Қирғизистон: жума намози вақтини узайтириш бўйича баҳслар

Қирғизистонда жума намози учун танаффус вақтини бир соатдан икки соатга чўзиш ҳақида қонун лойиҳаси атрофида бошланган баҳсу мунозаралар парламентда ва парламент ташқарисида тўхтамаяпти.

Бундан олдин Қирғизистон собиқ муфтийси Чубақ ажи Жалилов жума намози вақтини икки соат қилиш кераклигини айтган.

Жума намози вақтини чўзишни депутатлар муҳокамасига қўйиш таклифи берилганди.

Бироқ буни қонун лойиҳаси сифатида муҳокама қилиш таклифи аксарият депутатлар томонидан қувватланмаган.

"Қирғизистон дунёвий давлат бўлгани билан, аҳолининг аксарияти ўзини мусулмон ҳисоблайди. Шу боисдан, биз одамларнинг намоз ўқишлари учун қулай вақт яратиб беришимиз керак", деган собиқ муфтий Чубақ Ажи.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ҳам икки гуруҳга бўлиниб баҳслашганлар.

Бироқ аксарият қирғизистонликлар депутатларнинг фикрини ёқлаганлар.

Чубақ ажи депутатларни, хусусан Жанар Акаевни ислом динининг душмани деб атаган ва у билан бир стол атрофида ўтирмаслигини билдирган.

Депутатлар ўз ўрнида муфтийни ўз фикрларини ифода этишда диний мавзулардан эҳтиёт бўлишга, зиддият туғдиришдан сақланишга чақирганлар. Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эса собиқ муфтийни огоҳлантирган.

СДПК фракцияси депутати Жанар Акаев Чубақ ажига қарата Фейсбукда шундай ёзади: "Муқаддас Рамазон ойида одамларни тинчликка ва бирдамликка чақириш ўрнига ихтилоф солиш билан шуғулланса, ўз сўзлари учун жавоб бериши керак. Мен ҳеч ҳам жума намозига қарши эмасман, балки намозхонлар кўпайса қуванаман. Лекин муаммони намоз вақтини чўзмасдан ҳам ечиш мумкин".

Сиёсат фанлари номзоди Темур Козиқуловнинг айтишича, бу ерда сиёсат билан динни аралаштирмаслик лозим эди. Бир ҳафта олдин жума намози вақтини бир соатга чўзилиши ҳақида шубҳа йўқ эди. Бу баҳслар ортидан вазиятни чалкаштиришди. Ўша давлат хизматчиларининг кўпчилиги шундоқ ҳам жума намозига келишади, ҳеч қандай тақиқ йўқ. Баҳс қўмитадаги муҳокамалардан кейин кучайди. Бу мавзуни сиёсийлаштириш керак эмас, деган у.

Би-би-си Қирғиз хизмати мухбири Руфат Эргашевга кўра, жума намози вақти тўғрисидаги баҳсларни бу даражада ошириб юбориш керак эмас эди. Намозхонлар жума намозига борганларида раҳбарлар эътироз билдиришмайди. Чубақ ажининг фикрлари ва депутатларнинг баҳслари чегарадан ошиб, ҳал бўлиши мумкин бўлган ишни тўхтатиб қўйди, деб айтади Руфат Эргашев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Баҳслар

"Онугуу-Прогресс" фракциясининг депутати Тазабек Икромов феврал ойида давлат ташкилоти ва идораларда ходимлар жума намозларини адо этишлари учун икки соат танаффусни жорий этиш таклифи билан чиққанди.

Шу тўғрисидаги Меҳнат кодексига ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси фракция мажлисига тақдим этилганди.

Унинг сўзларига кўра, кўп хизматчилар жума куни намозни ўқиш учун ишни тўхтатишларига тўғри келади. Тушлик вақти 13.00 дан 14.00 гача тўғри келади. Намоз эса 13.30 да бошланади.

Депутат жума кунлари икки соатлик танаффус киритишни таклиф этган. Айни вақтда жума кунги иш вақтини 19 гача чўзишни таклиф қилган.

"Жума куни одамлар барибир намозга чиқадилар, иш қолиб кетади. Биз бунинг учун иш кунини чўзишни таклиф этамиз ва одамлар жума намозларига қонуний асосда чиқишларини таъминлаш имконини берган бўламиз", деган депутат.

Икромовнинг фракциядаги ҳамкасби Гулшат Асилбаева эса ҳамма учун икки соатлик танаффус қилиш кераклигини айтади. Ўшанда кимдир намозга чиқса, бошқа одам ҳам ўз иши билан шуғулланади", дейди у.

Қонун лойиҳаси тарафдорлари таъкидлайдиларки, кўп ҳукумат идораларида ходимларнинг жума намозларига чиқишлари кечикишларни олиб келиб, гап эшитишган. Тушлик вақтини икки соат қилинса муаммо ҳал бўлади, дейишади улар.

Лекин бу таклиф жамоатчиликда ҳам турлича қабул қилинган.

Собиқ муфтий тарафдорлари таклифни ёқлаганлар, аксарият эса депутатларни қувватлаган.

Айни вақтда қонун тарафдорлари мазкур тартиб тез ёрдам каби фавқулодда хизмат идоралари, шунингдек мактаб ва университетларга нисбатан жорий этилмаслигини айтганлар.

Ўтган йили депутат Турсутбой Бакир ўғли томонидан дам олиш кунини якшанба кундан жумага ўтказиш таклиф қилинган, бироқ депутатлар маъқулламагандилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.