулатишда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларини қўшқўллаб дастаклаган.

Натонинг шундоққина тумшуғи остидаги ҳарбий ҳозирлигини хуш кўрмаса-да, бунга тишини-тишига қўйиб рози бўлган.

Расмий Москва энг аввало Россия мусулмон аҳолиси орасида, бошқа томондан, ҳамон ўз таъсир доирасида сақлаб қолишга уринаётган жанубий чегарасидаги минтақа давлатларида исломий экстремизм ва террорчилик ҳоллари кучайишининг олдини олишни истайди.

Россия ва Толибон билан боғлиқ сўнгги хабарларни шарҳлаган айрим таҳлилчиларга кўра эса, бу – расмий Кремлнинг ҳаракатни ортиқ минтақадаги қолган жангари гуруҳлар қадар ўзига жиддий таҳдид сифатида кўрмаслигига ҳам далолат қилади.

Буёғи қандай бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Покистондан етакчи минтақавий таҳлилчи Ходим Ҳусайннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Россия бугунга келиб, Толибон ҳаракатини ўзига хавф эмас, минтақадаги стратегик ва иқтисодий манфаатларининг қўлловчиси сифатида кўришни истаётган бўлиши мумкин.

“Бунинг иккита сабаби бор. Россия, бир томондан, Толибон ҳаракатининг кўмаги билан Афғонистонда глобал террорчи гуруҳларнинг ўзларига қаратилган ҳар қандай эҳтимолий ҳужумларнинг олдини олмоқчи бўлаётган бўлиши мумкин. Бошқа тарафдан, бу – Россиянинг савдо ва иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ, назаримда. Чунки, Толибон билан “яқинлик” Россия ёқилғиси дохил ўз маҳсулотларини Афғонистоноша минтақанинг бошқа давлатларига бемалол етказишига имкон беради. Бундан ташқари, Россия ўз бизнес гуруҳларини юбориш орқали, Эрон ва бошқа Яқин Шарқ давлатлари билан тўғридан-тўғри тижорат қилиш имкониятига эга бўлади”, - дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, яқинда Эронга нисбатан узоқ йиллик халқаро санкциялар бекор қилинган, бу эса, минтақа иқтисодининг гуллаб-яшнашига хизмат қилишига оид башоратлар ҳам озмунча бўлмаганди.

Унинг наздида, ўз томонидан, Толибон ҳаракати минтақа давлатларининг кўпроқ дастакларини қўлга киритиш илинжида бу ишга бораётган бўлиши мумкин.

“Толибон ҳаракати Россиядан кўз тикаётган дастак эса, молиявий, стратегик, ўзларининг Афғонистон ва Покистон ҳукумати билан тил топишишларида кўрсатиши мумкин бўлган дипломатик қўллови шаклида бўлиши мумкин”, - дейди покистонлик таҳлилчи.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, шунда ҳам, сўз бутунбошли ҳаракат ҳақида эмас, улар сафларидаги муайян гуруҳлар ва қўмондонлар ҳақида кетмоқда.

Афғонистондаги Россия элчиси эса, Толибон каби ИШИДга қарши курашдан бирдек манфаатдор эканликларини яна бир бор урғуларкан, ўзаро бирор бир кўринишда ахборот алмашмаганликларини баён қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Аммо “Афғонистонда яширин режалари йўқлиги”, толиблар билан алоқалари уларни фақат музокаралар столига келтиришга қаратилганини таъкидлаган.

Россия элчиси Александр Мантицкийнинг айтишича, Ўзбекистон ва Тожикистони билан бевосита чегарадош шимолий вилоятларида жангларнинг кучайиб, минтақада ИШИДнинг фаоллашиб бораётганидан хавотирдалар.

“Биз беқарорликларнинг Марказий Осиёга ёйилишидан фавқулодда хавотирдамиз. Чунки Ўзбекистон ва Тожикистондаги беқарорликлар одамларни Россияга қочишга ундаши мумкин”, - дея элчи жанобларининг сўзларидан иқтибос келтирган “Рейтер” ахборот агентлиги.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, шу пайтгача Россиянинг Толибон билан тинчлик музокараларига ошкора қизиқиш билдиргани ва воситачилик қилиш уринишлари кузатилмаган.

Покистондан таҳлилчи суҳбатдошимиз Ходим Ҳусайн мазкур ҳолатни, ўз навбатида, Афғонистон, Покистон, Хитой ва АҚШ иштирокидаги сўнгги тўрт томонлама тинчлик музокараларининг бесамар якун топгани билан изоҳлайди.

Аввалбошда стратегик, иқтисодий ва тужжорий манфаатларидан келиб чиқиб, Россия ва Эрон дохил қолган минтақа давлатларининг ҳам бу музокараларга қўшилишлари мумкинлиги айтилган, аммо Афғонистон ва Покистондаги янг зўравонликлар уларнинг аро йўлда қолиб кетишига сабаб бўлганди.

Покистонлик таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, худди шу боис ҳам, Россия ҳозир якка бошича ўзининг бу борадаги имкониятларини синаб кўришга аҳд қилган бўлиши мумкин.

Аммо

Туркиядан таҳлилчи суҳбатдошимиз Абдулсалом Осим эса, қандай давлат иштирокида бўлмасин, сиёсий гуруҳ эмаслиги боис, Толибон ҳаракати билан музокаралар олиб боришнинг ўзи номувофиқ иш бўлишини таъкидлайди.

Таҳлилчига кўра, ўзининг сўнгги қизиқишлари билан Россия Украина ва Сурия инқирози манзарасида шундоққина биқинидаги ва дунёнинг қудратли давлатлари гео-сиёсий қизиқишларининг майдонига айланган Афғонистонда кечаётган воқеалардан ҳам сиёсий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан четда турмаслик истагини намоён этган.

Таҳлилчининг айтишича, атом қуролига эга қатор давлатлар қуршовида бўлган Афғонистоннинг минтақада тутган муҳим гео-сиёсий ўрни, алал-оқибат, афғон можаросининг ечимида ҳам ҳал қилувчи фактор сифатида қолаверади.

“Ғарб, айниқса, АҚШ, албаттаки, у ерда бўлишни хоҳлайди. Бундан эса, Россия бўладими, Хитой ёки Эрон, беҳузур бўлишлари табиий. Шунинг учун ҳам, Афғонистон масаласида ўз манфаатлари лозим даражада ўз ифодасини топмаган режа, битим ёки лойиҳага улар рўйхушлик беришмайди. Ҳатто, маъқул деб топгандек кўринган тақдирларида ҳам, аслида унинг амалий бўлишига имкон беришмайди”, - дейди суҳбатдошимиз.

Буларнинг барчаси нимани англатади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Таҳлилчиларга кўра, Россия томони бераётган баёнотлар мазмунининг бир-бирига зид экани уларни мутлақ асоссиз дейишга асос бермайди.

“Уларнинг заминида маълум мантиқий асослар мавжуд. Гап шундаки, Афғонистон ҳудудида толиблар учун энг катта душман бу – ИШИД бўладиган бўлса, Россия федерацияси ҳам бу гуруҳдан анчагина хавотирга тушиб қолган. Толиблар ва ИШИД жангарилари ўртасида жиддий тўқнашувлар бўлгани ва бўлаётганлиги ҳам аниқ. Мана шу конфигурация, шаклланган вазият иккита томоннинг яқинлашиши учун маънавий муҳит нуқтаи назаридан имконият берди, бераяпти. Россия томони ҳам, мана шу вазиятдан унумлироқ фойдаланиб, Толибон билан озми-кўпми, ўзаро ишончли алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин”, - дейди, жумладан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Суҳбатдошимиз мавжуд зиддиятли воқеъликни изоҳлашда Толибоннинг мафкуравий ҳаракат экани омилини ҳам назардан қочирмаслик лозимлигини алоҳида таъкидлайди.

“Яъники, бир мусулмон бошқа бир мусулмон билан жанг қилаётганида, иккаласи ҳам радикал бўладими, бир-бирини турли айбловларда айблайдими, бунга қарамай, четдан исломий бўлмаган бир давлат билан ҳамкорлик қилаяпти, деган гапни толиблар кўтара олмайди. Бу Россияга ҳам ноқулайлик туғдиради. Ва шунинг учун ҳар иккала томон ҳам буни инкор этаётган бўлишлари табиий. Лекин бу алоқалар мавжуд эмас дегани эмас”, - дейди таҳлилчи.

Унга кўра, бу масалада Россиянинг Марказий Осиёдаги гео-сиёсий манфаатлари ҳам муҳим ўрин тутаётган бўлиши мумкин.

“Бир томондан, Россиянинг Марказий Осиёда ўзининг манфаатларини парваришлаш, ўзининг иштирокини кучайтириш учун Афғонистон таҳдидини кўпиртириш, информацион соҳада унга каттароқ эътибор беришга мойиллиги бор. Бу билан Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қўрқитиши ва уларни ўз орбитасига қайтаришга уриниши бу – ҳар доим кузатилган ҳолат”, - дейди суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи w

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича эса, Россиянинг тинчлик музокараларига ташаббускорлик қилиш илинжидан кўп нарса кутиш ноўрин бўлади.

Унга кўра, Россияда Афғонистон ичкарисидаги кучларга катта таъсир ўтказиш имконияти мавжуд эмас.

Таҳлилчи кейинги 25 йил ичида Россияда Афғонистонга “Афғонистон синдроми” орқали қараб келингани, СССРнинг қулашига олиб келган 1979-1991 йиллардаги афғон уруши тажрибаси ҳалиям Россия сиёсий элитаси хотирасидан кўтарилмаганини таъкидлайди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бошқа томондан, Афғонистоннинг ўзида ҳам, айниқса, пуштун қавмлари орасида Россияга ишончсизлик, қўрқув ва ёки нафрат ҳисси билан қараш сақланиб қолмоқда.

Агар, суҳбатдошимизнинг сўзларидан хулоса чиқарилса, худди шу икки ҳолатнинг ўзиёқ Россиянинг тинчлик музокаралари масаласида эга бўлган имкониятларининг чегарасини чизиб беради.

Айрим ғарблик таҳлилчилар эса, Россиянинг Толибон билан яқинлашиш уринишларига оид хабарларни расмий Кремлнинг Украина ва Сурияга оид сўнгги сиёсати манзарасида талқин этишга уринишган.

Буни Россиянинг яна бир бор ўзини уддабурон ва қудратли қилиб кўрсатиш амалига йўйишганди.

Толибон ҳаракатига эса, бу нарса халқаро миқёсда ўзини тан олдириш учун муҳим, дейишади улар.

Россиянинг хавотирлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Bangla

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи эса, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан кечган ўтган бир йилнинг ўзидаёқ минтақага сизиб киришга муваффақ бўлган ва Покистонда ўзининг янги тармоғига асос солган.

Ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда собиқ толиблар ҳисобидан ўзига юзлаб янги аъзолар ёллаган, Афғонистоннинг ҳар бир бурчагига кириб бориш, ўзининг тайёргарлик жамлоқларига асос солиш ва ҳатто, мамлакатнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларида йирик ва ҳалокатли ҳужумлар уюштиришнинг уддасидан чиққан.

Яқинда эса, Афғонистоннинг шарқий Нангархор вилоятини ўзининг Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир қисми, деб эълон қилган.

Гуруҳ орада ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон Толибон ҳаракатининг эски ва яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини ўзига оғдиришга муваффақ бўлган, ҳаракат тўлиғича уларга расман байъат келтирган.

Аммо ИШИД ва Толибон ўртасидаги алоқаларнинг қанчалик зиддиятли экани аввалбошданоқ ҳарбий таҳлилчиларнинг эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган.

ИШИД ва Толибон

Яқин-яқингача минтақадаги аксарият жангари гуруҳлар расман байъат келтириб келган Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти ИШИДнинг ўз тупроқларида фаоллашиш ҳаракатларига кескин ва ошкора норозилик билдирган.

ИШИД етакчиси ва Яқин Шарқдаги халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришдан бош тортиш баробарида, унга очиқ мактуб йўллаб, Афғонистондан узоқроқ туриш, акс ҳолда бунинг оқибатлари жиддий бўлиши билан ҳам огоҳлантирган.

Аммо раҳбариятининг бу каби кескин мавқеи манзарасида Афғонистон ичкарисида қоришиқ вазият шаклланган, толибларнинг анъанавий таянч нуқталари сифатида кўриб келинган жанубий, жанубий-шарқий ва шарқий минтақалари икки гуруҳ жангарилари ўртасидаги шиддатли жанглар саҳнасига айланган, шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида эса, икковлон яқин иттифоқчи каби ҳаракат қилишга ўтишган.

Россия эса, бор-йўғи бир йилнинг ўзида шундоққина биқинида шаклланган бу каби вазиятдан жиддий ташвишда. Орада россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозимлари қолиб, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва президент Владимир Путинга қадар бу хусусда устма-уст хавотирли баёнотлар билан чиқишган.

Мавжуд вазиятни қатор минтақавий хавфсизлик ташкилотларининг йиғинларида кўтаришган, сўнгги ойларда ўзининг минтақадаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган ва Афғонистонга бевосита чегарадош Тожикистонда эса, йирик қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказишга тушиб қолган.

Афғонистондаги Россия махсус вакилининг сўзлари эса, раҳбариятининг худди ана шу хавотирлари манзарасида янграганди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Замир Кабуловнинг сўзларидан қисқа вақт ўтмай, Афғонистон Толибон ҳаракати раддия билан чиққан ва Россия билан ўзларининг бирор бир алоқалари йўқлигини баён қилганди.

Ҳаракат ИШИДга қарши курашда ҳеч кимнинг кўмагига эҳтиёж сезмаслиги, аммо лозим, деб топган тақдирда, бу борада бошқа давлатлардан ёрдам сўрашга ҳақли эканликларини қўшимча қилишни ҳам унутмаган.

Бошқа томондан, ИШИДнинг Афғонистондаги фаоллашуви Толибон ҳаракати асосчиси ва узоқ йиллик етакчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг ўлими расман ўз тасдиғини топган, янги лидерининг ким бўлиши юзасидан келиб чиққан жиддий зиддиятлар боис, ҳаракат сафлари учга парчаланиб кетган бир йилга тўғри келган.

Россия ва ИШИД

Фото муаллифлик ҳуқуқи Al Hayat Media Centre

Америкалик юқори мартабали қўмондоннинг яқинда қилган баёнотига таянилса ҳам, ИШИД Афғонистонда кучланиб бормоқда ва ҳозирга келиб, жангариларининг сони уч мингга етиб қолган бўлиши мумкин.

Россия эса, Яқин Шарқда бўладими ва ёки Афғонистонда, ИШИД гуруҳи сафларида ўз ва собиқ Шўро давлатлари фуқаролари сонининг ортиб бораётганидан жиддий хавотирда.

Ғарблик айрим таҳлилчиларга кўра, ИШИД сафларида Россиянинг Шимолий Қофқозидан бўлганларнинг сони анчагина бўлиш баробарида, лидерлик мавқеида бўлганларнинг ҳам кам эмаслиги боис, Россия улар ва бошқа исломий жангари гуруҳларни ўз хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида кўради.

Расмий Кремль ўтган йил ўзининг Суриядаги ҳаво ҳужумларига қўшилиш қарорини ҳам қисман худди шу омил билан изоҳлаган.

Жумладан, президент Владимир Путин суриялик ҳамкасби Башар ал-Ассад билан Москвада ўтказган сўнгги учрашуви чоғида тўрт мингга яқин собиқ Шўро давлатлари фуқароларининг расмий Дамашққа қарши жанг олиб боришаётганини таъкидлаганди.

Аммо худди шу қарори ортидан, Россия Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи расман ва ошкора жиҳод эълон қилган биринчи собиқ Шўро давлатига ҳам айланган.

Россия бундан аввал ИШИД билан бирга Сурияда фаол бўлган “Нусрат жабҳаси” гуруҳини ҳам “террорчи ва экстремистик ташкилот”, деб эълон қилган.

Бу икки гуруҳнинг ўз ҳудудида фаолият юритишини расман тақиқлаган.

Расмий манбаларда Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи сафларида жанг қилаётган Россия фуқароларининг сони 1.500 атрофида экани тахмин этилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас...

Россия томонининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир Афғонистон шимолида тўпланган хорижий жангарилар орасида марказий осиёликларнинг сони минглаб бўлиши баробарида, шимолий Қофқоздан бўлганлари ҳам йўқ эмас.

Уларнинг наздларида, ИШИД Афғонистонни минтақада ўз таъсирини кенгайтиришда муҳим жанг майдони сифатида кўрмоқда.

Раҳбариятининг хавотирлари манзарасида россиялик юқори мартабали хавфсизлик мулозимлари ИШИДнинг Хуросон амирлигини барпо этиш режасига диққат қаратишган.

Уларнинг айтишларича, гуруҳнинг Афғонистон шимолида ўзининг вилоятига асос солиш режаси Марказий Осиё, Эрон ва Хитойга ҳам таҳдид солмай қўймайди.

Афғонистон эса, исломий квазидавлатнинг янги вилоятини ташкил этишда бошланғич майдонча вазифасини ўтаб беради.

ИШИДнинг режасига мувофиқ, кейинчалик унинг таркибига қатор Марказий Осиё давлатларидан ташқари, Эрон ва Хитойнинг шимолий-ғарбий вилоятлари ҳам киради.

ОДКБ ташкилоти ҳам ўтган йили Афғонистондаги ИШИД жангариларининг сони уч мингтача эканини маълум қилган.

Ўша пайтда ИШИД уларни ортиқча шов-шувларсиз, ҳал қилувчи ҳаракатлар учун жимгина тўплашда давом этаётгани ҳам айтилганди.

Яқинда Суриядаги “Имом Бухорий” ўзбек жангари гуруҳи видеобаёнот билан чиқиб, Афғонистонда ҳам қанотларини борлигини иддао қилган.

Ҳозир Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош минтақаларида жанг олиб бораётган жангарилар ўша қаноти аъзолари эканини ҳам даъво қилган.

Айни ўринда эътиборли жиҳати шундаки, Сурияда асос солингани ва жанг қилаётганига қарамай, “Имом ал-Бухорий” гуруҳи аввалбошдан минтақада ўз исломий халифати ва катта қудратга эга ИШИД жангари гуруҳига эмас, толибларга мойиллигини намойиш этиб келган.

Россия нима қилолади?

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, расмий Москва бундан буёғига ҳам Афғонистонга ўз ҳарбийларини юборишнинг ўрнига, қўпроқ Афғонистон Қуролли кучларини қуроллантириш ва мамлакат иқтисодини оёққа қўйиш ишларида кўмак беради.

Улар, ўз ўрнида, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан 2014 йилдаги оммавий сафарбарлиги минтақада кучлар мувозанатининг ўзгаришига олиб келиши, бундан буёғига Россия ва Хитой ўз иқтисодий ёрдамлари билан Афғонистон масаласида якуний сўзни айтишга уринишларини тахмин этишади.

Афғонистон Россия-ю Хитой етакчи мақомга эга ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонни ўз ичига олувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида кузатувчи мақомига ҳам эга.

Айрим таҳлилчилар Покистон ва Ҳиндистон қаторида расмий Кобулнинг ушбу минтақавий ташкилотга тўлиқ аъзоликка эришишга қаратилган сўнгги уринишлари манзарасида ШОС бу яқин келажакда Афғонистонда барқарорликни қарор топтиришда муҳим ўрин тутиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмайди.

Жумладан, Франциядан таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов буни Афғонистон сиёсий элитасининг бугунги мавқеи билан тушунтириш лозимлигини айтади.

Унга кўра, Афғонистон ҳозир ўзини гео-сиёсий кураш майдони эмас, глобал хавфсизлик майдони сифатида кўришларини истайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Яъни, расмий Кобулнинг наздида Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорлик бўлмас экан, глобал хавфсизлик ва барқарорлик ҳам бўлмайди.

Худди шу боис ҳам, расмий Кобул қудратли давлатларни Афғонистон масаласида рақобатчи эмас, аксинча, ҳамкор сифатида кўришни истайди ва айни шу мавқеъдан келиб чиқиб, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлиқ аъзоликка интилмоқда, дейди суҳбатдошимиз.

Яъни, таҳлилчига кўра, Афғонистон бу каби интилишлари манзарасида ташкилотга аъзо давлатлар билан хавфсизлик ва иқтисодий масалаларда ҳамкорлигини кучайтирмоқчи.

Бошқа томондан, Россия ҳам Афғонистонда барқарорлик бўлмаса ва ёки у ерда ИШИД кучаядиган бўлса, бунинг ўзлари учун толиблардан кўра йирик таҳдидга айланишини англаб турибди, дейди у.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, толибларни орада кечган вақт давомида ҳарбий йўл билан йўқотиб бўлмагани, уларга қарши дипломатик воситалар ҳам иш бермагани воқеълигига ҳам алоҳида диққат қаратади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам ўзининг Москвага куни-кеча қилган сафари чоғида Афғонистондаги қуролли можарога Россиянинг иштирокисиз ечим топиш уринишлари “янглиш” бўлишини баён қилганди.

Аммо, ўз ўрнида, жаноб Каримов Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг бу масалага аралашувига изн бермаслик лозимлиги ҳақида ҳам сўз юритганди.

"Афғонистонда вужудга келган мураккаб вазият, яқин тарих сабоқларини назарда тутиб, у ердаги сиёсий-ҳарбий жараёнларга ШОС ташкилотининг аралашувига изн бермаслик муҳимдир. Чунки бу ҳолат нафақат Кобул, Афғонистонда, балки унинг сарҳадларидан анча узоқда ҳам нотўғри талқин қилиниши мумкиндир. Бу - халқаро ҳамжамият томонидан ШОС аъзолари у ердаги вазиятни ҳал қилиш масъулиятини мутлақо ўз устларига олмоқдалар, деган маънода талқин қилиниши эҳтимоли ҳам йўқ эмас", - деб айтган Ўзбекистон раҳбари.

Аксарият таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, афғон можаросидан манфаатдор барча ўйинчи давлатларнинг манфаатларини кўзда тутмас экан, бу муаммо амалда ҳеч қачон ўз ечимини топмайди.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Собиқ Шўролар Иттифоқи 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан, 1989 йилда Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан, Афғонистон бир неча йилга чўзилган қонли фуқаролар урушига ботган ва алал-оқибат буларнинг барчаси 1996 йилда қудратга толибларнинг келиши билан якун топганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ