Кудрин: 'Рублнинг қулаши-шармандаликдир'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Путин Оврўпо Иттифоқи билан алоқаларни тиклашга тайёрлигини айтган

Россия собиқ молия вазири Алексей Кудрин рублнинг икки баробардан кўпроққа қадрсизланишини ҳукумат ва давлат учун "шармандалик" деб айтган.

"Очиғини айтаман: миллий валютанинг икки баробардан кўпроққа қулаши ҳукумат учун ҳам, мамлакат учун ҳам шармандалик" деган Кудрин Санкт-Петербургдаги халқаро иқтисодий форумда қилган чиқишида.

Унинг фикрича, бу мамлакат бизнес учун барқарор шароит ярата олмаслигини англатади.

Собиқ вазирнинг сўзларига кўра, Россия бу каби миллий валюта қулашининг олдини олишга имкон берадиган шароитни яратиши лозим.

"Ички бозорда нефт даромадларига қарамликни кучайтирмаслик керак", деб айтган Кудрин.

2014 йил декабрида бир йил мобайнида пасайиб келган рублнинг қадрсизланиши тезлашган, доллар 67 рублга кўтарилган эди.

Ўша йилнинг январида долларнинг расмий курси 32,6 рубл бўлган.

2015 йилнинг биринчи ярмида рубл бироз мустаҳкамланган, аммо унинг ортидан валюта қадрсизланишининг янги тўлқини кузатилган ва доллар 83 рублга чиқққан.

Айни пайтда форумда чиқиш қилган Президент Путин жаҳон иқтидиётида тузилмавий муаммоларнинг давом этаётганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Рублнинг тушиши 2014 йил декабрига келиб тезлашган

У бизнес муҳитини либераллаштиришда давом этишлари, бизнес раҳбарлари Россияда ишлашни исташларини таъкидлаган.

Россия раҳбари шунингдек, Оврўпо Иттифоқи Россиянинг энг йирик савдо шериги эканини таъкидлаб, ОИ билан алоқаларни қайта тиклашга тайёрликлари, аммо қарс икки қўлдан чиқиши кераклигини айтган.

Пайшанба куни Россияга қарши санкциялар кучда бўла туриб, Петербургдаги форумга боргани учун танқид қилинган Оврўпо Комиссияси раиси Жан-Клод Юнкер ўз қарорини ҳимоя қилган.

У Президент Путин билан "очиқча гаплашиб олиш учун" борганлигини айтган.

Форумда 60 мамлакатдан 500 компания вакиллари, 40 дан ортиқ мамлакат сиёсатчилари иштирок этаётгани хабар қилинган.

Форумда сўзлаган Франциянинг собиқ президенти Никола Саркози Оврўпони Россияга нисбатан санкцияларни бекор қилишга чақирган.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ 2014 йил мартида Россия Қримни аннексия қилиши ортидан Москвага қарши молиявий санкциялар жорий этганди.

Кейинроқ бу санкцияларга қатор мамлакатлар ҳам қўшилишган.

Бунга жавобан Россия Оврўпо мамлакатларидан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаган.

  • Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to'siq bo'lsa, uzbekweb.netga kiring.