Бу йил "Москва-Ҳалол" кўргазмаси иштирокчилари сони ортган

Москвада ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси очилган.

Еттинчи марта ташкил қилинган "Москва-Ҳалал Экспо"да Россиянинг 25 минтақаси ва дунёнинг 20 мамлакатидан ҳалол муҳри босилган маҳсулот ва хизмат турларини таклиф этадиган ширкатлар иштирок этаётгани хабар қилинмоқда.Би-би-си кўргазма ташкилотчиларидан бири, Россия муфтийсининг Исломий иқтисод ва молия бўйича бошқармаси раҳбари Мадина Калимулина билан боғланиб, қайси мамлакатлардан қандай ширкатлар ўз маҳсулотларини намойиш этишаяпти, деб сўради.

Мадина Калимулина: Бу йил кўргазма миқёси олдинги йиллардагига нисбатан икки баравар кенгайди. Кўргазмада Россиянинг 25 ҳудуди ва дунёнинг 20 мамлакати иштирок этаяпти. Улар орасида бундан олдинги йиллардаги Москва ҳалол кўргазмасининг доимий иштирокчилари бор. Малайзия, Индонезия, Афғонистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон "Москва-Ҳалол" кўргазмасининг доимий иштирокчиларидир. Шунингдек, бу йил кўргазмамизга илк бор қатнашаётган Японияни айтиб ўтишимиз мумкин, Япония ҳалол косметика маҳсулотларини келтирган. Кўргазмада Юнонистон, Жазоир маҳсулотларига қизиқиш катта бўлаяпти. Биз бу ерда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз билан Дубайдаги дунёга машҳур ширкатлар билан савдо шартномалари сони кўпайишига умид қилаяпмиз.

Би-би-си: Сиз ҳалол маҳсулотлар кўргазмасини мунтазам ташкил қилиб келаётган инсон сифатида яхша хабардор бўлсангиз керак: Россия ва собиқ Шўро республикаларида ҳалол маҳсулотларга бўлган эҳтиёж қанчалар ортаяпти?

Мадина Калимулина: Талаб муттасил равишда, тез суръатлар билан ўсиб бораяпти. Ҳозир Россияда ҳалол маҳсулотлар нафақат мусулмонлар орасида, балки бошқа динларга эътиқод қиладиган одамлар орасида ҳам машҳур бўлиб боряпти. Чунки ҳалол маҳсулотларга инсонлар сифат кафолати, экология талабларига жавоб берадиган ҳамда организм учун фойдали маҳсулот деб қарамоқдалар. Агар Россияда сотиб олинаётган ҳалол маҳсулотлар статистик рақамларига қарайдиган бўлсангиз, мусулмонлар бундай маҳсулотларнинг 50 фоизини сотиб олишяпти. Сотилган 50 фоиз маҳсулотнинг харидорлари эса бошқа дин вакилларидир.

Би-би-си: Бугун Москва кўргазмасида қандай маҳсулот турларини кўриш мумкин?

Мадина Калимулина: Кўргазма стендларининг аксарини озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил этган. Таъкидлаб ўтиш керак, бу йил кўргазмамизга ҳалол маҳсулотлар бозорига яқинда кириб келган қатор йирик ширкатлар илк бор иштирок этмоқдалар. Мисол учун Россия бозорида мол гўштининг йирик таъминотчиси бўлган "Мираторг" ўтган йили ўз тизимини ҳалол сертификатига мослаштириб тегишли ҳужжатларни қўлга киритди ва бу йил кўргазмамиз қатнашчиси бўлмоқда. Ўзларининг гўшт-сут маҳсулотларини кўз-кўз қилаётган ва кўп сондаги томошабинларни ўзига жалб этаётган ширкатлар 70 тачани ташкил этади. Шунингдек, шарқона ширинликлар тайёрлайдиган, хурмо ва бошқа меваларни етказиб бериш билан шуғулланадиган ширкатлар шу ерда. Қатор дизайнерлик уйлари ўзларининг томоша хоналарини безатганлар. Россия ва МДҲ мамлакатларидан 20 тача дизайнерлик уйлари муслима аёлларга ҳамда жиддий кийинишни хоҳлайдиган бошқа дин вакилаларига мўлжалланган ўзларининг кийим-кечаклари намуналарини намойиш этаяптилар. Юқорида айтиб ўтганимдек, Япониядан косметика маҳсулотларини кўриш мумкин. Шунингдек, Ҳиндистон, Сурия ва Россия упа-эликлари, пардоз буюмлари намойишга қўйилган. Бу ерда биз бевосита мҳасулотлар савдосини ҳам ташкил қилганмиз. Инсонлар келиб ҳалол маҳсулотларнинг янги турлари билан танишишлари мумкин. Бу ерда шариат талабларига жавоб берадиган молиявий хизматларга бағишланган лоийҳалар ҳам тақдим этилаяпти. Махсус коференция залларида ҳалол молия масалалари билан танишиш, мутахассислардан маълумот олиш мумкин. Ҳалол ўрта ва кичик бизнесни юритиш бўйича форум бўлиб ўтаяпти. Кўргазманинг охирги кунида ёшлар учун "Ёшлар форуми"ни режалаганмиз.

Би-би-си: "Москва-Ҳалол кўргазмаси"да Ўзбекистондан қандай маҳсулотлар тақдим қилинаяпти?

Мадина Калимулина: Ўзбекистондан бир неча брендлар тақдим этилаяпти. Бу ерда "Икат" табиий ипак маҳсулотларини кўри мумкин. Қўлда тикилган кийимлар, сумкалар, чарм пойафзал, аксессуарлар, дизайн маҳсулотлар Ўзбекистондан намойиш этилаяпти.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ