Об-ҳавони олдиндан башорат қилиш қанчалар мушкул иш?

Image caption Об-ҳаво башоратини олдиндан айтиш учун атмосфера жараёнларининг маҳаллий характерини инобатга олиш ўта муҳим.

Шу кунларда Покистон ва Ҳиндистон май ойидаги энг иссиқ ҳаво ҳароратига дуч келган.

Ҳиндистондаги Целсий шкаласи бўйича 56,7 даража иссиқ 1956 йилдан буён энг иссиғи бўлган, мамлакат жанубида 80 дан ортиқ инсон жазирама туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Ўзбекистонда ҳам аллақачон ёз жазирамаси бошланган ва шу кунларда ҳаво ҳарорати 31, 33 даражага чиқиб бормоқда.

Қирғизистонлик об-ҳаво мутахассисининг Би-би-сига айтишича, бутун минтақа мамлакатлари об-ҳаво прогнозини ҳамон Тошкентдаги гидрометереология марказидан оладилар, бошқа республикаларда об-ҳавони олдиндан башорат қилиш учун етарли техник ускуналарга эга эмаслар.

"Бизда методика-услубият йўқ, атмосферани зондлаштириш йўқ бутун Марказий Осиёда республикаларида. Узоқ муддатли, қисқа муддатли об-ҳаво маълумотларни айтишга имконимиз йўқ шунинг учун. Маълумотларни Тошкентдан оламиз ва солиштириб хабар берамиз", деб айтади қирғизистонлик об-ҳавони олдиндан айтиш идораси ходими.

Аммо Тошкент синоптикларининг прогнозлари ҳам ҳар доим ҳам тўғри чиқмайди.

Хўш, об-ҳавони олдиндан башорат қилиш қанчалар мураккаб?

Би-би-си ушбу савол билан бир пайтлар бутун Шўро мамлакатларини мутахассис билан таъминлаган Санкт-Петербург Гидрометеорология университетининг Об-ҳаво бюроси раҳбари Юрий Куткевичга мурожаат қилди.

Юрий Куткевич: Ўрта муддат деб аталадиган бир ҳафта, 10 кунга мўлжалланган об-ҳавони башорат қилишда синоптиклар гидродинамик прогнозларга таянадилар. Мутахассисларда атмосфера жараёнларининг ўзгаришига доир гидродинамик моделлари бор. Бундай моделларнинг турлари кўп. Бу моделлар орасида энг таниқлилари, энг муваффақиятлилари бор. Бу модел ичида об-ҳавонинг ҳаво босими, ҳарорат, намлик даражаси ва бошқа муҳим унсурлари ўрин олган. Об-ҳавони олдиндан айтувчи синоптик ана шу унсурларга оид сўнгги маълумотларни йиғади ва таҳлил қилади. Сўнг келаётган кунларда об-ҳаво қандай бўлишини башорат қилади. Буни ўрта муддатга мўлжалланган прогноз деб атаймиз. Аммо бундай усулда об-ҳавони энг узоғи билан икки ҳафтагача башорат қилиш мумкин, ундан ортиғини эмас. Шунинг учун 1 ой ёки ундан ҳам кўпроқ вақтдан кейинги об-ҳавони олдиндан башорат қилиш учун бошқа усуллардан фойдаланишга тўғри келади. Бундай усулларнинг энг эскиси - статистика аналоги деб номланади. Бунда синоптик олдинги йиллардаги, мисол учун, майнинг фалон кунидаги муайян минтақадаги об-ҳаво кўрсаткичларига назар ташлайди. Ва бундан олдинги йилларда кузатилган худди ҳозиргидек кўрсаткичларни, айни жараёнларнинг ривожланиш суратини қидириб топади. Имкони борича бу манзара бир эмас, бир неча йиллик манзарага тўғри келса, аниқлик билан прогноз бериш осон бўлади. Ҳозирга пайтда об-ҳавони қайд этиш манзаралари 100 йилни ташкил этади. Архивдан ўхшаш об-ҳавони топиб мутахассис келаётган кунларга доир прогнозини айтади. Ҳозир 1 ойдан кўпроқ вақтга мўлжалланган гидродинамик прогнозларни ҳам эълон қилишаяпти. Лекин ҳали бу прогнозларни унача аниқ деб айтиб бўлмайди.

Би-би-си: Бугун хоҳлаган одам қўлидаги мобил телефонига об-ҳаво маълумотини олдиндан айтадиган сайтни ўрнатиб олиши мумкин ва кимдир айтиши мумкин: телефоним Америка сунъий йўлдошидан олаётган маълумотга асосланиб дунёнинг хоҳлаган бурчагидаги об-ҳавони менга айтиши мумкин. Шундай бир ҳолатда менга, мисол учун, Тошкент синоптикларининг прогнози нимага керак, деб айтишлари мумкин...

Юрий Куткевич: Америка моделлари бўйича прогнозлар яхши. Лекин ҳар бир минтақанинг ўзининг синоптиги, айниқса, у узоқ йиллар шу ерда ишлаган ва тажрибали бўлса, ўша ҳудуднинг шарт-шароитини бошқаларга нисбатан яхшироқ билади. Бир, икки ёки уч кунга мўлжалланган об-ҳаво башоратини олдиндан айтиш учун атмосфера жараёнларининг маҳаллий характерини инобатга олиш ўта муҳим. Ана шу пайтда Тошкент ёки бошқа жойда ишлаётган синоптикнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди.

Би-би-си: Ўзбекистонда об-ҳаво мавзуси аския ва латифаларга ҳам сабаб бўлган ва охирги йилларда одамлар кўчадаги термометр 60 даражани кўрсатган пайтда об-ҳавони кузатиш маркази ҳароратни 40 дан юқори деб айтди, дейишди. Об-ҳаво башоратининг тўғри келмаслиги дунёнинг бошқа жойларида ҳам кузатилади. Прогнозларни қанчалар аниқ, тўғри олдиндан айтиш мумкин?

Юрий Куткевич: Бу ерда нимага эътибор қаратиш керак? Бу оддий одамларнинг дераза ойнасига ўрнатилган ҳароратни ўлчагич билан об-ҳаво мутахассисларининг илмий асосланган термометрлари қаерда ўрнатилганига боғлиқ. Ҳамма яхши биладики, маиший термометрларни ҳар хил ширкат ишлаб чиқариши мумкин ва аниқлик даражаси ҳар хил бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бу термометр қаерда осилган? Кўчадами? Уйнинг қандай жойида? Қуёш нури тўғридан-тўғри тушаяптими ёки йўқ? Об-ҳаво маълумотини бераётган гидромет марказининг термометри махсус жиҳозланган жойда, қуёш нури тўғридан-тўғри тушмайдиган жойда, шамол йўналишидан тўсилмаган бўлиши талаб қилинади. Бу ҳаво ҳароратини тўғри ўлчаш йўли ҳисобланади. Шунинг учун расмий об-ҳаво маълумотларига таяниш тўғрироқ бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ