‘Гей ва лесбиянкаларни тилга олманг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қирғизистон пойтахти Бишкекда худди ана шундай талаб билан норозилик намойиши уюштирилган.

Хабарларга кўра, сўнгги намойишга Қирғизистон давлат телевизион канали томонидан эфирга узатилган ва ҳамжинсбозлар мавзусига бағишланган барнома сабаб бўлган.

Намойишга “Кыргыз Чоролору» ва «Калыс» ҳаракатининг ўнлаб аъзолари чиқишган.

Намойишчилар «Ой Ордо» дастурини олиб борган Айгул Қурманованинг ишдан четлатилишини талаб қилишган.

Уларга кўра, дастурнинг «Тоқатлилик ёки диний қадриятлар?» номли сони «бузуқлик ва ҳамжинсбозлик каби ахлоққа зид қадриятларни тарғиб қилган».

Миллий филармония биноси қаршисида бошланган намойиш иштирокчилари Қирғизистон телерадиокомпанияси биносига қадар юриб боришган.

Телекомпания Бош директори Илим Қарыпбековдан, «бунга ўхшаш дастурнинг эфирга узатилишига изн бергани учун халқдан узр сўраши»ни талаб қилишган.

Намойишчилар қўлларида «Ахлоқсизларга Қирғизистонда ўрин йўқ», «Ҳамжинсбозликни ортиқ тарғиб қилманг» ва «Биз ахлоққа зид қадриятларга қаршимиз», деган шиорларни ҳам кўтариб олишган.

Уларнинг орасида «Ой Ордо» дастурида бевосита қатнашган айрим иштирокчилар ҳам бўлишган.

Жумладан, «Жаны-Муун» ҳаракати фаоли Мавлон Асқарбеков, «ҳозир ҳамжинсбозларга хос ҳуқуқлар беришни кўзловчи бир анъана кузатилаётгани»ни даъво қилган.

Худди шу ҳаракатнинг бошқа бир аъзоси эса, Қирғизистон жорий пайтда бу каби воқеъликка тайёр эмаслигини баён қилган.

«КТРК давлатники. Худди шу боис ҳам, бу каби мавзуни кўтаришга ҳақсиз. Мамлакатда бундан бошқа муаммолар тиқилиб ётибди. Мавжуд вазиятни назарда тутиб, биз бу ерга масаланинг тагига етиш учун келдик», - деб айтган Мақсат Қазақбаев.

Қарши томон

Қирғизистон телерадиокомпанияси Бош директори Илим Қарыпбековнинг маҳаллий интернет нашрларига берган суҳбатида айтишича, намойишчилар билан шахсан учрашиб, суҳбатлашган.

«КТРКнинг дастурларига у ёки бу одамнинг муносабат билдириши, ўз норозилиги, мавқеи ва талабларини изҳор этиши табиий бир ҳол экани»ни айтган.

«Канал – меники эмас, давлатники. Шу боис ҳам, кимнинг эфирга чиқиши-чиқмаслигини белгилаш менинг қўлимдаги иш эмас. Бунга конституция ва қонунчилигимиз изн бермайди. Худди шу омилни назарда тутган ҳолда, биз у ёки бу гуруҳ инсонларнинг шахсий ҳис-туйғуларини инобатга олган ҳолда жамиятда бўй кўрсатаётган барча долзарб муаммоларни бирдек намойиш этишга ҳаракат қиламиз», - деб айтган у.

Илим Қарыпбеков, ўз ўрнида, «Ҳамжинсбозлар тўғрисида»ги қонун расман қабул қилинса, унга, албатта, амал қилажакларини қўшимча қилишни ҳам унутмаган.

«Ой Ордо» дастури иштирокчиларидан бири ва ҳамжинсбозлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи айрим фаоллар эса, КТРКнинг узр сўрашига ҳеч бир ҳожат йўқлиги, гей ва лесбиянкалар ҳам мамлакатнинг тўлақонли фуқаролари ва солиқ тўловчилари эканини айтишган.

«Ҳамжинсбозликни тарғиб этиш» дейиш билан нима дейишмоқчи эканига ҳануз ақлим етмайди. Бу – Қирғизистонда ҳамжинсбозлар нега зўравонликлар ва таъқибларга дучор этилишларининг омилларидан ҳам бири, назаримда. Агар, биз тенгҳуқуқли ва кучли давлатни барпо этмоқчи бўлсак, барчани бир кўзда кўришимиз шарт», деб айтган фаол Сумсарбек Мамыралиев.

Ҳамжинсбозларнинг ҳуқуқларига бағишланган ва норозилик намойишига сабаб бўлган дастурнинг ўзи эса, 12 май куни эфирга узатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Дастурда ҳамжинсбозлар тўқнаш келаётган муаммолар муҳокама қилинган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ҳам сўз борган.

Айрим иштирокчилар эса, жамиятнинг тинчлигини таъминлаш ва ахлоқий қадриятларни сақлаб қолиш учун давлат фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклашга бориши мумкинлигини ҳам баён қилишган.

Аксарият аҳолиси мусулмон ва жамияти анънадор бўлган Қирғизистонда ҳамжинсбозлик ҳолларига тоқат қилинмайди.

Орада уларга оид мавзуларнинг кўтарилишига йўл қўймасликка оид даъватлар ҳам янграган.

Ўтган йили Бишкекдаги сексуал озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи гуруҳнинг идоралари номаълум шахсларнинг ҳужумларига ҳам учраган.

Бунга ўхшаш зўравонликлар мамлакатда бундан аввал ҳам бир неча бор кузатилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ