Хитой Ўзбекистонда сармоя бўйича Россияга етиб олди

Image caption Хитой асосан Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига сармоя киритган

Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари миқдори бўйича Россияга етиб олган.

Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И маълум қилган.

Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви чоғида журналистларга гапирган жаноб Ванга кўра, Пекин ҳозирга қадар ўзбек иқтисодига 6 миллиард доллар сармоя киритган.

"Хитой бизнинг Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз учун энг йирик сармоядорлардан бирига айланмоқда",- деган Хитой Ташқи ишлар вазири.

У Хитой сармояларини Россия билан тўғридан-тўғри солиштирмаган.

Пекин аввалроқ Марказий Осиё газини Хитойга етказиб берувчи қувур лойиҳаси билан минтақадаги иқтисодий фаоллигини кучайтирганди.

Хитой шунингдек, минтақанинг бошқа давлатлари-Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистоннинг ҳам йирик савдо шериги ва сармоядори ҳисобланади.

Минтақа давлатлари орасида фақат Қозоғистон ғарб ширкатларининг ҳам салмоқли сармояларини жалб эта олган.

Хитой ва Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига сармоялари масаласи ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирларининг сешанба куни Президент Ислом Каримов билан музокаралари кун тартибида бўлган.

Жаноб Каримовнинг Ван И билан учрашув чоғида маълум қилишича, мамлакат иқтисодиётига Хитой киритган сармоялар миқдори 6,5 миллиард доллардан ошади.

"2015 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,1 миллиард долларни ташкил этди", -деган президент Каримов.

Жаноб Каримовнинг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашуви чоғида томонлар иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришниннг 2015-2019 йилларга мўлжалланган режаси доирасида янги сармоя лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор эканликларини тасдиқлашган.

23-24 июн кунлари Тошкент ШҲТ га аъзо давлатлар раҳбарларининг олиймақом учрашувига мезбонлик қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали
  • боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondon
  • • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.