Хитойлик диссидент адиб онлайн мақолалари учун 9 йилга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Boxun
Image caption Чен Вэй доим фақат ўз нуқтаи-назарини ифода этганини айтиб келган

Хитойлик ёзувчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Чен Вэй давлат қудратига путур етказиш айблови билан 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

У шу йил бошида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларидаги ҳодисаларга бағишлаб Интернетда бир неча мақола эълон қилганидан кейин ҳибсга олинган.

Бу мақолаларда хитойликларни ҳам "Араб баҳори"дан руҳланиб, норозилик намойишларини ташкил этишга чақириқ янграган.

Чен Вэй адвокатига кўра, таниқли адиб сўз эркинлигига даъват этган ва Хитойдаги бир партияли тизимни ислоҳ қилишга чақирган, Хитойда фуқаролик жамияти фаоллашиб бораётганини олқишлаган.

Хитой жануби-ғарбидаги Суининг шаҳри маҳкамаси қарорига кўра, Чен Вэй "давлат ҳокимиятини ағдаришга чақириқ" банди бўйича айбдор деб топилган.

Чен Вэй рафиқаси Ванг Сияоаннинг Би-би-сига айтишича, у эрини феврал ойидан буён бугун биринчи марта кўрган, у озиб ва қариб кетгандек кўринган.

Маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва атиги 2 соат давом этган, кейин ярим соат давомида ҳукм ўқиб эшиттирилган.

Маҳкамада Чен Вэй ҳимоячиси, у фақат Хитой конституцияси бўйича рухсат берилган ўз нуқтаи назарини ифода этган, деб айтган.

Бироқ маҳкамада фаол ва унинг ҳимоячиси сўзларини бўлиб ташлашган, гапиргани қўйишмаган. Чен Вэй ўзига қўйилган айбни рад этган.

У "диктатура қулайди, демократия ғалаба қилади", дея қичқирган.

Ушбу маҳкама қарорини қоралаган биринчи киши Чен Вэйнинг рафиқаси Ванг Сияоан бўлди.

У бу маҳкамани "спектакл томоша" деб атаган. Унинг фикрича, маҳкама ҳукми олдиндан тайёрлаб қўйилган.

"У айбдор эмас, бу жудаям қаттиқ жазо, унга ўзини ҳимоя қилишга имкон бермадилар", деб айтган Ванг хоним.

Қароргоҳи Хонгконда жойлашган Хитой Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташкилотига Чен Вэй устидан ҳукм Хитойда шу йил давомида кузатилган энг қаттиқ ҳукм бўлган, шу йил давомида ўзгача фикрловчиларга босим мақсадида юзтача хитойлик фаол ҳибсга олингани хабар қилинади.

Шу йил апрелида таниқли рассом Ай Вей Вей ҳам ҳибсга олинган ва солиқ тўлашдан воз кечишда айбдор деб топилган, лекин қўйиб юборилган эди. Аммо танқидчилар Ай Вей Вейга ҳам Хитой ҳукуматига нисбатан танқидий чиқишлари учун таъқиб олинганини айтишади.

42 ёшли Чен Вей Хитойдаги зиёлилар орасида энг ҳурматга сазовор намояндалардан бири деб кўрилади.

У ҳали 20 яшар талаб бўлганида Пекиннинг Тянанмен майдонидаги намойишлардаги иштироки учун озодликдан маҳрум этилган, 1994 йилда ҳам маҳкама Чен Вэйни "аксилинқилоб тарғибот ва қўпорувчилик"да айблаб 5 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

У доим Хитой коммунистик тизимининг ашаддий танқидчиси бўлиб келган.