Қирғизистон: ‘Миллатсиз паспорт’

Яъни, Қирғизистон давлат қайд этиш идораси томонидан тақдим этилган янги паспорт нусхасида фуқароларнинг миллати ёзиб, кўрсатилмайди.

Унда ёзма равишда келтирилган маълумотлар фақат инсонларнинг исм-шарифлари, туғилган санаси, паспортнинг амал қилиш муддати ва соҳибининг имзоси билан чекланади, холос.

Қирғизистон фуқароларининг миллати, яшаш жойи, фуқаролик ҳолати ва оила аъзоларига оид маълумотлар эса, паспортга ўрнатилган электрон чипдан ўрин олади, яъни очиқча кўзга ташланмайди.

Мамлакатда аллақачон катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган янги паспорт нусхаси энди идоралараро ҳайъатнинг йиғинида муҳокама этилади.

Агар, ҳайъат аъзолари томонидан шу шаклида маъқул, деб топилса, “миллат”сиз янги паспорт нусхаси юридик кучга эга бўлади.

Бунинг ортидан лозим кўрилган барча расмиятчиликлар битгач, шу йил охирида истеъмолга ҳам кириши мумкин бўлади.

Қирғизистонда ҳозир амалда бўлган паспортлар эса, яроқлилик муддати тугагунча амал қилади.

Қирғизистонда қирғизлардан ташқари, ўзбек, рус, дунган ва уйғурлар ҳам истиқомат қилишади.

Янги паспорт нусхасида айнан фуқаронинг миллати билан боғлиқ “бешинчи қатор”нинг тушиб қолиши шу кунларда қайта турли ижтимоий мулоқот тармоқларининг бош муҳокама мавзусига айланган.

Қирғизистонлик айрим интернет фойдаланувчиларига кўра, бу – иғвогарликдан ўзга нарса эмас.

Бошқасининг наздида эса, “миллати”нинг ёзма шаклидан воз кечилиши – миллий, маданий бирдамликни мустаҳкамлайди, тинч-тотувликка хизмат қилади.

Қирғизистон шундоқ ҳам яқинда қонли миллий низоларга саҳна бўлган.

2010 йил июн ойида мамлакат жанубида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида келиб чиққан тўқнашувлар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган.

Юз минглаб этник ўзбеклар эса, ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Ҳодисаларни текширган халқаро комиссия миллий низодан энг кўп жабр кўрган Ўшнинг айрим ўзбеклар яшовчи маҳаллаларида, “инсониятга қарши жиноятлар содир этилган бўлиши мумкинлигини” айтган.

Қирғиз ҳукумати эса, “расмийлар зўравонликларнинг олдини олиш учун етарлича чора кўришмагани”га оид танқидларни расман рад қилиб чиққанди.

Янги паспорт нусхаси билан боғлиқ хавотирлар ҳам озмунча бўлмаган бир манзарада фаоллар мамлакат жанубида ҳануз миллатлараро тангликнинг сақланиб қолаётганини айтишади.

“Миллати”ни электрон чипга кўчириш ташаббуси билан 2011 йилда президент девонининг миллий, диний сиёсат ва фуқаровий жамият билан ҳамкорлик бўлими чиққан.

Бўлимнинг Иссиқ-Кўлдаги анжумани чоғида янграган бу таклиф ҳали ўша пайтдаёқ аксарият иштирокчиларнинг хавотирларига сабаб бўлган, улар бу каби амал миллатлараро тотувликни парчалашга етаклаши мумкинлигини айтишганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ