Тожикистон: Конституцияга ўзгартишлар 'маъқулланди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Мухолифатга кўра, референдумдан мақсад Имомали Раҳмоннинг шахсий ҳокимиятини мустаҳкамлаш бўлган

Тожикистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, мамлакатнинг аксар аҳолиси президент Раҳмонга умрбод сайланиш ҳуқуқини берувчи конституцияга ўзгартишларни маъқуллаб овоз берган.

Расмийларга кўра, якшанба кунги умумхалқ референдумида 3 миллион 814 иши ёки 94,5 фоиз одам "ҳа" деб жавоб берган.

МСК раиси Бахтиёр Худоёрзоданинг маълум қилишича, умумхалқ овоз беришида жаъми 92 фоиз ёки 4 миллион 38 минг одам қатнашган.

Амалдаги конституцияга ўзгартишлар жорий президент Имомали Раҳмонга чексиз муддатга сайланиш ҳуқуқини беради, шунингдек, президентликка номзодлар ёшини 35дан 30 га туширади.

Бу эса президент Раҳмоннинг катта ўғли-Рустам Имомалига 2020 йилдаги сайловларда ўз номзодини илгари суриш имконини беради.

Албатта, агар отаси президентликдан кетишга қарор қилса.

Image caption Тожикистонликлар конституцияга киритилаётган 40 та ўзгартишга "ҳа" ёки "йўқ" деб жавоб беришлари керак эди

Умумхалқ референдумида тожикистонликлар конституцияга киритилаётган 40 та ўзгартишга "ҳа" ёки "йўқ" деб жавоб беришлари керак эди.

Улардан иккитаси муҳим ўзгартиш, қолганлари эса техник характердаги жузъий ўзгартишлардир.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги конституция диний ва миллий белгилар бўйича сиёсий партиялар тузишни тақиқлайди.

Сайловларни 7 мингдан ортиқ маҳаллий ва 120 нафар МДҲ, ШҲТ кузатувчилари ҳамда Тожикистондаги дипломатик корпус вакиллари кузатишган.

Тожик оммавий ахборот воситалари референдумолди тарғиботларида кун тартибига қўйилган масалаларнинг моҳияти эмас, балки референдумда қатнашишнинг муҳимлигига эътибор қаратишган.

Тожик мухолифати конституцияга навбатдаги ўзгартишлардан мақсад Имомали Раҳмоннинг шахсий ҳокимиятини мустаҳкамлаш эканини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.