Қодиржон Ботировнинг уйи Бакиевга берилди

2010 йилгача Қодиржон Ботиров оиласи билан яшаган уй маҳкама қарори билан Санжар Бакиевга ўтказиб берилди.

Собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг Тейит қишлоғидаги уйига ўт қўйилиши юзасидан унинг яқинлари Қодиржон Ботировдан уй учун товон пули тўлашини талаб қилиб, судга мурожаат қилган.

Бироқ Ботировнинг яқинлари бу уй унинг номида эмаслигини ва ҳужжатлар қалбакилаштирилиб Санжар Бакиевга ноқонуний ўтказиб берилаётганидан норози.

Қодиржон Ботировнинг пишиқ ғиштдан солинган уйи Сузоқ туманининг Дмитревка қишлоғидаги Пахта кўчасида жойлашган.

18 майда туман маҳкамаси ижрочилари тарафидан ҳовлидаги темир эшик бузилиб, мазкур хизматнинг ходимлари уйнинг ичига киришган. Гувоҳларнинг иштирокида Қодиржон Ботировнинг буюмлари унинг яқинларига ўтказиб берилган.

“Уйнинг ичида гиламлар, телевизор ва бошқа буюмлар бор экан. Барчаси қўшни яшайдиган қариндошига ўтказиб берилди. 2010 йилгача бу ерда Қодиржон Ботиров ўзи яшаган. У кетганидан кейин акасининг қизи яшаган. Ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари ва гувоҳларнинг иштирокида барчасини протокол асосида ўтказиб бердик” – дейди қишлоқ раҳбари Абдувахап Бабаназаров.

2010 йилнинг май ойида Сузоқ туманининг Тейит қишлоғида яшаган собиқ президент Қурмонбек Бакиев ва унинг яқинлари уйига Қодиржон Ботиров одамлари тарафидан ўт қўйилгани айтилади.

Қодиржон Ботиров эса, Бакиев уйларига улар ўт қўймаганини, аксинча Тейит қишлоғидан бир неча километр узоқликда собиқ президент уйи ёнаётганини кўрганини айтган. Унинг атрофида эса ҳозирда Жўғўрқу Кенгаш депутати Омурбек Текебаев раҳбарлигидаги “Ота Макон” партияси тарафдорлари, ҳеч кимни ёнаётган уй тарафга ўтказмай ўраб турганини ўзининг интервьюларида маълум қилган.

Бу воқеадан кейин Бакиевнинг қариндошлари келтирилган зиённи қоплаш учун Ботировни судга берганлар.

2011 йилнинг апрель ойида Жалолобод шаҳар маҳкамаси Қодиржон Ботировни Бакиевларга келтирилган зиён учун 7,4 миллион сўм тўлаш тўғрисида қарор чиқарган. Ундан кейин вилоят суди ҳам мазкур ҳукмни ўз кучида қолдирган, дейди Сузоқ туман суд ижрочилари бўлими раҳбари Динислам Қўжўақматов.

“Суднинг ижро қоғози бизга келиб, Қодиржон Ботировга алоқадор мулклар текширувга олинган. Натижада Сузоқ туман давлат рўйхатга олиш бўлими берган маълумот билан Ботировга тегишли, Сузоқ туманининг Дмитриевка қишлоғидаги Пахта кўчасида жойлашган 134 уйи рўйхатдан ўтгани аниқланган. Ундан кейин бу уйни суд ҳукми асосида мусодара қилиб, ҳукмни ижро этиш ва даъвони қаноатлантириш мақсадида иш олиб борилган. Мустақил мутахасислар тарафидан уй 7 миллион 451 минг сўмга баҳоланиб, сотувга қўйилган. Бироқ иккинчи маротаба сотувга арзонлантирилган ҳолда қўйилгандан кейин ҳам харидор чиқмаганидан кейин, вилоят судининг 2016 йил апрел ойидаги қарори асосида уй Санжар Бакиевга ўтказиб берилди” – дейди Кўжўақматов.

Қодиржон Ботировнинг уйи ўтказиб берилган Санжар Бакиев 2010 йилнинг 7 апрелида қудратдан ағдарилган президент Қурманбек Бакиевнинг укаси Жусупбек Бакиевнинг ўғли. У ўша йилнинг май ойида Жалолободда тартибсизликлар уюштирган, давлат расмийларига қурол қўллаган деган айбловлар билан 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган эди. Кўп ўтмасдан Олий суд ушбу ҳукмни ўзгартириб, кичкина Бакиевга беш йиллик қамоқ жазосини тайинлаган.

Санжар Бакиев 2014 йилнинг ноябр ойида жазо муддати якунлангани сабаб қамоқдан озод этилган. Қодиржон Ботиров уйининг янги эгаси уйни қандай мақсадда фойдаланиши аниқлаганича йўқ. Ҳозирда ҳужжатлар тайёрламоқда.

“2010 йилнинг май ойида мен яшаётган бу уйни, амаким ва катта отамизнинг уйини Ботиров раҳбарлигидаги сепаратистлар ёқиб юборишган. У пайтда халқаро ва парламент депутатларидан ташкил топган комиссия ҳам келиб, қарор қилишган. Менинг яқинларим ўша пайтда Ботировнинг устидан судга арз қилиб, келтирилган зиённи тўлаб беришини талаб қилган. Шаҳар суди ишни бизнинг фойдамизга ҳал қилиб берган, натижада уйни олишимизни таклиф қилди. Мен рози бўлдим. Ҳозир ҳужжатлар тайёрланмоқда. Бизнинг зиён шу билангина қоплангани йўқ. Яқин кунларда Ботировга тегишли ерларни ҳам олиш учун судга мурожаат қиламан” – дейди Санжар Бакиев.

Ҳозирда Қодиржон Ботировнинг уйида вақтинчалик яшаётган акасининг қизи Гулчеҳра Алимова ҳуқуқ тартибот идоралари Бакиевларга уйни ноқонуний ўтказиб бераётганини айтади. Сабаби, бу уй Қодиржон Ботировнинг эмас, унинг тўнғич фарзанди Ботиржоннинг номида. Катта оталари ушбу уйни 1998 йили Қодиржон Ботировнинг ўғлига мерос қолдирган. Бироқ шунга қарамай қалбаки ҳужжатлар билан суд ижрочилари уйни Бакиевларга ўтказиб бермоқда.

“Бизда қонун умуман ишламайди. Бакиевлар бизга босим қила бошлашди. Бу уй Сузоқ туман давлат қайд этиш бошқармаси тарафидан 1998 йили Қодиржон Ботировнинг 1992 йилда туғилган ўғлига мерос қатори ўтказиб берилган. Бизнинг қўлимизда барча ҳужжатлар ва қизил китоб турибди. Буларни қайд этиш бошқармаси қалбакилаштириб, уйни Санжар Бакиевга суд орқали ўтказиб бермоқда. Мен бу холат юзасидан Сузоқ туман судига арз қиламан, бироқ масала барибир Бакиевлар фойдасига ҳал этилаяпти. Қонун бўйича меросга қолдирилган мулкни тортиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ деб ҳисоблайман. Кеча бизнинг норозилигимизга қарамай ҳуқуқ тартибот идора ходимлари келиб, уйни Санжарга ўтказиб беришди. Энди бўлса унинг яқинлари ерни ҳам тортиб олишмоқчи. Биз қонун эмас, куч ва босим устуворлик қилган замонда яшаяпмизми? Нима қилишимизни ҳам билмай қолдик” – дейди Гулчеҳра Алимова.

2010 йилнинг июнь ойида Ўш ва Жалолободда юз берган қонли воқеа бўйича айбланиб, сиртдан умр бўйи қамоқ жазосига ҳукм этилган, хозирда Овропа давлатларининг бирида яшаётган Қодиржон Ботировнинг мулклари 2011 йили суд қарори асосида давлат хисобига ўтқазилган. Қодиржон Ботиров ва унинг турмуш ўртоғи Каромат Ботироваларга тегишли жами 28 та мулк қамоққа олинган. Уларнинг қаторига ҳозирда Бакиевларга ўтказиб берилган уй ҳам бор.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ