Ўш фожеаси қурбонлари хотирланди

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 2010 йил июн ойида рўй берган этник низоларга олти йил тўлиши муносабати билан ҳодисада қурбон бўлганлар ёдга олинди.

Маҳаллий ҳукумат вакиллари ва шаҳар аҳолиси июн воқеаларида ҳалок бўлганларга атаб бунёд этилган "оналар кўз ёши" ёдгорлиги олдида йиғилиб, марҳумлар ҳаққига Қуръон ўқиганлар.

Президент Алмазбек Атамбаев мамлакат фуқароларига мурожаат қилган.

"Қирғизистон халқи мамлакат жанубида 2010 йил июн ойида рўй берган фожеали кунларни эсламоқда. Биз ўшанда 422 юртдошимизни йўқотдик. Орадан олти йил ўтди, шу кунгача ҳалок бўлган ва бедарак йўқолганлар учун қайғурамиз. Минглаб одамлар ўша кунлари жароҳат олиб, ногирон бўлиб қолдилар.

Бу охирги ярим асрда жанубда содир бўлган учинчи йирик этник тўқнашув бўлганини халқ яхши билади. 60 йиллар инсонлар ўлими ҳукуматдагиларга ҳам, жамоатчиликка ҳам сабоқ бўлмади. Орадан 30 йил ўтиб, бу 1990 йилги қонли Ўш ҳодисаларига олиб келди. Лекин афсуски уларни ҳам унутишга ҳаракат қилинди. Бирор бир ўзгариш қилишга уринилмади. Аксинча, муаммоларни яна ҳам чуқурлаштириб, хусусан, мактаб ва олий ўқув юртларини тил бўйича ажратишди. Вақт ўтиши билан бу жамиятда яна ҳам ажралишига олиб келди. Ахборот ҳудуди ягона эмас, тиллар бўйича ажратиб олиб борилди".

Шунинг учун орадан 20 йил ўтиб, 2010 йил июнида миллатлараро келишмовчиликлар ўчоғи яна аланга олди. Сабаби, баъзилар тутаётган оловни қайтадан ўт олдириш қийин эмаслигини эсдан чиқардилар. Айниқса, ҳокимият ва пул учун ҳамма нарсага тайёр бўлгинчилар ва миллатчилар бор ерда. Улар қаҳрамон бўлишни хоҳлашди, аслида эса халқининг душманлари иродасини бажариб, одамларни ўлимга етакладилар. Бундан инқилоб душманлари фойдаланди, деб айтган жаноб Атамбоев.

2010 йил воқеалари жабрдийларининг уйлари тиклаб берилди, ҳалок бўлганлар оилаларига 1 млн сомдан моддий ёрдам берилди. Халқаро ва гуманитар ёрдамлар орқали 14 млрд сом сарфланди. Республика бюджетидан 6 млрд сом кетди, деб таъкидлайди у.

Ўш воқеалари каби фожеалар бошқа такрорланмаслиги керак. Бизнинг мақсадимиз халқимизнинг бирдамлигидир, деган Атамбаев.

Қирғизистон жанубида 2010 йил июн ойида юз берган қонли миллий низоларда расман 400 дан ортиқ инсон қурбон бўлган, икки мингдан ортиғи яраланган, минглаб уй-жой ва бинолар вайрон этилган.

Би-би-си Қирғиз хизмати мухбири Ойбек Абдуллаев Ўш воқеаларида фарзандини йўқотган икки она билан гаплашган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Зўравонликлар чоғида мол-мулкларидан айрилиб, уйлари ёқиб юборилган одамларнинг аксарияти ўзбеклар бўлганлар.

Халқаро ҳисоботларда ҳам зўравонликлардан жабр кўрганлар кўпроқ маҳаллий ўзбеклар экани алоҳида урғуланади.

Июн воқеалари юзасидан ўз текширувлари натижасини эълон қилган халқаро мустақил тергов ҳайъати эса, низолар чоғида хотин-қизларнинг жинсий зўрланганликлари, одамларнинг тириклайин ёқиб юборилганликлари ҳоллари ҳақида сўз юритганди.

Ўш воқеларига алоқадорликда айбланиб юзлаб инсонлар ҳибсга олинган.

"Ўша пайтдаги зўравонлик ва ўт қўйишларда аксар ўзбеклар жабрланишди, қурбонларнинг учдан икки қисми ҳам ўзбеклар эди" - рақамларни келтиради Бишкекдаги "Килим Шами" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова - "Лекин асосан, ўзбекларни жазолашмоқда. Узоқ йилларга ё бир умрга қамалганларнинг аксариси - ўзбеклар".

"Биз ўтказган тадқиқотларга таянадиган бўлсак, ўзбекларни ўлдирган ё ўзбек аёлларини зўрлаган биронта одамни ҳам ҳалигача жазолашмаган" - дейди қирғиз ҳуқуқбони.

Ўшдаги 2010 йилги хунрезлик ортидан ўн минглаб ўзбеклар бошқа мамлакатларга, асосан, Қозоғистон ва Россияга кетиб қолишган.

Ўш воқеаларида жабр кўрган кўплаб ўзбеклар ҳамон моддий ёрдамга муҳтож эканликларини, маҳкама ишларида эса адолат қарор топишини исташларини айтишади.

Ўзбекистоннинг давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари Ўш воқеаларининг олти йиллигини бу гал ҳам эсламаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ