Тожикистонликлар Раҳмоннинг умрбод президентлиги учун овоз берадилар

22 майда Тожикистонда бўлиб ўтадиган референдум Имомали Раҳмонни умрининг охиригача президент қилиб сайлаши кутилмоқда.

Мухолифатнинг тақиқланган Ислом Уйғониш партияси референдумни бойкот қилишга чақирган.

Раҳмоннинг айни пайтдаги ва ҳисобда тўртинчи муддати 2020 йилда ниҳоясига етади.

Хўш, сайловлар нима учун ўтказилмоқда?

Асосий конституцион ўзгартиришлар Президент Раҳмонга қанча хоҳласа, шунча муддатга ҳокимиятда қолишига рухсат бериш; президентликка номзодини илгари суришни 35 ёшдан 30 ёшгача пасайтириш; ҳамда диний асосдаги сиёсий партияларни тақиқлашдир.

Энг охирги нишон Ислом Уйғониш партияси бўлиб, 2015 йил сентябрда ноқонуний деб эълон қилинди. Расмийлар партияни террористик ва экстремистик ташкилот деб атаганлар.

Сайлов варақасида атиги битта "Сиз мамлакат конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни маъқуллайсизми?"- деган савол бор.

Президентнинг кенгайтирилган ваколатлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj
Image caption Имомали Раҳмон ўғли Рустамни узоқ вақтдан бери ўз ўрнига тайёрлаб келаётгани айтилади.

Раҳмон 1992 йил қудратга келган. Яқинлашаётган референдум унинг президентлик муддатини биринчи марта узайтирилиши эмас. У 1999 ва 2003 йилларда ҳам конституцияга ўзгартиришлар киритган, охирги ўзгартириш Президент Раҳмонга 2020 йилгача ҳокимиятда қолишга имкон яратган.

Ўтган йил парламент унга "миллат пешвоси" мақомини берган, бу шахсга сиғинишни кучайтириши тўғрисида хавотирларни ҳам уйғотган. "Миллат пешвоси" Раҳмонга ички ва ташқи сиёсатда қарор чиқаришда, ҳатто у ҳокимиятдан кетганидан сўнг ҳам катта ваколатлар беради.

Ворисликка тайёрлаш

Раҳмоннинг катта ўғли, Коррупцияга қарши қўмита раҳбари Рустам Имомали 29 ёшда. Таҳлилчиларга кўра, у президентликка ворис сифатида кўрилмоқда ва Раҳмон 2020 йилдан кейин қудратдан кетишга қарор қилса, ўзининг ўрнига ўғлини қўйиши мумкин. Президентликка номзод ёши пасайтирилгани шунинг учун бўлиши тахмин қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи mfa.tj
Image caption Озода Раҳмон ҳам президентликка ворислардан бири сифатида тилга олинади.

Яна бир эҳтимолий ворис Раҳмоннинг катта қизи Озода Раҳмон бўлиб, январ ойида Президент маъмурияти раҳбари этиб тайинланган.

Овоз бермаслик ва бойкот

Мухолифатнинг Тожикистон Социал Демократик партияси референдумда овоз бермаслигини айтган. "Таклиф қилинган ўзгартиришлар демократияга хизмат қилмайди", деб айтган партия раҳбари Раҳматулло Зойиров.

Ислом Уйғониш партиясининг қувғиндаги раҳбари Муҳиддин Кабирий тожикистонликларни овоз бермасликка чақирган ва референдумни "ахмоқона иш ва халқни алдаш" деб айтган.

YouTubeдаги видеомурожаатда у фуқароларни "шармандали ҳаракат"нинг иштирокчиси бўлмасликка даъват қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи internet
Image caption Мухолифат раҳбарларидан Муҳиддин Кабирий халқни "шармандали ҳаракат"да қатнашмасликка чақирган.

Бунинг аксича, давлат оммавий ахборот воситалари эса референдум "давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш"га қаратилганини таъкидлайдилар ва у "барқарор ривожланиш кафолати" ва "демократия намойиши" деб атаганлар. Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзоданинг сўзларига кўра, референдум "тарихий зарурият" ҳисобланади.

Tojnews ахборот агентлиги томонидан ўтказилган оммавий сўров натижалари бўйича, 65 фоиз қатнашчи овоз беришда иштирок этмаслигини билдирган.

Раҳмон йўлидан бориш

Овоз бериш натижалари Президент Раҳмон хоҳлаганидек бўлишига шубҳа йўқ. У ҳеч қачон қайта сайланишда муаммоларга дуч келмаган. Хорижий кузатувчилар Тожикистондаги сайловлар демократик меъёрларга тўғри келмаганини қайд этганлар.

Кабирийга кўра, референдумдан сўнг ҳамма нарса "ёмондан абгорликка қараб боради"... Халқ бир гуруҳга ёки ҳатто бир шахсга қарам бўлиб қолади, бўйсундирилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ