Уйғурлар паспорт учун ДНК топшириши шарт

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳар йили Рамазон олдидан Хитой уйғурлар устидан назоратни кучайтиради

Хитойнинг асосан мусулмонлар яшайдиган Шинжон минтақасининг чегара ҳудудида яшовчи аҳолиси бундан буён паспорт олиш учун ДНК (Генлар ва нуклеин кислоталар тузилиши-таҳр) намуналарини тақдим этишлари керак бўлади.

Бу ҳақда Франс Пресс агентлиги Хитойнинг давлат матбуотига иқтибосан хабар бермоқда.

Минтақада чоп этиладиган расмий "Yili Daily" рўзномасидаги хабарда айтилишича, Хитойнинг олис шимоли-ғарбидаги Йили Қозоқ Мухтор префектураси яшовчилари 1 июндан бошлаб маълум саёҳат ҳужжатлари олиш учун маҳаллий полиция ёки жамоат хавфсизлиги бюросига ДНК намунаси, бармоқ излари, овоз таҳлили ва учта "уч ўлчамли сурат"ларни тақдим этишлари шарт.

Йили префектураси Мўғулистон, Россия ва Қозоғистон билан чегарадош бўлиб, 10 миллион уйғурлар яшайдиган Шинжоннинг бир қисмидир.

Уйғурлар Шарқий Туркистон деб атайдиган Шинжон минтақасининг ерли аҳолиси ўзларига қарши камситишлардан шикоят қилиб келадилар.

Сўнгги пайтларда уйғурларга сафар қилишлари учун паспорт бермаслик, турли сиёсий ва маданий чекловлар кучайган.

Янги тартиб мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи арафасида жорий этилган.

Ҳар йили Рамазон олдидан Хитой уйғурлар устидан назоратни кучайтиради.

Жумаладан, бу йил ҳам партия аъзолари, давлат хизматчилари, талаба ва ўқитувчилар рўза тутмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Ўтган йили Рамазонда ҳалол ресторан ва емакхоналарга Рамазон ойида одатдагидек ишлаш ҳақида кўрсатма берилгани хабар қилинган.

Сўнгги йилларда уйғурлар ва Хитой хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлган.

Репрессив сиёсат

Хитойда уйғурлар дохил 20 миллионга яқин мусулмонлар яшайди.

Шинжоннинг қарийб ярим аҳолиси туркий тилда сўзлашувчи маданий ва этник алоқалари Марказий Осиёга боғлиқ уйғурлардир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp getty
Image caption Уйғурлар ва Хитой хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлган

Хитой ҳукумати Шинжонда радикал мусулмонлар томонидан ташкил қилинган уюшган террорчи гуруҳлар борлигини айтиб келади.

Расмий Пекин этник уйғурларга нисбатан тазйиқларини бўлгинчилик, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш билан оқлайди.

Уйғур фаоллари эса минтақада ҳукуматнинг шафқатсиз бошқарувидан норозиликларини билдиришади.

Шинжон бўлгаси пойтахти Урумчи ўтган асрнинг 90 йилларида этник зўравонликларга саҳна бўлган.

2009 йилда ҳам ханлар ва уйғурлар ўртасида юз берган тўқнашувларда расмий маълумотларга кўра, 200 одам ҳалок бўлган ва 1700 киши яраланган.

2009 йилда Урумчида йирик этник қатлам ҳисобланган мусулмон уйғурлари ва хитой ханлари ўртасида келиб чиққан тартибсизликлардан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

2011 йил июлидаги тўқнашувларда 32 киши ҳалок бўлган.

Амнести интернешэнл ташкилотига кўра, Хитой ҳукумати бу ҳодисага алоқадорликда 1000дан ортиқ киши, асосан мусулмон уйғурларни ҳибсга олган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • Instagram – BBC UZBEK
  • Twitter – BBC UZBEK
  • Odnoklassniki – BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio