Қирғизистон Оролни қутқариш лойиҳасидан чиқади

Қирғизистон Оролни қутқариш халқаро фонди ва унинг идоралари фаолиятида ўзининг иштирокини тўхтатади, деб айтган мамлакат расмийлари.

Қирғизистон Бош вазир ўринбосари Динара Камолованинг фикрича, фонд ишида Марказий Осиёдаги баъзи республикаларнинг сувдан фойдаланиш томонлари ва эҳтиёжлари бўйича гидроэнергетик нуқталар ҳисобга олинмаган.

"Қирғизистон Оролни қутқариш халқаро фонди фаолиятида қатнашиш истиқболларини кўрмаяпти", деб айтган Камолова хоним 18 майда Брюсселда ўтган Овроиттифоқ-Марказий Осиё музокаралари мажлисида.

Унинг айтишича, Қирғизистон томонидан бир неча бор таклиф қилинган ислоҳотлар амалга оширилмаган. Шу боисдан, Қирғизистон Оролни қутқариш фондидаги фаолиятини музлатиш қарорига келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қирғиз томонига кўра, ислоҳотлар ўтказилмаса, ўзининг иштирокини қайта бошлашнинг келажагини кўрмаяпти.

Камалова хоним шунингдек, энергетик лойиҳалар, хусусан СASA -1000 минтақавий лойиҳасини ривожлантириш масалаларига тўхталган.

CASA-1000 электр энергиясини Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга экспорт қилишни мақсад қилган лойиҳадир.

Янги электр қувватини узатиш тармоғи Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистонни бир-бирига боғлайди.

Собиқ иттифоқ тарқагач, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида сув, чегара, газ муаммолари бўйича келишмовчиликлар келиб чиққан. Улар баҳсли ҳудудлар ва бошқа сабаблар баҳонасида тез-тез қўзғалиб туради.

Баъзи кузатувчилар Қирғизистоннинг Оролни қутқариш фонди таркибидан чиқишини Марказий Осиё республикалардаги ушбу муаммоларнинг сақланиб қолаётгани, ўзаро муносабатларнинг совуқлиги билан, шунингдек, Қирғизистон бундан кейин сув ресурсларини янги CASA-1000лойиҳасига қаратмоқчи экани билан изоҳлашган.

Оролни қутқариш

Оролни қутқариш фонди 1992 йил январида Ўзбекистоннинг Нукус шаҳрида ташкил қилинган.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Оролни қутқариш фонди ташкилотчилари ва аъзолари ҳисобланишади.

Фонд фаолияти Орол фожеаси таъсир қилган ҳудудларда экологик соғломлаштириш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш, экологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва молиялаштириш ишларига қаратилиши кўзда тутилган.

2008 йил декабридан бошлаб фондга БМТ Бош ассамблеясида кузатувчи мақоми берилган. Халқаро фонд аъзоларининг лойиҳани амалга ошириш учун 2003-2010 йилларда қўшган ҳиссалари 2 млрд долларни ташкил қилган.

Ўтган йили Оролни асраш бўйича 2011-2015 йилларга мўлжалланган учинчи лойиҳа халқаро фонднинг БМТга тегишли ташкилотлар, Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Оврўпо Иттифоқи ва қатор донор-мамлакатлар билан ҳамкорлигида ҳаётга тадбиқ этилиши айтилганди.

Дастур учун тахминан 8,5 млрд доллардан ортиқ маблағ керак бўлади.

Бироқ таҳлилчиларда бундай лойиҳаларга ишончсизлик билан қараш мавжуд. Боиси, йиллар давомида Оролни қутқариш бўйича қатор анжуманлар Урганчда, Ашхободда, Қозоғистонда ўтказилган, ҳужжатлар имзоланган, маблағлар ажратилиши айтилган. Лекин бу билан Орол тўлиб қолгани йўқ. Аксинча минтақадаги экологик фожеа йилдан-йилга кучайиб бораётганлиги мисол келтиришади кузатувчилар.

Бундан олдин Қозоғистон ҳукумати ва Жаҳон Банки кичик кўлга айланиб қолган Оролнинг шимолий қисмида аксар Ўзбекистонда қолаётган ва деярли қуриб битган Буюк Оролдан ажратиш учун тўғон тиклашганди.

Шундан сўнг Орол денгизи шимолидаги Кичик Орол келаси чорак аср давомида ўзининг эски соҳилларига қайтиши мумкин деган башоратлар билдирилди.

Денгизнинг қайтиши мумкинлиги Орол бўйида яшовчи инсонларда умид уйғотган.

Бироқ 2014 Сентябр ойида АҚШнинг НАСА агентлиги Оролнинг фазодан тасвирга олинган энг сўнгги фотосуратини эълон қилди.

НАСАнинг Earth Observatory сайтидаги фотосуратларда Жанубий Орол денгизининг шарқий қисми тўлиқ қуриб қолгани акс этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг