Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қодиржон Ботиров: 'Қирғиз маҳкамасининг қарори сиёсий'

Қирзиғистон парламентининг собиқ депутати Қодиржон Ботиров Жалолобод шаҳар маҳкамасининг Сузоқ туманидаги аввал ўзига тегишли бўлган уйни собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг жияни номига ўтказиб бериш ҳақидаги қарорини "ноқонуний" деб атади.

2010 йил майида ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президентнинг яқинлари Қодиржон Ботировни Сузоқ туман Тейит қишлоғидаги Бакиевларга тегишли уйга ўт қўйганликда айблайдилар.

Таниқли ишбилармон ва Қирғизистондаги ўзбек жамоаси раҳбарларидан бўлган Қодиржон Ботиров бу айбларни рад этади.

Бакиевнинг яқинлари Ботировдан ўзларига "етказилган моддий зарарни ундириб бериш"ни сўраб, аввалроқ маҳкамага мурожаат қилишган.

Image caption 2010 йил июнидаги зўравонликлар чоғида юз минглаб ўшлик ва жалолободликлар Ўзбекистон томонига қочиб ўтишган

Жалолобод шаҳар маҳкамаси ўтган ой Бакиевлар оиласининг даъвосини қондирган ва Қодиржон Ботировдан 7 миллион 400 минг қирғиз соми миқдорида товон ундириб бериш ҳақида ажрим чиқарган.

Ўтган ҳафта қирғиз нашрлари собиқ президентнинг аввалроқ қамоқдан озод этилган жияни Санжар Бакиев Сузоқ туманидаги Ботировларга қарашли уйнинг эгасига айлангани ҳақида хабар тарқатган.

Қирғизистон матбуотидаги хабарларга кўра, 2010 йил апрелигача Қодиржон Ботиров оиласи билан яшаб келгани айтилган ушбу хонадон бундан аввал икки марта сотувга қўйилган, аммо унга харидор топилмаган.

Мол-мулк тақдири

Қодиржон Ботировга тегишли мол-мулкнинг тақдири 20 май куни қирғиз парламентида ҳам кўтарилган.

Давлат мулкини бошқариш жамғармаси раиси Алмазбек Қадирқуловнинг айтишича, Ботировнинг мулкларини мусодара қилиш учун Жалолобод вилояти бўйича махсус "Элдик" давлат корхонаси тузилган.

Image caption Қодиржон Ботировга тегишли уй икки марта сотувга қўйилган, аммо харидор топилмаган

Қирғиз мулозимининг айтишича, Қодиржон Ботировга тегишли барча мулклар ҳозирда давлат балансига ўтказилган.

Депутат Азизбек Турсунбаевнинг "сиз бу мулкни нима қилмоқчисиз?" деган саволига мулозим "ишлаётганлари ишлаяпти, сотиладиганини сотиш керак" деб жавоб қайтарган.

Қадирқуловнинг билдиришича, Қодиржон Ботировга тегишли айрим иншоотлар Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси, соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят адлия бошқармаларига берилган.

Қирғиз ҳукумати Қодиржон Ботировни 2010 йил июнида Жалолободда юз берган қонли тўқнашувларнинг ташкилотчиларидан бири сифатида айблайди.

Ўзбек миллий-маданий маркази президенти бўлган Қодиржон Ботиров иккинчи қирғиз инқилоби чоғида Жалолободнинг муваққат ҳукумат томонига ўтишига ҳисса қўшган.

Бунга жавобан Бакиев тарафдорлари 2010 йилнинг 19 май куни Жалобододдаги Ботиров асос солган Халқлар Дўстлиги универститетига ҳужум уюштиргани айтилади.

Қодиржон Ботиров ўзига қарши илгари сурилган миллий низо қўзғаш ҳақидаги айбларни қатъиян рад этади.

У 2011 йилда Швециядан бошпана олган.

Би-би-си билан суҳбатда Қодиржон Ботиров ўз мол-мулки юзасидан қирғиз маҳкамалари ва Қирғизистон ҳукумати чиқарган қарорлар ортида "сиёсий сабаблар тургани"ни таъкидлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.