Озода Раҳмон бойларга эҳсон қилишни топширди

Фото муаллифлик ҳуқуқи mfa.tj

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг қизи ва унинг маъмурияти раҳбари Озода Раҳмон амалдорлар, тадбиркорлар ва мусулмон уламоларни мамлакатдаги кам таъминланган ва камбағал-муҳтож кишиларга "фитр садақаси" бериш мажбуриятини топширди.

Озода Раҳмон томонидан имзоланган махсус қарорда таъкидланишича, давлат мулозимлари, диний идора вакиллари ва тадбиркорлар нафақат Тожикистондаги кам таъминланган оилаларга эҳсон қилишлари лозимгина бўлиб қолмасдан, бу топшириқни қандай бажарганлари бўйича давлат идоралари олдида ҳисобот ҳам беришлари керак.

Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш дин ишлари бўйича қўмитага юклатилган.

Расмий маълумотларга қараганда, Тожикистонда 18 минг давлат хизматчиси ва тўрт минг имом хатиблар бор.

Кам таъминланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш ғояси Тожикистонда биринчи бор амалга оширилмоқда. Олдинроқ Президент Раҳмон бир неча бор мамлакатдаги ўзига тўқ инсонларни эҳсон қилиш ва камбағал фуқароларга ёрдам беришга чақирган, бироқ бу чақириқлар кўпроқ таклиф-маслаҳат мазмуни касб этган эди.

Эндиликда тожик амалдорлари, бизнесмен ва диний уламолар муқаддас Рамазон ойи тугаши муносабати билан расман байрам хайрияси амалга оширишлари ва бу ҳақда тегишли идораларга ҳисоб беришлари талаб этилади.

Тожикистонда Ийд ал Фитр 6 июлда нишонланиши эълон қилинди. Мусулмонлар бу куни Ҳайит намозига чиқадилар. Ҳамда муҳтожларга фитр садақаси улашадилар.

Аввалроқ Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши ҳар бир киши бериши лозим бўлган фитр садақа миқдорини 5 сомони(бир доллардан камроқ) қилиб белгилаганди.

Ийд ал Фитр Ислом динига биноан мусулмонларнинг асосий икки байрамидан бири бўлиб, икки ойдан сўнг Қурбон байрами ўтказилади. Ҳайит уч кун давом этади. Ҳайит кунлари меҳмонлар чақирилади, меҳмонга борилади, марҳумларнинг қабри зиёрат қилинади, совғалар, садақа-эҳсонлар улашилади ва гиналар унутилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ