Тожик адвокатлари ишида 'экстремизм аломати' топишди

Image caption "Ислом Уйғониш партияси" аъзоларини маҳкамада ҳимоя қилмоқчи бўлган адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг ўзи ҳам ҳибсга олинган.

Тожикистондаги бир қанча ўқитувчи ва масжид имомлари ҳибсдаги икки ҳимоячи Бузургмеҳр Ёров ва Нуриддин Маҳкамов фаолиятида "экстремизм ва конституцион тузумни ағдаришга чақириқ" белгиларини топиб, қоралаганлар.

Тожикистонлик имом ва олий ўқув юрти ўқитувчиларининг бу каби айбловлари мамлакатда аксариятига тўсиқ қўйилган Фергана.ру, "Озоди", "Иршод" сайтлари ва "Нигоҳ" рўзномасида бундан бир неча йил олдин босилган етти мақолани гўёки таҳлилидан сўнг билдирилган. Айтилишича, мақолаларнинг нусхалари ҳимоячи Нуриддин Маҳкамовнинг уйидан топилган.

Бу ерда гап 2011-2012 йилларда чиққан "Тожик талабаларининг Тожикистон Президентига мурожаати", Тожик тадбиркори президент куёвига қарши. Етти йил банк билан кураш", "Имомали Раҳмонга истеъфо!", "Хоруғ Имомали Раҳмон истеъфоси асоси", "Тожикистон инқилоб арафасида" мақолалари ҳақида кетмоқда.

4 июлда уч соат давом этган маҳкама ишида қатнашган "Озоди" мухбирига кўра, Бузургмеҳр Ёров тергов давомида бу мақолалар муҳокама қилинмаганидан норозилигини билдирган, мақолалар экспертларнинг фикри сифатида тақдим этилганини айтган у.

Хўжанддаги масжид имоми Абдуҳамид Ғаниев тожик талабаларининг мурожаатида ирқчилик ва динга қарши фикрларни топган.

Бузургмеҳр Ёров эса бу мурожаатга алоқаси йўқлигини айтган маҳкамада.

Олий ўқув юртининг бир гуруҳ ўқитувчилари "Имомали Раҳмонга истеъфо" мақоласини "конституцион тузумга чорлаш", деб баҳолаганлар. Ёров ўз навбатида бу мақолада оддий фуқаро сифатида ўз фикрини айтгани, уни таҳдид сифатида қабул қилиш керак эмаслигини билдиради.

"Тожикистон Президенти мамлакат ерини Хитойга берди. Бу ноқонуний. Агар президент шундай йўл тутишини билганимда унга сайловда овоз бермаган бўлардим", деган сўзлари оммавий ҳаракатга чақириқ эмас, ўзининг фуқаро сифатидаги фикрларини эканини айтади ҳимоячи.

Image caption Ҳимоячи Нуриддин Маҳкамов президент куёви Ҳасан Асадуллозодани танқид қилгани учун босимга учраган.

Бошқа ҳимоячи Нуриддин Маҳкамов эса президент куёви Ҳасан Асадуллозода ширкатга пул тўламагани учун танқид қилгани, ҳақиқатни талаб этгани сабабли босимга учраб, ҳибсга олинган.

Ҳимоячи танқид билан оммавий чақириқнинг фарқи борлигини, ҳар бир фуқаро қонунчиликка биноан ўз фикрини матбуотда билдиришга ҳақли, дейди.

Бузургмеҳр Ёров ва Нуриддин Маҳкамов ўзларига қўйилаётган айбловларни тан олмаганлар.

Маҳкама жараёни 7 июлгача давом этади.

"Ислом Уйғониш партияси"нинг 11 аъзосини, ҳамда партия раҳбари Муҳиддин Кабирийни маҳкамада ҳимоя қилмоқчи бўлган таниқли адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг ўзи 2015 йил сентябрда "товламачилик ва ҳужжатларни сохталаштириш"да айбланиб ҳибсга олинганди.

Ўтган йил декабр ойида эса маҳкама ҳимоячиларга "экстремистик фаолиятга даъват қилиш" бўйича айбловни илгари сурди.

Ҳуқуқ фаоллари ва кузатувчилар ҳукуматни, шахсан Президент Имомали Раҳмонни мухолифатга бутунлай тоқатсизлигини таъкидлашади.

Охирги йилларда юзлаб мухолифат фаоллари ҳибсга олинган, бошқалари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар. Мухожиротда Умарали Қувватов дохил бир нечта мухолифат етакчиларига суиқасд уюштирилган. Текширувлар натижасида ҳодисалар ортида Тожик хавфсизлик хизматлари тургани тўғрисида фикрлар янграган.

Туркияда шу йилнинг феврал ойида Умарали Қувватов ўлимида айбдор деб топилган Сулаймон Қаюмов Истанбул маҳкамаси томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ