ИШИДга қўшилмоқчи бўлганлари учун қамалдилар

Тожикистон маҳкамаси бобо ва набирани Суриядаги "Исломий Давлат" жангари гуруҳи сафига қўшилишга ҳаракат қилишда айбдор деб топиб 12 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Асли Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти Жаббор Расулов тумани яшовчилари устидан маҳкама жараёни пойтахт Душанбенинг Исмоил Сомоний туман маҳкамасида бўлиб ўтган.

Маҳкама ҳукмига кўра, 64 ёшли Эшмурод Қўшмуродов, унинг 19 яшар невараси Акбар Қўшмуродов ҳамда уларнинг таниши Орифжон Арифжонов дунёнинг қатор мамлакатлари, хусусан, Тожикистонда тақиқланган "Исломий Давлат" экстремистик ташкилот сафига қўшилишга урингани учун айбдор деб топилганлар.

Маҳкамада айтилишича, Эшмурод Қўшмуродовнинг ўғли Мамадқул Эшмуродов ИШИД сафига қўшилган ва Суриядаги жангларда иштирок этган.

Мамадқул Эшмуродовнинг ҳалок бўлгани ҳақида отаси 2015 йилнинг августида хабардор бўлган.

Маҳкама ҳукмида айтилишича, ўғлининг вафоти ҳақидаги хабарни олганидан кейин Эшмурод Қўшмуродов набираси ва ҳамқишлоғи Орифжон Арифжоновни ўзи билан бирга Сурияга боришга ва ИШИД сафига қўшилишга кўндирган.

Жиноят иши материалларида ёзилишича, уччовлон Москвага етиб боришган.

Сўнг Москвадан Истанбулга парвоз қилганлар.

Туркия-Сурия чегарасини кесиб ўтаётганда хавфсизлик хизматлари томонидан қўлга олинганлар ва Тожикистонга депортация этилганлар.

Тожикистон расмийларига кўра, турли экстремистик гуруҳлар сафларида жанг қилаётган Тожикистон фуқароларининг сони 1094 ни ташкил қилган.

780 кишига қидирув эълон қилинган, 38 тожикистонлик ИШИД сафларига қўшилиш учун Тожикистондан четга чиқишга уринган пайтда қўлга олингани хабар қилинган.

ИШИД сафларида жанг қилган 166 тожикистонлик устидан жиноят иши очилган, дея маълум қилган Тожикистон Бош прокурори Раҳмон Юсуф.

Жаноб Раҳмон Юсуфга кўра, улардан аксарияти Тожикистонда фаолияти тақиқланган “Салафия” оқими тарафдорлари бўлишган.

Сурия ва Ироқда жанг қилаётган тожикистонликларнинг кўпчилиги Яқин Шарққа меҳнат муҳожири ўлароқ йўл солишган.

Ўтган йил май ойида Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси(ОМОН)нинг қўмондони, полковник Гулмурод Ҳалимов ИШИД сафларига қўшилган ва бутун Марказий Осиё давлатлари назарда тутилганда ҳам, бу ишга қарор қилган энг юқори мартабали давлат ҳарбийси бўлганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.