"Гей ҳуқуқларини кўтарган журналистлар ҳайдалсин!"

Қирғизистондаги Жамоат телерадио корпорациясининг кузатув кенгаши КТРК каналидан жинсий озчиликлар вакилларининг ҳуқуқларига бағишланган телекўрсатувни тайёрлаган журналистларни ишдан ҳайдашни тавсия этган.

Охирги ойларда ҳамжинсбозлар мавзуси Қирғизистонда қизғин муҳокамаларга олиб келаётган мавзуга айланмоқда.

Сўз эркинлиги барча учун тенг таъминланиши лозим деган қарашдаги журналистлар Қирғизистондаги ҳамжинсбозлар муаммоларини ҳам оммавий ахборот воситаларида ёритишга ҳаракат қилмоқдалар.

Ҳамжинсбозлик кўринишига қаршилар эса ахборот агентлиги ёки телеканалларни ЛГБТ-(Лесбиян, Гей, Бисексуал ва Трансгендерлар) ҳаракатини тарғиб қилишда айбламоқдалар.

Жинсий озчиликлар ҳуқуқларига бағишланган телекўрсатув КТРК телеканалида 12 май куни эфирга узатилган.

Пойтахт Бишкекда бу кўрсатувга қарши юриш уюштирилган, ташкилотчилар Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида ҳамжинсбозларнинг мавзусини тақиқлашни талаб қилганлар.

Намойишчилар КТРКнинг "Ой Ордо" дастурини олиб борган Айгул Қурманованинг ишдан четлатилишини талаб қилганлар.

Уларга кўра, дастурнинг "Тоқатлилик ёки диний қадриятлар?" деб номланган сони "бузуқлик ва ҳамжинсбозлик каби ахлоққа зид қадриятларни тарғиб қилган".

Миллий филармония биноси қаршисида бошланган намойиш иштирокчилари Қирғизистон телерадиокомпанияси биносига қадар юриб боришган.

Намойишчилар қўлларида "Ахлоқсизларга Қирғизистонда ўрин йўқ", "Ҳамжинсбозликни ортиқ тарғиб қилманг" ва "Биз ахлоққа зид қадриятларга қаршимиз", деган шиорларни кўтариб олишган.

Шу ҳафта бошида кўрсатув ижодкорлари ва Клооп.кг веб-сайти бош муҳаррири Элдияр Арикбаев Қирғизистон Хавфсизлик қўмитасига чақиртирилганлари ҳақида хабарлар тарқалди.

КТРКнинг Кузатув кенгаши эса мажлисга йиғилган ва телерадиокрпорация бош директори Илим Карипбековга ҳамжинсбозлар ҳақидаги кўрсатув учун ҳайфсан эълон қилган.

КТРК Бош директори Илим Карипбеков эса ўзига ҳайфсан эълон этилиши қарори билан рози эмаслигини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ