Тожиклар ўлими юзасидан айбловлар янгради

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Москвада юз берган қонли оммавий муштлашувга алоқадорликда расман айбланган жаъми 14 киши орасида Хованское қабристони раҳбари ҳам бор.

Расмий хабарларга кўра, “муштлашувдаги ролларига қараб, улар олдиндан тил бириктириб, икки ва ундан ортиқ инсоннинг ўлимини ташкиллаштиришдан тортиб, оммавий безориликни уюштириш қадар айбларда айланишмоқда”.

Россия Тергов Қўмитаси бундан аввал Юрий Чабуевни Хованское қабристонидаги зўравонликларнинг асосий ташкилотчиси сифатида кўраётганликларини маълум қилганди.

Қолган айбланувчиларнинг исм-шарифлари эса, ҳозирча, ошкор қилинмаётир.

Ҳимоячилари ҳам ўз мижозларига қарши илгари сурилган расмий айбловларга ҳалича бирор бир муносабат билдиришмаган.

Қўмита вакилларига кўра, ҳозир ҳам ушбу жиноят ортидаги асосий омил пул бўлган, деган фикрдан воз кечишмаган.

Қабристонда нималар бўлганди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Москванинг Хованское қабристонидаги оммавий муштлашув шу йилнинг 14 май куни келиб чиққанди.

Қонли тўқнашув уч Тожикистон фуқаросининг ўлими билан якун топган.

Ўттиздан ортиқ киши тан жароҳати олган, улардан аксариятининг ҳам тожикистонликлар экани айтилганди.

Айрим хабарларда тўқнашув иштирокчилари сони 200 тача экани тахмин этилганди.

Оммавий муштлашув чоғида ўқотар қуроллар, тўқмоқ ва арматура таёқларидан ҳам фойдаланилгани маълум бўлганди.

Ҳодиса жойига етиб борган полиция 90 кишини ҳибсга олганди.

Аммо, алал-оқибат, тўқнашувларни ташкиллаштириш бўйича айблов 14 кишига нисбатан илгари сурилган ва улар шу пайтгача ҳибс остида қолишмоқда.

Масъуллар наздида..

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Россия Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, оммавий муштлашувга киришган томонлардан бири қабристонда ёлланиб ишлаётган ноқонуний муҳожирлар бўлишган.

Айрим хабарларда қабристондаги хизмат кўрсатиш ҳудудларини тақсимлаб олиш масаласида келишолмаган мигрантлар ўртасида зиддият келиб чиққани айтилган.

Россия матбуотининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларга таяниб хабар қилишларича, “рақиб” томон уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бўлишган.

Улар, гўёки, қабристонда ишлайдиган муҳожир ишчилардан ўз улушларини талаб қилишган, аммо бунга муваффақ бўлишмагач, ўзаро муштлашувга киришишган.

Россия интернет нашрлари ва матбуоти эса, бу тўқнашувни "Қофқоз мафияси билан мигрантларнинг" муштлашуви, деб таърифлашганди.

Ўзининг Твиттердаги саҳифасида Россия Тергов Қўмитаси вакили Владимир Маркин, "гап миллатда эмас, криминал бизнеснинг жўн бўлиб олинишида", деб ёзганди.

Хованское қабристонида ишлаб, пул топиб келганларнинг аксари Марказий осиёликлар бўлганлар.

Оммавий муштлашувда қурбон бўлган уч тожикистонликнинг жасади воқеадан тўрт кун ўтиб ортга, Тожикистонга қайтарилган.

Россия маҳкамаси тўқнашувлар ортидан қўлган олинганлар орасида бўлган беш нафар тожикнинг ҳибс муддатини узайтиришга ҳам қарор қилган.

Тожикистондаги айрим етакчи интернет нашрларининг хабар қилишларича, бу бешовлон “безорилик”да айбланишмоқда.

Россиянинг Тожикистондаги элчихонасининг билдиришича, ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун аллақачон ҳимоячилар ҳам ёллашган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ