Тожикистон ва Россия ўртасида "исм талашуви"

Image caption Тожикистон расмийлари миллий қадриятларга қайтиш йўлини тутмоқдалар.

Россия Думаси вакиллари Тожикистонда исмлар ҳақида қабул қилинган қонунни танқид қилишлари ортидан расмий Душанбе норозилик билдирди.

Либерал Демократик Партия аъзолари томонидан қилинган изҳоротлар Тожикистоннинг ички ишларига арлашиш сифатида баҳоланган.

"Биз мустақил давлатмиз. Ўз миллий анъана ва қадриятларимизга риоя қилиш ҳуқуқига эгамиз. Бизга қандай қарорлар қабул қилиб, мамлакатимизда нималар қилиш кераклигини уқтириш керак эмас", деди Тожикистон парламенти аъзоси Абдуҳалим Ғаффорзода Би-би-си билан суҳбатда.

Яқинда Тожикистонда фуқароларга ўз фарзандлари учун исм ва фамилия танлашда миллий анъана ва қадриятлага риоя қилишни қатъий тавсия этувчи қонун қабул қилинганди.

Бу амалда фамилиялардаги -ов, -ова ва отасининг исмидаги -вич, -овна каби қўшимчаларнинг тақиқланишини англатади.

Бунга жавобан Россия Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси аъзоси Илья Дроздов Тожикистон билан виза режими тадбиқ қилиниши кераклигини айтди.

"Бу Россиянинг заифлиги, ўз ватандошларимизни ҳимоя қила олмаслигини англатади. Ахир каттароқ бўлмаса ҳам кичикроқ бир расмиймиз уларга қўнғироқ қилиб, эртага чегараларни ёпиб ташлаймиз, виза тартибини киритамиз, дея ишора қилса, у ерда ҳамма Иванов ва Петров бўлишни истаб, Шўролар даврида русча гапирганларини хурсандчилик билан эслаб қолишади", деди Илья Дроздов.

Абдуҳалим Ғаффорзодага кўра, Россия халқ вакиллари қонунни нотўғри талқин қилганлар.

"Бу майдагапчилик. Икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик руҳига ярашмайдиган иш", деди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption 2007 йили Президентнинг ўзи ҳам Раҳмоновдан воз кечиб, фамилиясини Раҳмонга ўзгартирганди.

Тожикистон расмийлари фарзандларга "раво" кўрилган бир неча минг исм рўйхатини тузиб чиққанлар.

Расмийларга кўра, бу ота-оналар учун ўз фарзандларига "тўғри" ва миллий қадриятларга муносиб исм танлаш вазифасини енгиллаштиради.

Бу рўйхатни тузиб чиқиш устида Тил ва Терминология Қўмитаси бир йил ишлади.

Айтилишича, бу рўйхат вақт ўтиши билан ўзгариши ёки унга қўшимчалар киритилиши мумкин.

Бундан ташқари русча -ов, -ова, -вич қўшимчали исмларга эга бўлганларга уларни тожикчасига ўзгартириш тавсия этилган. Лекин, расман, қонун бу каби исмларни тақиқламаган.

Бир неча йил аввал президент Раҳмоннинг ўзи Раҳмонов фамилиясидан воз кечганди.

Миллати тожик бўлмаган фуқароларга эса ўз маданиятларига мос исмлар танлаш тавсия этилган.

"Қонун тожикларга русча қўшимчали исмларни тақиқламайди. Лекин сизни миллий ғурурга эга эмаслигингиз ва ватанпаравар эмаслигингизда айблашлари мумкин. Ўз маданиятингизга муҳаббат бўлмаса, сизни қандай қилиб ишга қабул қилишлари мумкин?", дейди Фуқаролик Ҳолатларини Қайд қилиш Бошқармаси раҳбари ўринбосари Жалолиддин Раҳимов.

"Тожикистонлик Раҳимов исмли спортчи халқаро мусобақада ютиб чиқса, одамлар қаердан билишсин у тожикми, қозоқми, татарми ё-да ўзбек ёки қирғиз? Лекин у Каримзод ёки Каримий бўлса, ишонч билан айта оламизки, у тожик. Ва биз бу билан фахрланамиз", деди Раҳимов.

Танқидчилар эса қабул қилинган қарорни ота-оналарнинг эркин танлови ва фуқаровий ҳуқуқларининг чекланиши сифатида талқин қилмоқдалар.

"Миллий ўзлигимиз ва ғурурни ривожлантириш, маданият ва анъаналарга содиқлик, тарихимиз, адабиёт, тил ва ёзувларимизни синчковлик билан ўрганишга мен ҳам қарши эмасман. Лекин фақатгина фармон ва буйруқлар билан бунга эришиб бўлмайди", дейди фаол ва блоггер Али Мастонов.

Ҳозирда тожикларда исмларидаги русча -ов, -ова, -вич, -овна қўшимчларини - зод, -зода, -пур, -иён, -фар каби қўшимчаларга ўзгартириш тавсия этилган.

"Ватанпарварлик руҳи фамилиядаги қўшимча асосида шаклланмайди. Ишинг бўлса, таълим олиш имкони бўлса, ҳимояланган бўлсанг, шундан келиб чиқади. Миллионга яқин ватандошимиз Россияда деярли ҳуқуқсиз шароитда муҳожиратда бўлса, қандай ватанпарварлик ҳақида гапириш мумкин", дейди Душанбе яшовчиларидан бири Руҳшона.

Ҳозирда Тожикистонда кенг тарқалган ва диний маънога эга бўлган мулло, халифа, хўжа, шайх, вали, охун, амир, сўфи каби қўшимчаларни ҳам олмаслик тавсия этилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг