Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида қамоқхона нозири ўлдирилди

Image caption Мамлакат бўйлаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари қочоқ маҳкумни қидиришга жалб қилингани айтилмоқда

Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳар жазони ўташ колониясидан уч маҳкум қочишга ҳаракат қилган.

Сўнгги хабарларга кўра, улардан бири қочиш жараёнида отиб ўлдирилган.

Расмий хабарларда айтилишича, қамоқхона нозирларидан бири полковник Ёрмамад Алимамадовни қамоқхонадан қочганлар пичоқлашган.

Полковнинг кўп ўтмай касалхонада жон бергани айтилмоқда.

Азия плюс хабар агентлиги Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб ёзишича, уч маҳкум ИШИД сафларига қўшилиш ниятида қамоқхонадан қочиш режасини ишлаб чиққан.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, қочоқ маҳкумлар камида икки нозирни ўлдириб, уларнинг қуролларини ҳам олиб қочишган.

Аммо Азия Плюс агентлигининг ўз манбасига таяниб ёзишича, уч маҳкумдан бири қамоқхонанинг симтиканли деворидан ошиб ўтаётганида отиб ўлдирилган.

Иккинчиси эса ярадор бўлган ва қўлга олинган.

Учинчи маҳбус қочишга муваффақ бўлган ва ҳозирда тезкор қидирув ишлари ўтказилмоқда.

Айнан қўлга олинган ва жароҳатланган маҳкум учовлоннинг ИШИДга қўшилиш режалари ҳақида гапириб бергани айтилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кўра, қочиш жараёнида отиб ўлдирилган Мирзо Қаюмов ўтган йил Ироқдаги жангларда қатнашгани ва жиҳод қилишга одам ёллагани учун 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлган.

Жароҳатланган маҳкумнинг эса қотиллик айби билан қамоқ 20 йиллик қамоқ жазосини ўтаётгани айтилади.

Қочишга муваффақ бўлган маҳкум эса Покистоннинг Вазиристон минтақасидаги жангларда иштироки, одам ёллагани учун 2013 йилда 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб тезкор қидирув амаллари ўтказилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳужумлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қамоқхонадан қочган маҳкум қидирилмоқда (архив сурат)

Тожикистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ходимларига қарши ҳужумлар мамлакат мустақиллик йилларида бир эмас, бир неча бор рўй бергани маълум.

2013 йилда Конибодом шаҳрида номаълум шахсларнинг полиция ходимларига қуролли ҳужуми натижасида бир полициячи ҳалок бўлган ва яна бир нафари яраланган эди.

2010 йилда эса Сўғд вилояти Ички ишлар биноси ёнида худкушлик ҳужуми уюштирилганди. Бунда уч нафар милиция ходими қурбон бўлган эди.

Айни пайтда таҳлилчилар Тожикистон ҳукуматининг ички сўнгги сиёсатидан норозилик ортиб бораётганига эътибор қаратишади.

Аҳоли орасида радикаллашув омиллари ҳукуматнинг ҳар қандай мухолифатни куч билан йўқ қилиш ҳаракати, мисли кўрилмаган порахўрлик ва ишсизлик экани урғуланади.

Тожикистон ҳукумати ўтган йили мамлакатда расман фаолиятда бўлган Ислом Уйғониш партиясини террорчи гуруҳ деб эълон қилар, партиянинг юзлаб аъзоларини қамоққа олар экан, журналистларга кўра, президент Имомали Раҳмон ва унинг атрофидагиларга ишонч яна ҳам озайган.

Расмий маълумотларга кўра, Яқин Шарққа жиҳодчилар орасида жанг қилаётганлар сони мингдан ошиб кетган.

Тожикистон расмийларининг айтишларича, 780 кишига қидирув эълон қилинган, 38 тожикистонлик ИШИД сафларига қўшилиш учун Тожикистондан четга чиқишга уринган пайтда қўлга олингани хабар қилинган.

ИШИД сафларида жанг қилган 166 тожикистонлик устидан жиноят иши очилган, дея маълум қилган Тожикистон Бош прокурори Раҳмон Юсуф.

Жаноб Раҳмон Юсуфга кўра, улардан аксарияти Тожикистонда фаолияти тақиқланган “Салафия” оқими тарафдорлари бўлишган.

Ўтган йил май ойида Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси(ОМОН)нинг қўмондони, полковник Гулмурод Ҳалимов ИШИД сафларига қўшилган ва бутун Марказий Осиё давлатлари назарда тутилганда ҳам, бу ишга қарор қилган энг юқори мартабали давлат ҳарбийси бўлганди.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring.

Бу мавзуда батафсилроқ