Каримов ва Назарбоевдан кейин нима бўлади?

Image caption Каримов ва Назарбоев собиқ совет ҳудудидаги икки энг кекса сиёсатчилардир

Қозоғистондаги сўнгги воқеалар Марказий Осиёнинг яккаҳоким тузумлари қанчалик барқарор экани ҳақидаги саволни яна кун тартибига чиқарган.

Хусусан, минтақанинг икки йирик давлати бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистонда кутилаётган ҳокимият ўзгариши масаласи нафақат бу давлатларнинг ўзи, балки бутун минтақада беқарорликка олиб келувчи омиллардан бири сифатида кўрилади.

Президент Каримовнинг сиёсий портретини яратиш, унинг ички ва ташқи сиёсатини таҳлил қилиш уринишларимизда бу сафар собиқ совет ҳудудидаги икки оқсоқол сиёсатчи асос солган тузумларга биргаликда назар ташлашга қарор қилдик.

Суҳбатдошимиз қозоғистонлик таниқли сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

Дўсим Сатпаев: Очиғини айтганда, Каримовнинг сиёсатида ҳеч қандай ўзига хосликни кўрмаяпман. У уникал бир сиёсий тизим барпо этгани йўқ, унинг режими барча авторитар режимлар каби қаттиққўллиги билан ажралиб туради. Демак, тузум асосчилари ҳам бир-бирларига ўхшайдилар. Бундай мисолларни кўриш учун Габриэл Гарсиа Маркеснинг "Авлиё отанинг кузи" асарини ўқиш керак. Ёки бу каби раҳбарлар билан қизиққан одамларга олтмишинчи-етмишинчи ва саксонинчи йилларда Осиё ва Африка мамлакатларида ишлаган полшалик журналист Ришард Капушинскийнинг "Император" китобларини ўқишни тавсия қиламан. У 28 та инқилобга гувоҳ бўлган, унинг кўзи олдида давлат тўнтаришлари содир бўлган ва катта ўзгаришлар рўй берган. У чиқарган хулосага кўра, барча давлат раҳбарлари бир-бирларига ўхшайдилар. Агар сиёсатга келган шахс ўзига қулай тизимни яратишни бошласа, у бошқараётган мамлакатда ҳамма нарсани битта унинг ўзи хал қилади, деб ҳисобласа, борган сари у барча яккаҳоким раҳбарлар хусусиятларини қабул қилиб олади. Бундай раҳбар ҳокимиятни қўлидан бой беришдан қўрқади. У ташқи дунё ва ўз атрофдагиларга шубҳа билан қараб, маълум даражада паранойяга ҳам чалиниши ҳеч гап эмас. Бундай раҳбар ўз ҳалқидан қўрқишни бошлайди. Унинг муаммоси шундан иборатки, бир томондан у халқ ўзини яхши кўришини хоҳлайди, бошқа томондан эса, ўз одамларининг муҳаббатини турли босимлар орқали мажбуран қўлга киритишга уринади.

Би-би-си: Эҳтимол, Ислом Каримов ҳам паранойяга чалинган давлат раҳбарларидан бири бўлиши мумкин. Бироқ, Ўзбекистон ичидаги аксарият уни - яхшими, ёмонми, барқарорлик кафолати сифатида кўради. Аксар ўзбекистонликларнинг барқарор ҳаёт кечиришни исташлари, қатор инқилобларни бошдан кечирган қўшни Қирғизистондек бўлишни хоҳламасликларини инкор қилолмайсиз-ку?

Дўсим Сатпаев: Биласизми, бу иллюзия. Биз бундай қарашлар билан биздан олдин бўлган яккаҳоким тузумларнинг қопқонига тушган одамларга ўхшаб кетаяпмиз. Барқарорлик деганда ўзбекистонликлар нимани назарда тутишади? Яъни барқарорлик уларнинг тушунчасида фақат битта инсон билан боғлиқми? Ахир, ҳеч ким абадий эмас-ку. Демак, агар раҳбар ўзининг ўлимидан сўнг вайрон бўладиган тизимни яратган бўлса, бу ҳолатни ҳақиқий барқарорлик деб аташ нотўғри. Менимча Каримов каби минтақамиздаги раҳбарлар улардан кейин ишлай оладиган сиёсий тизимни яратишдан кўра кўпроқ бутун ҳокимиятни ўз қўлларида жамлашга уринганлар ва уринмоқдалар. Шунинг учун жамиятимизда Каримов ёки Назарбоев ё-да Раҳмон кетиши ортидан барқарорлик бузилади, деган қурқувлар кенг тарқалган. Мен ўйлайманки, айнан мазкур раҳбарлар аллақачон келажак беқарорлик остига мина қўйиб бўлишган. Улар ўз ҳаракатлари билан ўлимларидан сўнг яратган тизимларининг бузилиб кетишига кўмаклашмоқдалар. Тизимнинг бузилишида бир пайтлар улар ўзлари яқинлаштирган ва бойитган элита вакиллари фаол рол ўйнашлари мумкин. Демак, бу раҳбарлар узоқ муддатли эмас, балки кўпроқ қисқа муддатли барқарорликнинг кафолатлари бўлишлари мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистонда ҳокимият алмашинувининг механизми ишлаб чиқилмагани атрофида ҳукм сураётган мавҳумлик минтақада қанчалик хавотир уйғотади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳар икки раҳбар мамлакатни қаттиққўллик билан бошқариб келади

Дўсим Сатпаев: Шахсан бизнинг Қозоғистонда ҳокимият алмашинуви масаласига келсак, минтақанинг икки мамлакати ташвишлантиради. Бу ўз юртимиз билан қўшни Ўзбекистондир. Биз ҳеч қандай ҳокимият алмашинуви рўй бермаган бутун Марказий Осиё минтақасининг ягона икки мамлакатимиз. Туркманистон, Тожикистонларда ҳокимият алмашинуви модели амалга ошган, Қирғизистонда эса ҳокимият бир неча марта ўзгарди. Бироқ Қозоғистон билан Ўзбекистонда ҳеч қандай ўзгариш рўй бергани йўқ. Эртами, кечми биз барибир бу кунга етиб келамиз. Шунинг учун кўп одамларни бу тизимлар ўзгариш учун тайёрми, деган савол қийнамоқда. Бу ерда ворислар ҳақида гап кетмаяпти. Агар биз Ислом Каримов ёки Нурсултон Назарбоевнинг ўрнига кела оладиган муайян шахслар ҳақида сўз юрита бошласак, бу жуда хавфли нарса. Чунки уларнинг ўрнига ҳеч ким келолмайди ва бунга битта-ю битта сабаб бор: Мазкур тизимларни мазкур раҳбарлар ўзларига, фикр юритиш тарзлари ва бошқариш усулларига мос қилиб яратишган. Элита вакиллари эса ҳокимиятга эга бўлиш қобилиятлари назарда тутилса, уларнинг ҳаммаси бир хилдир. Ва айнан бу ерда мавҳумлик хавф-хатари пайдо бўлади. Чунки дейлик, ўйинчиларда ҳокимиятга бир хил ҳақ-ҳуқуқлари бўлса, охир-оқибат ҳокимият кимнинг қўлида бўлишини ҳеч ким башорат қилолмайди. Шунинг учун бу ерда иккинчи хавф-хатар келиб чиқади. Бу эса элита вакилларидан кимки ҳокимиятга келадиган бўлса, бу шахс, ўз мавқеъини бошқаларни йўқ қилиш орқали кучайтиришга ҳаракат қилиши мумкин. Жорий тизим келажак можаролар учун замин яратган. Элита вакиллари на ҳокимиятни йўқотиш ва на мол-мулкларини бой беришга тайёр. Элита орасидаги можаро бутун жамиятга ўтиши мумкин. Яъни Марказий Осиёнинг муҳим давлати, хоҳ Қозоғистон бўлсин, хоҳ Ўзбекистонда можаро бошланиб кетса, бу бутун минтақага таъсир қилиши ҳеч гапмас. Демак, мавҳумлик хавфи анчайин жиддий.

Би-би-си: Лекин мазкур раҳбарлардан кейин кимдир ҳокимиятни бошқариши керак-ку? Сиз қайси кучларни назарда тутаяпсиз?

Дўсим Сатпаев: Мен аниқ бир жисмоний шахслар ҳокимиятнинг меросхўрлари бўлишлари керак, деб ўйламайман. Бугунги ҳокимият меросхўрлари жамиятдаги институтлар бўлиши керак. Бундай сиёсий институтлар айнан келажак барқарорликка кафолат бера олади. Мен эволюция жараёни тарфдориман. Энг муҳим вазифа – ҳокимият ўзгариш жараёнида –ҳаддан ошириб юбормасликдир. Акс ҳолда тартибсизлик ва беқарорлик бошланади. Агар қон тўкилса, унда муросага келиш қийин бўлади. Ислоҳотчилар анъанадорлар билан тил топишиб, жамиятда барқарорликни сақлаш учун, ўз шахсий манфаатларини четга суриб қўйишлари керак бўлади. Жаҳонда бунинг мисоллари кўп.

Би-би-си: Минтақада икки йирик мамлакат раҳбарлари яъни Каримов билан Назарбоев ўртасидаги рақобат қандай талқин қилинади?

Дўсим Сатпаев: Ташқи дунё билан муносабатларида иккала раҳбар бир хил услубга эга эмас. Минтақамизда ҳокимият ўта шахсийлаштирилгани учун давлат раҳбарлари олиб бораётган ташқи сиёсатга ҳам уларнинг хусусиятлари таъсир қилади. Мисол учун, Назарбоев, табиатан очиқ ва фаолроқ сиёсат тарафдори бўлса, Ислом Каримов табиатан ёпиқ одам бўлгани учун бу унинг ташқи сиёсатига ҳам таъсир қилади. Каримов олиб бораётган сиёсат бошқа давлатларга нисбатан очиқ деб айтиб бўлмайди. Лекин агар Каримов ва Назарбоев ўртасида Марказий Осиёда лидер бўлиш учун рақобатчилик бўлса, унинг лидерлигини Қирғизистон ёки Тожикистон қабул қилади, деб ўйламайман. Лидерлик ёлғизликда бўлмайди, лидерликни бошқа иштирокчилар қабул қилишлари керак.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.