BBC navigation

Ж. Лиллис: 'Қозоғистон лидер бўлишни истаса, қўшниларига эътибор бериши шарт'

Сўнгги янгиланиш 15 феврал 2012 - 14:23 GMT

Жоанна Лиллис кўп йиллардан бери Марказий Осиёда яшаб келади.

Би-би-си меҳмони - Қозоғистонда фаолият юритувчи мустақил журналист Жоанна Лиллис.

Англиялик журналистнинг Қозоғистон ҳақидаги мақолалари ва хабарлари Индепендент ва Гардиан газеталари, ҳамда eurasianet.org сайти орқали узатилади. У, шунингдек, Ал-Жазира телеканали билан ҳамкорлик қилади.

Журналистнинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари орасида энг барқарор ва фаровон саналган Қозоғистон ноодатий сиёсий нотинчликларни бошидан кечирмоқда.

Жоанна Лиллис ўтган декабр ойида Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида норози нефтчилар ва қўшинлар орасида юз берган тўқнашувлар ортидан ҳукумат қўшинлари ўқларидан жароҳат олган одамлар билан учрашган илк мустақил журналистдир.

Унинг яраланган нефтчилар ва оддий одамларга тўла Жанаўзен касалхонасидан узатган хабарлари орқали жаҳон ҳамжамияти Қозоғистондаги қонли воқеалар ҳақида маълумотга эга бўлди.

У бугунда Қозоғистонда сиёсий мухолифат, фаоллар ва Президент Назарбоевни танқид қилувчи матбуотга қаттиқ босим ўтказилаётганини айтади.

Жоанна Лиллиснинг айтишича, бир неча ҳафтадирки Президент Нурсултон Назарбоев ўта ёмон кайфиятда кўринади. "У ўзини бурчакка тиралгандек ҳис қилмоқда", - дейди у.

Журналистнинг таҳлилига биноан, Назарбоевнинг сиёсий имиджига катта доғ тушди, шундай экан у бундай вазиятда лавозимни ташлаб кетмайди.

Айни дамда, унда қудратни кимга меърос қилиб қолдириш муаммоси пайдо бўлган.

"Мухолифатни бу каби йирик кўламда босим остига олиш катта хатодек кўринмоқда - уч йирик мухолифат раҳбарининг ҳибсга олиниши халқаро матбуотда бош сарлавҳаларга айланди. Қозоқ маъмурияти ваҳимага тушган кўринади", - дейди Жоанна Лиллис.

28 январда ўтган аксилҳукумат намойишда 500дан ортиқ қатнашчилар Жанаўзен қурбонларини хотирлаб дуо қилишган, лекин тадбир охирида мухолифат раҳбарлари ҳибсга олинган.

3 февралда ёш фаол Жанболот Мамай ижтимоий нотинчликларни келтириб чиқаришга уринишда айбланган ва 12 йиллик қамоқ жазосига юз тутаётир.

Взгляд газетасининг бош муҳаррири Игорь Винявский гўёки 2010 йилда давлат тўнтаришига чақиргани учун ўтган ой қамоққа олинган.

Жоанна Лиллис қозоқ сиёсатидаги пасту баландликларни фото ва видеолавҳлари билан ҳам ёритиб келади

Алга партиясининг раҳбари Владимир Козлов ҳам ўхшаш айблар билан панжара ортида қолаётир.

Жоанна Лиллис саҳифамиз ўқувчилари саволларига жавоб берди.

Би-би-си меҳмони Жоанна Лиллисга саволим бор: 20 йилдан бери барқарор бўлган Қозоғистонда сўнгги пайтларда бўлаётган ҳодисалар нега бошқа Марказий Осиё давлатларида кузатилмаяпти? Бу қозоқ халқининг сиёсий фаоллиги ошганиданми ёки ташқи кучларнинг ўйиними? Ахир Марказий Осиёдаги энг фаровон давлат Қозоғистон-ку. Қозоғистондаги воқеаларни араб баҳорига ўхшатиш мумкинми? Жавоб учун олдиндан раҳмат!
Абдулла Азимов, Денов, Ўзбекистон

Лиллис: Бу яхши савол. Қозоғистонда одамлар ўтган бир неча йилларга қараганда сиёсий жиҳатдан фаолроқ бўла бошлаганларига далил-исбот бор. Бунинг бир исботини декабрда Жанаўзен шаҳрида юз берган зўравонликларга етаклаган етти ойлик воқеаларда кўришимиз ҳам мумкин. Лекин, бошқа томондан қаралса, бу воқеаларга авваламбор сиёсий эмас, балки иқтисодий омиллар туртки берган. Маҳаллий ва марказий ҳокимият, ҳамда нефт ширкатларининг ёмон бошқаруви туфайли иқтисодий масала сиёсий масалага айланиб кетди дейиш ҳам мумкин. Бир нарсани назарда тутиш даркор, Жанаўзендаги зўравонликлар 17 кишининг ўлимига сабаб бўлсада, бутун Қозоғистон бўйлаб одамлар бу воқеалардан таъсирланди деб айта олмаймиз. Жанаўзен ё ғарбий Қозоғистонда яшамайдиган одамларнинг сиёсий руҳланганларини кўрмадим. Лекин, сиёсий мухолифат руҳланди. Январда ўтган парламент сайловлари ортидан, кичик бўлсада, норозилик намойиши бўлиб ўтди. Мухолифат ўтган йилларга қараганда анча бирлашган ва фаоллашган кўринади. Ташқи кучларга келсак, буни аниқ айтиш ҳали ҳам қийин. Жанаўзендаги фавқулодда вазият ҳолати атиги ўтган ҳафта бекор қилинди. Холисона маълумот олиш қийин бўлаяпти. Қозоқ ҳукумати ташқи кучларни айблаяпти, айниқса рўйхатдан ўтмаган Алга (Олға) партияси нишонга олинаяпти. Алганинг аъзолари нефтчиларни гижгижлаб, зўравонлик келтириб чиқаришда айбланаяпти. Шундай экан, албатта, ҳукумат ташқи кучларни айблашга мойил. Лекин, далил-исботга қаралса, Жанаўзендаги ички норозиликлар охир-оқибат нотинчликка етаклаган.

Би-би-си: Ташқи кучлар деганда, қозоқ ҳукумати кимни назарда тутаётган бўлиши мумкин?

Журналистга кўра, Жанаўзен яшовчилари қозоқ иқтисодига шунча ҳисса қўшаётган бўлишсада етарли тарзда рағбатлантирилмаётганларидан норозилар.

Лиллис: Умуман олганда, очиқ ишора беришаяпти. Расмий баёнотларга қарасак, менимча, улар хорижий кучларни эмас, балки хориждаги қозоқ кучларини назарда тутишаяпти. Масалан, рўйхатдан ўтган Алга партияси Лондонда яшайдиган Мухтор Аблязовга алоқаси борлиги Қозоғистонда ҳаммага маълум. Аблязов Президент Нурсултон Назарбоевга мухолиф бўлган сиёсатчи. Алга партиясининг раҳбари Владимир Козлов 23 январдан бери ҳибсда ушлаб турилибди. У Жанаўзенда ижтимоий нотинчликларни келтириб чиқариш айбига юз тутаётир. У ҳали расман айбланмади, лекин айбланса, бу дегани Назарбоев маъмурияти "ташқи кучлар" дея Алга ортида турган Лондондаги Мухтор Аблязовни назарда тутаётганлари аниқ бўлади... Алганинг бошқа фаоллари ҳам ҳисбга олинган. Ҳатто Жанаўзенда бўлмаган аъзолари ҳам у ерда зўравонликларни келтириб чиқаришда айбланмоқда.

Aссалому алайкум, менинг саволим қуйидагича: Сиз Жанаўзенликлар билан суҳбатда бўлибсиз, айтингчи жанаўзенликлар кўпроқ нимадан норози? Сайловларнинг нодемократик ўтганиданми, ёки маошларнинг камлиги ва ҳокимиятнинг ўзбошимчалигиданми?
Илхом, Ўзбекистон

Лиллис: Бу ҳам яхши савол. Бир нарсани ушлаб, мана шу нарса сабабчи эди дейиш жуда қийин, чунки ўтган давр ичида Жанаўзенда жуда кўп воқеалар юз берди. Энг аввалига одамлар маошлари ва турмуш шароитларидан норози эдилар. Лекин, бу меҳнат тортишуви жуда катта муаммога айланиб кетди. Чунки, одамлар уларнинг додига ҳеч ким қулоқ тутмаётганларидан шикоят қила бошлашди. Яра янада йиринглашда давом этди. Нефтчилар ўзларини буткул ўз ҳолларига ташлаб қўйилгандек сезишди. Сайловга келсак, ўтган сайлов ўтганидан бери мен Жанаўзенга борганим йўқ. У ерда норозиклар бошланганда сайлов ё сиёсий аҳвол сабаб бўлмаган. Ўтган ой фавқулодда вазият остида ўтган ва мухолифатга ҳеч қандай янги қудрат бермаган сайловга энди жанаўзенликлар қандай қарашаётганларини айтиш қийин. Миллий ҳукуматнинг бу сайлов билан ўз қудратини тасдиқлаши, менимча, Ғарбий Қозоғистон ва Жанаўзендаги одамларни мамнун қилмайди.

Би-би-си: Жанаўзен шаҳридан қандай таассурот олдингиз? Нефтчилар жуда абгор шароитларда яшагани ҳақида хабарлар бўлди, шу тўғрими?

Жоанна Лиллис Жанаўзен қурбонлари билан юзма-юз учрашган илк мустақил журналист бўлди

Лиллис: Шаҳар анча ёмон ҳолатда десам тўғри бўлади, менимча. Мен қўзғолонлардан кейин боргандим, кўп бинолар янада абгор ҳолда эди, ёки ёниб кетганди. Лекин, мен авваллари ҳам бўлганман Жанаўзенда. Бу шаҳар анча кўримсиз, бу қозоқ нефтини қазиб олиш маркази деб ҳеч ким айтмаган бўларди. Бу шаҳарнинг нефт саноати бутун қозоқ иқтисодининг мотори деса бўлади, лекин шаҳарга кирсангиз, йўллар ўнқир-чўнқир, бинолар асосан совет давридан қолган ва таъмирланмаган бинолар. Нефт ширкатлари қурган ижтимоий марказлар ҳам бор, лекин умуман олганда, шаҳар вайрона ҳолда, унинг яшовчилари эса қозоқ иқтисодига шунча ҳисса қўшаётган бўлишсада етарли тарзда рағбатлантирилмаётганларидан норози.

Ассалом алайкум, саволим - агар матбуотга босим ўтказаётган бўлса, қандай қилиб сиздек чет эллик журналист ишлаб юрибди ва Жанаўзенга қандай кириб касалхоанадан хабар узатдингиз? Раҳмат.
Нодира, Туркия

Лиллис: Мен Жанаўзенда қонли воқеалар содир бўлиши биланоқ у ерга бордим. Матбуот назорат қилинаётганди, лекин бироз тартибсиз эди, расмийлар ҳамманинг ҳаракатини назорат қилишга улгурмаётганди. Касалхонага мен ҳукумат томонидан тайинланган киши билан бордим, лекин касалхонага борганимда мен касалхона расмийсига топширилдим ва бу расмий ҳамроҳлигида жароҳат олган одамлар билан суҳбатлашдим. Кўп беморлар қўрқиб, гапиришдан бош тортишди. Мен бир палатадан иккинчисига ўтиб юрганимда, даҳлизда полиция ходимларини кўрдим, улар беморларни зўравонликдаги роллари ҳақида сўроқ қилишаётганди. Лекин, касалхона ходимлари ҳақиқатни билишимни истадилар ва беморлар билан гаплаша олишимга шароит яратиб бердилар.

Жанаўзенда 16 декабрда юз берган отишмалар акс этган даҳшатли видеони интернетда чоп қилган Saule540 ҳақида нима биласиз? Унинг тақдири не кечди?
Саида

Лиллис: Афсуски, Сауле540нинг тақдири ҳақида ҳеч нарса билмайман. У чоп қилган даҳшатли видео қозоқ полицияси ҳақиқатдан ҳам қуролсиз намойишчиларга қарата ўқ узганларини илк марта исботлади. Мен Твиттерда Сауле540 тақдири ҳақида маълумот йиғишга уриндим, афсуски, ҳозирча ҳеч қандай жавоб олмадим. Маълумки, қозоқ полицияси терговнинг илк кунларида Сауле540ни қидираётганларини билдиришди. Бу эса кўп фаоллар ва қозоғистонликлар ўртасида "полиция бу шахсни жазоламоқчими?" деган саволлар ва хавотирни уйғотди. Лекин, полиция кўпроқ далолат учун уни қидираётганини айтди. Аммо, Сауле540га нима бўлганини аниқлаш жуда муҳим, ва Жанаўзенга бўладиган кейинги сафарим чоғида буни аниқлашга уриниб кўраман.

Қозоқ полицияси қуролсиз одамларга ўқ узиб, дўппослаётгани ёзилган видео муаллифи Сауле540 қидирувда.

Ҳурматли Жоанна Лиллис, айтингчи, фаровон Қозоғистон давлатининг толерантлик борасидаги сиёсатига нима дея оласиз? Қўшни мамлакатлар билан олиб борилаётган алоқалар кўламида катта оғачиликка интилиш майли сезилмаяптими, сизнинг назарингизда?
Инсон, Лондон

Лиллис: Катта оғачилик ҳақида гапирадиган бўлсак, Қозоғистон ўтган кўп йиллар давомида ўзини минтақавий лидер сифатида тақдим қилишга уриниб келгани аниқ. 20 йил давомида Ўзбекистон унга рақиб бўлиб келди. Лекин, Қозоғистон ўзига кўпроқ ишонди, энергия заҳираларидан тушган пул унинг қудратини янада оширгандек бўлди. У ҳатто халқаро саҳнада ҳам қудратини намойиш қилишга уриниб келди. Лекин, унинг минтақавий лидер ролини, менимча, бошқа давлатлар қабул қилмади. Унинг ўз қўшниларига бўлган таъсири жуда чекланган кўринади. Улар Қозоғистон эмас, Россия қандай амал қилиши ё фикр юритишидан хавотирда кўринадилар. Шундоқ ҳам бир ёқадан бош чиқариб гапирилмайдиган Марказий Осиёда, Қозоғистоннинг лидерлик даъвоси амалга ошмаяпти. Қозоғистон халқаро саҳнага кўп интилди, 2010 йилда Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилди, лекин у балки ўз қўшниларига кўпроқ эътибор қаратиши керакдир. Балки икки томонлама алоқаларини яхшироқ ривожлантириши керакдир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.