Тожикистонда ички ишлар ходимларига чекловлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Тожикистонда Ички Ишлар вазирлиги ходимларига заргарлик тақинчоқлари тақиш, баданига татуирофка қилдириш ва шунингдек, қариндошларини ишга олишлари тақиқланади.

Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилган.

ИИВ ишлаб чиққан лойиҳага кўра, милиция ходимининг ўзини тутиши кўриб чиқилади.

Янги тартибга биноан, милиция ходими никоҳ узугидан бошқа тақинчоқ тақиши мумкин бўлмайди.

Бундан ташқари милициячи сочи калта қирқилган ва соқоли олинган бўлиши лозимлиги қайд этилган. Улар иш вақтида жаргон сўзларни ишлатишлари тартибга зид эканлиги эслатилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ички ишлар хизматлари ходими ҳибсга олинган кишининг ҳуқуқларини таъминлаши, зарур бўлганда тиббий ёрдам кўрсатиши керак.

Булар қаторида милиция ходимининг қариндоши раҳбарлик лавозимига тайинланадиган бўлса, у ишдан истеъфо беришга мажбур. Юқори лавозимли шахс қариндошини ишга олиши ҳам тақиқланади.

Одатдагидек, давлат матбуоти ва телевидениесида ҳукумат қарорлари тўғрисида ўз фикрини очиқ айтишга қўрқадиган тожикистонликлар ижтимоий тармоқда баъзи фикрларини ёзиб қолдиришган, янги тартибга муносабат билдирганлар.

Баъзи изоҳ муаллифларининг ёзишича, янги қонун тожик президентининг ўзига ва оиласига тегишли эмас.

"Ахир у (тожик президенти) мамлакат фуқароси эмас, балки ҳамма учун севимли "миллат отаси", унга мумкин" дейишган изоҳловчилар.

Тожик мухолифати мамлакатда ҳокимият битта шахс ва унинг оиласи қўлида тўпланиб бораётганидан хавотирларини изҳор этишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

Имомали Раҳмон Марказий Осиё республикалари ва МДҲ раҳбарлари орасида энг серфарзанди бўлиб, етти қизи ва икки ўғли бор. Унинг катта ўғли Рустам аввал Солиқ қўмитасининг бошлиғи этиб тайинланган. Ҳозир Тожикистон коррупцияга қарши қўмитасини бошқаради.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи муовини бўлиб келган қизи Озода Раҳмон айни дамда президент маъмурияти раҳбаридир.

Озода Раҳмон Тожикистонда халқаро муносабатлар мутахассислиги бўйича университетни тамомлаган. У, шунингдек, АҚШнинг Жоржтаун Университетида таҳсил олган.

Озода Раҳмоннинг турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиев Тожикистон Молия вазирининг ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Президент Раҳмоннинг куёви Ашраф Гулов Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасининг Консуллик хизмати раҳбари этиб тайинлаган.

Президентнинг бошқа куёвлари Шамсулла Соҳибов, ҳозирги пайтда Тожикистоннинг Лондондаги атташеси. Бошқаси, Муҳаммадзоҳир Соҳибов мамлакатнинг чет эл билан савдо алоқаларига жавоб беради.

Тожикистон ИИВ жиноий қидирув бўлими раис ўринбосари қилиб Рустам Раҳмоннинг бунгача ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида умуман ишламаган яқин дўсти Шоҳруҳ Саидов тайинланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj

Шу йил 22 майда ўтган референдум натижаларига биноан, Имомали Раҳмон чекланмаган муддат ўз номзодини президентликка илгари суриши мумкин. Бундан ташқари, Миллат пешвоси сифатида унга ва оиласига дахлсизлик кафолатланади- уни ҳибсга олиш, мол-мулкини тинтув қилиш мумкин эмас, умрининг охиригача давлат ҳимоясида бўлади. Ўғли эса президентликка номзодлар ёшини 35 ёшдан 30 ёшгача туширилиши маъқулланиши ортидан 2020 йилда отаси ҳокимиятдан кетишни истаса, ўз номзодини президентликка қўя олади. Кузатувчилар конституцияга ўзгартириш айнан Рустам Раҳмонни келажакда президентликка қўйиш учун қилинганини айтадилар.

Шунингдек, Имомали Раҳмоннинг катта қизи Озода Раҳмон ҳам Тожикистон президентлигига ворислардан бири деб кўрилади.

63 ёшли президентнинг ўзи мамлакатни 1992 йилдан бери бошқариб келади. Тожикистон мухолифатига кўра, қонун президент оиласига нисбатан қўлланилмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар