Имомали Раҳмонга 'суиқасдга уринганлар' қамалган

Душанбе шаҳар Исмоил Сомоний туман маҳкамаси икки тожик фуқаросини Президент Раҳмонга суиқасдни режалаштирганликда айбдор деб топиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этган.

Хабарларда айтилишича, судлановчилар Тожикистон Президентининг 2015 йил Вахдат шаҳрига ташрифи пайти унинг жонига қасд қилмоқчи бўлганлар.

Маҳкама вакилига кўра, "Дилафрўз Холова ва Изатулло Фузайлов "Исломий давлат" жангари гуруҳи аъзолари билан ҳамкорликда Имомали Раҳмонни ўлдириш, шунингдек, Хўжанд ва Вахдатдаги бир қанча биноларни портлатишга тил бириктирганлар".

Расмийларнинг билдиришича, айбланувчи Холова тўлиқ ўз айбига иқрор бўлган ва саккиз йилга ҳукм этилган. Айбини қисман тан олган Фузайловга 10 йиллик қамоқ жазоси белгиланган.

Image caption Тожикистонлик собиқ зобит Гулмурод Ҳалимов "Исломий давлат" сафига кирган.

Улар "Исломий давлат" террористик гуруҳи аъзоси бўлган "Абу Саид" лақабли Абдушаҳид Турсунов ёрдамида 2015 йил май ойида "Исломий давлат"га бориб қўшилган тожикистонлик собиқ зобит Гулмурод Халимов билан боғланишга уринганлари айтилади.

Шу билан бирга дейилади маҳкама берган хабарда, "Исломий давлат" гуруҳининг Абу Салоҳ лақабли бошқа бир аъзоси Хўжанддаги ҳарбий қисмни эгалламоқчи бўлганларини гўёки Холовага маълум қилган.

Судланувчиларнинг берган кўрсатмаларига биноан, "Абу Салоҳ" Душанбенинг Шоҳмансур туманида 20 кишидан иборат гуруҳ тузган, уларнинг орасида ҳибсдаги Фузайлов ҳам бўлган.

Маҳкамада келтирилишича, "Исломий давлат"нинг 10 байроғи Душанбеда осишга тайёрланилган.

Холованинг сўзларига кўра, президентнинг Вахдатга цемент заводини очиш учун келган пайти портлаш содир этилиши керак бўлган. Бироқ бунинг учун керакли қурол тополмаганларини айтган у маҳкамага.

Судланувчиларнинг яқинлари маҳкама чиқарган ҳукм устидан шикоят қилишларини билдиришган. Кўрсатмалар босимлар остида олинганига ишонишларини айтишган.

1997 йилда ҳам Имомали Раҳмонга Хўжандда суиқасд содир этилган. Ҳодисада давлат раҳбари ва унинг ёнидаги бир неча киши, жумладан собиқ ички ишлар вазири Салимов тан жароҳати олган. Ёқуб Салимов ўз танаси билан президентни ҳимоя қилган. Бироқ Ёқуб Салимов 2005 йил турли айбловлар билан маҳкамага тортилиб, 15 йилга озодликда маҳрум этилган.

Президентга суиқасдда бир неча киши айбланган. Улар орасида собиқ бош вазир Абдумалик Абдуллажоновнинг укаси Абдулло Абдуллажонов ҳам бўлиб, унга ўлим жазоси берилган.

Кузатувчилар, қатор халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Тожикистон ҳукумати терроризмга қарши курашдан мухолифатга нисбатан қурол сифатида унумли ишлатиб, ўнлаб кишиларни қамагани, оммавий ҳибслар хавотирли тус олаётганини айтишади.

Тожикистон прокуратурасига кўра, экстремист ташкилотлар, хусусан ИШИД сафида 1000 дан ортиқ тожикистонлик жанг қилаяпти.

Ўтган йили майида Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмаси қўмондони полковник Гулмурод Ҳалимов ИШИД сафига қўшилгани ҳақида эълон қилган ва Имомали Раҳмон ҳукуматига қарши тожик ёшларини жиҳодчилар сафига қўшилишга чақирган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг