Оскар мукофоти соҳибаси Усама бин Лодин ҳақида фильм олмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Усама бин Лодин ўтган май ойида Покистондаги уйида АҚШ махсус кучлари томонидан ўлдирилганди

Ҳолливуднинг кўзга кўринган режиссёрларидан Кэтрин Бигелоу "Ал-Қоида" тармоғи асосчиси марҳум Усама бин Лодин ўлдирилган рейд ҳақида фильм олмоқда.

Суратга олиш ишлари Ҳиндистоннинг Чандиргах шаҳрида кечаётгани айтилади.

Хабарларга кўра, Кэтрин Бигелоу қарийб 10 кундан буён Ҳиндистонда...

"Ал-Қоида" тармоғи раҳбари ўтган май ойида Покистоннинг Абботобод шаҳридаги уйида АҚШ махсус кучлари томонидан ўлдирилганди.

Бунинг ортидан икки давлат орасидаги муносабатлар ниҳоятда совуқлашиб кетгани боис, фильмни Покистонда суратга олишнинг иложи бўлмаган.

Кэтрин Бигелоу ва Sony Pictures янги фильмнинг шу йил октябр ойида катта экранлар юзини кўришига умид қилишмоқда.

Оскар мукофоти соҳибаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кэтрин Бигелоу Оскар мукофотини олган илк аёл режиссёр сифатида тарихга кирган

2008 йилда Кэтрин Бигелоунинг The Hurt Locker ("Бало майдони") фильми бешта Оскар мукофоти олган.

Америка киноакадемияси олти мингга яқин аъзосининг аксарияти Ироқ урушига бағишланган мазкур фильмни ёқлаб, овоз беришганди.

Ўша пайтда 58 ёшда бўлган Бигелоу хоним "Оскар" мукофотини қўлга киритган илк аёл режиссёр сифатида Ҳолливуд тарихига кирганди.

Фильм Америка Қуролли кучларининг Ироқ уруши даврида бомбаларни зарарсизлантириш билан шуғулланган махсус бўлинмаси фаолиятига бағишланганди.

Янги фильм

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўтган ҳафта Абботободдаги Усама бин Лодин ўлдирилган уйни бузишга киришилган

Ўтган чоршанба куни эса, Бигелоу хоним Чандиргахда суратга олиш ишларини бошлаб юборган.

Шаҳар бозорини худди Покистоннинг Лаҳор шаҳрига ўхшатиб тасвирга туширган.

Бу ҳақда Ҳиндистонда чоп этилувчи Indian Express газетида чоп этилган мақолада айтилади.

Мақолада ёзилишича, шаҳардаги бир нечта дўконларнинг номлари урдучага ўгирилган, авторикшаларнинг номерлари Лаҳор шаҳриники қилиб ўзгартирилган, маҳаллий актёр ва актрисалар бурқа, дўппи, яктагу чолворларда кўриниш бериб туришган.

Ўтган ой Усама бин Лодиннинг ўлдирилишига оид ўта махфий маълумот Кэтрин Бигелоунинг қўлига тушиб қолганига оид хабарлар пайдо бўлганди.

Америкалик мулозимлар ушбу хабарлар юзасидан тергов ишлари бошланганини ҳам расман маълум қилишганди.

Бу мавзуда батафсилроқ