Путин: "Брексит" Россияга таъсир қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Путин Британия Бош вазири Дэвид Кэмероннинг "брексит" Россияга қўл келади, деган сўзларини танқид қилган.

Президент Путин Британиянинг Оврўпо Иттифоқидан чиқиши дунё учун ҳам, Россия учун ҳам маълум оқибатларга олиб келишини айтган.

Тошкентда, ШҲТ саммити ниҳоясида гапирган Владимир Путин Россия "брексит" билан боғлиқ жараёнга аралашмаслигини таъкидлаган.

Путин Британия Бош вазири Дэвид Кэмероннинг "брексит" Россияга қўл келади, деган сўзларини танқид қилган.

Унга кўра, британ бош вазирининг ушбу сўзлари "сиёсий маданиятнинг энг қуйи даражаси"ни кўрсатади.

"Брексит" Оврўпо Иттифоқининг Россияга нисбатан санкциялар сиёсатига таъсир кўрсатади, деб ўйламайман", дея Путиндан иқтибос келтиради Интерфакс агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, Россия "брексит"нинг ўз иқтисодиётига таъсирини минималлаштиришга ҳаракат қилади.

"Биз ҳеч қандай глобал фалокатни кутмаймиз. Албаттаки, айтганимдай, диққат билан кузатамиз, агар керак бўлса, иқтисодий сиёсатимизга тузатишлар киритамиз, Оврўподаги ҳамкорлар билан муносабатларимизни кўздан кечирамиз", деган Россия раҳбари.

Аввалроқ Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Британиянинг ОИдан чиқиши ортидан нефт нархларининг тушиб кетганидан хавотир билдирганди.

Унинг айтишича, ҳукумат британ референдумининг оқибатларини ҳисоб-китоб қилади ва Россия иқтисодиётининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ички қарор қабул қилади.

Жума куни валюта бозорида рублнинг долларга нисбатан тушиши давом этган, аммо еврога нисбатан бироз кўтарилиш қайд этилган.

  • BBC O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to'siq bo'lsa, uzbekweb.netga kiring.

Бу мавзуда батафсилроқ