Қозоқ маданият вазири қирғизларни ранжитди

Image caption Аристанбек Муҳамедиули Чингиз Айтматов ўз асарларида "ўз халқининг келажагини аввалдан башорат қилгани"ни айтган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиули баёноти юзасидан норозилик нотасини юборган.

Нота элчи Ербол Ахметовга топширилган.

“Аристанбек Муҳамедулининг Қирғиз Республикасига нисбатан ҳурматсизлик қилиб, уни обрўсизлантириши ва ноўрин сўзлари икки давлатнинг ривожланиш алоқаларига тўғри келмайди” – дейилади баёнотда.

Шунингдек, Қирғизистон ТИВ сўнги пайтларда қозоқ оммавий ахборот воситаларида, Қирғизистон тўғрисида нотўғри маълумотлар ёритилаётганига ҳам эътибор қаратган.

Қозоғистоннинг маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиули 23 майда Астанада аҳоли билан учрашуви чоғида, қирғиз халқ ёзувчиси Чингиз Айтматов ўз асарларида "ўз халқининг келажагини аввалдан башорат қилгани"ни айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи europress
Image caption Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов

“Чингиз Айтматов асарларини ўқисангиз, ўзгача таъсуротга эга бўласиз. “Оқ Кема” асарида ранг-баранг манзара, қахрамона ҳаракатларни кўз олдингизга келтирасиз. Чингиз Айтматов нафақат ёзувчи, балки ўз халқининг даҳоси ҳамдир. У ўз миллати ва давлатини қай тарафга кетаётганини олдиндан кўра билиб, Қирғизистоннинг бугунги кунини 1940-1950 йиллардаёқ бошарат қила олган. Ўз халқини нотўғри ҳаракат қилмасликдан огоҳлантирмоқчи бўлган инсон” – дея гапирган Аристанбек Муҳамедиули.

У қозоғистонликларни Қирғизистон тарихида салбий йўналишларни кузатиш мумкинлиги ҳақида ҳам фикр билдирган.

“Ҳақиқатан ҳам, яширадиган ҳеч нарса йўқ, лекин ачинарлиси, Москвага борсангиз, жамоат хожатхоналарини қўшни давлатнинг ёш қизлари тозалаётганини кўрасиз. Албатта бу одамнинг ҳиссиётини жунбушга келтиради. Наҳот, бу ёш қизлар шунга – ҳожатхона тозалашга лойиқ бўлса? Албатта, ўз давлатида иш ўринлари, ривожланиш йўқ бўлганидан кейин, кўплаб қирғизлар кетишга мажбур бўладилар”,- дея таассуф билдирган Маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳамедиули.

'Маданиятсиз вазир'

Қозоқ вазирининг қирғиз халқига нисбатан ҳақоратомуз бу гапи ҳам Қирғизистон ва ҳам Қозоғистонда қатор фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлди.

“Маданиятсиз вазирлар ҳам бўларкан” қабилида ўз вазири гапларидан уялган қозоқ жамияти вакиллари ижтимоий тармоқларда қирғизистонликлардан кечирим ҳам сўраганлар.

“Қардош халқ, қўшни қирғиз элидан вазирнинг сўзи учун кечирим сўрайман. Наилож, шундай маданиятсиз вазирлар ҳам бўларкан” – деб ўзининг фейбукдаги вароқчасига ёзган “Болотхан Тайжан” жамғармаси раҳбари Мухтар Тайжан.

Исаи Булат исмли Фэйсбук фойдаланувчиси: “Бизни қирғизлар билан солиштиришни бас қилинглар. Қирғизлар ҳеч бўлмаса, ўз нонларини пешона терлари билан топмоқдалар. Агар нефт баррели 6 доллар бўлиб қолса, Худо сақласин, бизникилар ҳам рублнинг ортидан четга ишлагани кетади. Қўшнини камситмаслик керак. Икки қардош элни солиштиришни ҳам бас қилиш керак”, дейди.

Бу орада Қирғизистон Миграция Хизмати Қозоғистон фуқароларининг Қирғизистон ҳудудида қайддан ўтмасдан юриш муддати 5 кунга қисқартирилиши мумкинлигини ҳам маълум қилди.

Айни пайтда қўшни давлат фуқаролари Қирғизистонда бир ой давомида қайддан ўтмасдан юришлари мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek• Instagram - BBC UZBEK• Twitter - BBC UZBEK• Odnoklassniki - BBC UZBEK• Facebook - BBC UZBEK• Google+BBC UZBEK• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)• Skype - uzbekbbclondon• bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.