Максим Бакиевга сиртдан 30 йил қамоқ ҳукми

Image caption Максим Бакиевнинг ўзи (ўртада) Буюк Британияда

Бишкек маҳкамаси собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевни сиртдан 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Кичик Бакиев қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган.

Қирғизистон Олий маҳкамаси матбуот хизматининг хабар беришича, Максим Бакиев шунингдек, таъмагирлик ва пул ювишда ҳам айбланган.

Жиноят кодексининг айни бандларига асосан унга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Маҳкама ҳукмига кўра, Бакиевнинг мол-мулки ҳам мусодара қилинади.

Маҳкама Максим Бакивга нисбатан 2013 йил 2 августида чиқарилган 15 йиллик қамоқ ҳукмини ҳам охирги ҳукмга қўшган.

Максим Бакиев Қирғизистонга қайтиб, маҳкамада ҳозир бўлишдан бош тортгани боис унинг иши сиртдан кўриб чиқарилган.

Ҳозирда унинг ўзи Буюк Британияда деб ишонилади.

Собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг бутун оила-аъзолари қатори Максим Бакиев ҳам халқаро қидирувга берилган.

У қиймати миллионлаб долларга тенг бўлган давлат мулкларини ноқонуний йўллар билан хусусийлаштиришда айбланади.

Қурманбек Бакиев 2010 йил апрелида ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан оиласи билан Беларусда бошпана топган.

Қирғиз маҳкамаси собиқ давлат раҳбарини сиёсий қотилликларда айбдор деб топиб, 49 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Аммо қирғиз ҳукумати худди ўғлининг мисолида бўлгани каби, Бакиевнинг ҳам Қирғизистонга топширилиши ва маҳкамага тортилишига эриша олгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг