Муҳожирлар қочқинлик мақоми олишлари қийинлашган

Марказий осиёлик муҳожирларнинг қочқинлик мурожаатлари тобора кўпроқ рад қилиняпти, дейди Марказий Осиёда инсон ҳақлари Ассоциацияси президенти Надежда Атаева Би-би-сига.

Би-би-си Рус хизмати мухбири Анора Саркорова ҳуқуқ фаоли билан суҳбатлашган.

"Марказий Осиёда инсон ҳақлари" Ассоциацияси охирги уч йилда БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлига қочқин мақомини олишга ҳаракат қилган марказий осиёлик арздорларнинг ҳуқуқий ёрдам сўраб қилган мурожаатларининг қарийб 20 фоизини қайтарган.

Аксарият инкорлар ариза топширганлар ва уларнинг яқинларининг зўравонлик ва коррупция ҳодисаларига алоқадорлиги эҳтимоли билан боғлиқ, деб айтади ташкилот раҳбари Надежда Атаева.

Унинг сўзларига кўра, агар 2007 йилдан 2013 йилгача 910 аризадан 12 таси рад қилинган бўлса, кейинги уч йилда ҳуқуқ ҳимоячилари 62 мурожаатни қайтаришларига тўғри келган.

"Арздорлар орасида жангариларнинг хотини ва болалари бўлиб, улар кўп ҳолларда яқинларининг жанговор ҳаракатларда иштирокини ёқлашади. Шунингдек, ватанида оиласида зўравонлик ва ўғирлик учун ҳукм қилинганларни келтириш мумкин. Бундан ташқари бизга коррупцияга аралашган куч ишлатар тизимларнинг собиқ ходимлари ҳам мурожаат қиладилар. Уларнинг иш фаолияти йилларида маҳбус ва маҳкумларга нисбатан қийноқ ва мажбурлашлар қўллаганлари мумкинлиги тўғрисида тўла асосларимиз бор. Бу одамлар "қочоқ" тушунчасига нисбатан тўғри келмайдилар", деб қайд этади Атаева.

Ҳуқуқ фаоллари бу инсонлар қочқинлик мақоми олмоқчи бўлган давлатнинг хавфсизлиги ёки мамлакат иқтисодига таҳдид туғдиришлари эҳтимолидан хавотирланишади. Бундан ташқари шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, мурожаат қилувчилар ҳуқуқни ҳимоя этиш идораларига муҳожирлик сабаблари тўғрисида ёлғон маълумот берганлар.

Фаолларга биноан, Оврўпо ва АҚШда содир этилган портлашлар сабабли қочқинларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби янада мураккаблашган.

Юзлаб аризалар

Охирги йилларда марказий осиё республикаларини мажбуран тарк этаётганлар сони ўша мамлакатлардаги сиёсий муҳит, босимлар сабабли ошган.

БМТ Қочқинлар бўйича комиссарлигида кўриб чиқилиши керак шу мазмундаги юзлаб аризалар бор.

Ҳукуматлар диндор одам зўравонликдан узоқ, бутунлай тинч фуқаро бўлиши мумкинлигига ишонмайдилар.

Тожикистонлик қочқин

"Тожикистонда менинг партиямни тақиқлашгандан сўнг мен ҳибсга олишларидан қўрқиб, дарҳол мамлакатни тарк этдим. Мен ташкилотнинг оддий аъзоси бўлиб, ўз одатий ҳаётим билан банд эдим. Ҳеч бир қонунбузарлик содир этмаганман. Бироқ ватанимда адолат қилинишидан умид йўқ", дейди қочқинликка ариза топширган душанбелик Неъмат.

Ўтган йил диндорларни оммавий қамаш тўлқини манзарасида "Ислом Уйғониш партияси"нинг юзлаб тарафдорлари сингари у ҳам мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Тожикистонда партия ёпилган ва маҳкама томонидан террористик ташкилот деб тан олинган.

"Тожикистонда сиз мунтазам равишда намозни адо этсангиз, соқол қўйиб, рўмол ўралса махсус хизматларнинг эътиборига тушдим деяверинг. Шунинг ўзи сизни ишончсизга айлантиради. Ҳукумат диндор одам бутунлай тинч, зўравонликдан узоқ одам бўлишига ишонмайди. Менинг оилам Тожикистонда қолган. Оиламни сўроқ қилишган, улар кучли босим остидалар", дейди исмини ошкор қилишни истамаган "Ислом Уйғониш партияси" аъзоси.

Иккала диндор ҳам мамлакатдан бир неча ой олдин чиқиб кетишган ва ҳозирда Россия ҳамда Туркияда БМТнинг қочқинлик мақоми берилишини кутиб туришибди.

Қочқинларнинг турли тўлқини

Ҳуқуқ фаоллари Исломий партиянинг қатор аъзоларига қарши жиноий ишлар сиёсий мазмунда, деб ҳисоблашади. Расмий Душанбе эса буни инкор қилади.

"Марказий Осиёдан қочқинлар тўлқини уларнинг ватанида фавқулодда ҳодиса рўй берганда ёки оммавий сиёсий қатағонлар бошланганда кузатилади. Бу ҳолатларда сиёсий маҳбуслар сони ошади ва мустақил ҳимоячилар ҳам тазйиқ, кузатув остига олинади. "Ўш воқеалари" дан сўнг "ўшлик қочқинлар", Андижон қирғинидан сўнг "андижонлик қочқинлар" тўлқини пайдо бўлди, тушунтиради Надежда Атаева.

Сўнгги йилларда эса қочқинлик сўраганлар орасида Ўзбекистонда Гулнора Каримованинг "Форум" ташкилотида ишлаган ходимлар ҳам бор.

"Одатда бундай арздорлар ўзларининг коррупцияга алоқадорлигини инкор этади. Уларга кўра, Ўзбекистонда бошқача ишлаш мумкин эмас. Мамлакатда қонун амал қилмас экан, бизнеснинг кафолати юқори лавозимли ҳомий ҳисобланади. Шунингдек, хизмат вазифасини суистеъмол қилишни ҳам бу билан оқлашади. Энди Ўзбек жамиятида алоҳида имтиёзлардан фойдаланишга имкон берган мақомдан маҳрум бўлганлар қочқинлик мақомга эга бўлиб, уни қайта тиклашга уринишлари албатта эътиқоди, фикрлари учун таъқиб тушунчасидан йироқдир", қайд этади ҳуқуқбон.

Хорижда қочқинлик мақоми олишни истаган Марказий Осиёнинг аксарият фуқаролари Тожикистон ва Ўзбекистондандир. Улар Польша, Норвегия, Швеция каби давлатларга тушишга ҳаракат қиладилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар