Президент Назарбоев ер қонуни ижросини тўхтатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи European Photopress agency

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат "Ер кодекси"нинг тўрт бандига мораторий жорий этгани ҳақида эълон қилган.

Бу ҳақда Қозоғистон раҳбари ҳукумат мажлисида маълум қилган.

"Мен бугун қарор қабул қилдим: Ер кодексининг жамоатчилик резонансига сабаб бўлган қатор нормалари, аниқроғи, ўтган йили қабул қилинган тўрт нормаси кучга киришига кейинги йилгача мораторий қўйилади", деб айтган Президент Назарбоев.

"Агар сиз халққа тушунтириб, парламент билан келишиб бир қарорга келсангиз, мораторийни олиб ташлаймиз, йўқ бўлса, олиб ташламаймиз", деган Қозоғистон президенти.

"Тушунмаган аҳолига етказиш керак эди, ерларимизни, айниқса, қишлоқ хўжалик ерларини сотиш ҳақида гап бораётгани йўқ", дея ўз қарорини тушунтирган жаноб Назарбоев.

"Биз унинг мазмунини тегишли гуруҳларга етказиб беролмадик. Шу билан бирга қабул қилинган қонуннинг механизм ва нормалари ҳам кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда қабул қилинмади. Одамларнинг хавотир ва ташвишлари ўринли. Агар бизнинг одамларимиз, қозоғистонликлар қабул қилинган қарорларни тушунишмаётган бўлсалар, уларга ишонишмаётган бўлишса, бу тўғри эмас. Биз буларнинг ҳаммасини одамлар учун қилаяпмиз-ку. Яъни, жамиятда қонун қабул қилиниши бўйича шубҳалар пайдо бўлган", деб айтган Президент Назарбоев.

Охирги кунларда "Ер кодекси"га киритилган ўзгартиришга қарши норозиликлар Қозоғистон бўйлаб ёйилди.

Дастлаб Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳрида одамлар кўчаларга чиқишди.

Шундан сўнг норозиликлар шимолдаги Ақтобе ва шарқдаги Семей шаҳарларида ҳам бошланди.

Актау, Жанаўзен, Уралск ва Қизил Ўрда шаҳарларида одамлар "рухсат берилмаган" намойишларга чиқдилар.

Баъзи кузатувчилар ҳар бир шаҳардаги намойишчилар сонини 1000 кишидан 2 минг кишигача, дея тахмин қилдилар.

Намойишлар ноодатий кўриниш бўлган Қозоғистон учун бу анчайин жиддий миқёс эди.

Одамларнинг норозилигига асосий сабаб "Ер кодекси"га киритилган, хорижликларга мамлакатдаги ҳосилдор ерларни 25 йилга ижарага бериш рухсати эди.

Ушбу қонун ўтган йили ноябр ойида қабул қилинган ва 2016 йил июлидан кучга кириши кўзда тутилган эди.

Қонунга мувофиқ, ерлар сотилиши ёки ким ошди савдосида лицензия ҳуқуқини сотиб олиш имконини беради.

Одамларнинг асосий хавотири Хитой каби қўшни мамлакатлардан сармоячилар келиб, ерларни сотиб олишларидир.

Бу хавотир эҳтиросли масаладир. Ақтўбедаги намойишчилардан бири 27 апрель куни "Ерларимизни хитойликларга бера олмаймиз. Улар бу ерга келишса, ҳеч қачон кетмайдилар," дея нутқ қилди.

Президент Назарбоев ўтказган ҳукумат мажлисида Қозоғистоннинг Миллий иқтисодиёт вазири Ерболат Досаев, унинг ўринбосари Қайрат Ускенбаевлар истеъфога чиққанлари эълон этилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ