Британиялик бизнесмен Максим Бакиевни суиқасдда айблади

Image caption Максим Бакиев маҳкаманинг ўзига келиб кўрсатма берди.

Шу кунларда Лондондаги Қироллик Адлия маҳкамасида Британиялик ишбилармон Шон Дейлининг Максим Бакиевга қарши даъво аризаси кўриб чиқилаяпти.

У 2006 йили Қирғизистонда яшаб юрган пайти ўз ҳаётига бўлган суиқасдни Бакиев уюштирган деб айблаган.

Айбларни буткул рад этган Максим Бакиев маҳкаманинг ўзига келиб кўрсатма берди.

30 июн куни Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев Минск шаҳридан видео боғланиш орқали кўрсатма берган.

У Шон Дейли адвокатининг "Жеруй" олтин конининг лицензияси, "Оксус", Глобал голд" компаниялари ҳақидаги саволларига жавоб берди. Ўғли ҳақидаги саволга, Максим Бакиевни жуда ақлли, билимдон одам деб билишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қурманбек Бакиев.

Адвокатнинг Максим Бакиев "тез жаҳли чиқадиган одам, ҳатто бир марта сизга қарата ўқ ҳам отган", деган гапига, Қурманбек Бакиев қаттиқ кулиб, бундай нарса ҳеч қачон бўлмаган, деб айтди.

Унда сиз нега Германияда даволангансиз, деган саволга Қурманбек Бакиев, хоҳласангиз, Германиядаги докторлардан менинг ҳужжатларимни олиб текширишингиз мумкин, деб жавоб берди.

2006 йили Шон Дейли Қирғизистондаги "Жеруй" олтин кони лицензиясини маҳкамада ютиб чиққан.

Унга бўлган суиқасддан кейин "Оксус голд" лицензиясидан маҳрум бўлган.

Шундан кейин "Жеруй" конининг ҳужжатини қўлга киритган ширкатни Максим Бакиев қўллаб-қувватлаган, деб айтилади.

Шу иш бўйича 2014 йили Қирғизистон маҳкамаси Максим Бакиевни айбдор деб топиб, сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Суднинг бу қарорига таянган Шон Дейли товон талаб қилиб Британия маҳкамасига мурожаат қилган.

Лондондаги маҳкамада айблов томонининг асосий гувоҳи исроиллик бизнесмен Бертил Синбети қатнашиши кутилган. Шон Дейлига кўра, Максим Бакиев унга суиқасдга алоқадорлигини айтган. Бироқ Синбети маҳкамага келмаган.

Қирғизистонда рангли инқилоб орқасидан қудратдан кетган собиқ президент Қурманбек Бакиев ва унинг укаси Жанибек Бакиев Белорусда яшаб келади.

Максим Бакиев эса Лондоннинг қиммат Кингстон туманида истиқомат қилади. Daily Mail рўзномасига кўра, Максим Бакиев яшаётган уйнинг баҳоси 3,5 миллион фунт стерлингга тенг.

Қирғизистон ҳукумати бундан олдин бир неча бор Бакиевларни экстрадиция этилишини Минск ва Лондондан талаб қилган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC
  • UZBEKFacebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ