Twitter араб ва форс тилларидаги саҳифаларини ишга туширди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Твиттер янада кўпроқ фойдаланувчиларга очилиш ниятида

Твиттер биринчи марта ўз саҳифасининг ўнгдан чапга қараб ёзиладиган араб ва иброний тилларидаги кўринишини ишга туширган.

Интернетдаги микроблог саҳифасидан эндиликда араб, форс, иброний ва ўрду тилларида ҳам фойдаланиш мумкин.

Твиттернинг маълум қилишича, 13 минг нафар кўнгиллилар саҳифаларни бошқа тилларга ўгиришга ёрдам беришган.

Экспертларга кўра, янги саҳифалар янада кўпроқ одамларга кундалик ҳаётлари ҳақида твит қилиш ва сиёсатчилардан ҳисоб сўраш имконини беради.

Твиттер блогида айтилишича, таржимонлар орасида саудиялик блоггер, эронлик компютер мутахассиси, #LetsTweetInArabic кампанияси асосчилари ва Би-би-си журналисти ҳам бор.

"Бу кўнгиллилардан баъзилари Твиттер сайти тўсиб қўйилган давлатларда яшашади", - дейилади Твиттер блогида.

Сиёсий восита?

Твиттер 2009 йилдаги президентлик сайловлари чоғи Эронда, Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган 2011 йилдаги намойишлар чоғида Мисрда тўсиб қўйилганди.

Покистон ҳам 2010 йилда "шаккок мазмундаги материаллар"ни важ қилиб, сайтни вақтинча тўсиб қўйган.

Твиттер фойдаланувчиларидан бири Муҳаммад Пайғамбарнинг Исломда тақиқланган суратларини эълон қилишга чақириши ортидан Покистон ҳукумати шундай қарор қабул қилган.

Аммо баъзи фойдаланувчилар прокси сайтлар ёки смартфонлар орқали Твиттерга боғланишнинг уддасидан чиқишган.

Лондон Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари институтининг Глобал медиа ва коммуникация бўйича профессори Аннабелле Среберни ижтимоий тармоқ сайтларининг Яқин Шарқ ва Осиёдаги намойишларда муҳим восита бўлиб хизмат қилганини эътироф этиш билан бирга, Твиттернинг аҳамиятини ошириб кўрсатмаслик ҳақида огоҳлантиради.

"Твиттернинг 2009 йилдаги Эрон сайловлари ва Тунисда Бен Алини ағдарган исёндаги роли ошириб кўрсатилган", -дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

"Твиттер инсонлар истифода этаётган қатор воситалардан фақат биттаси, холос".

Айни пайтда лондонлик профессорга кўра, Твиттернинг бошқа фойдаланувчиларга очилиши унинг янада таъсирли бўлишига ёрдам беради.

"Менимча, буни 2002-2003 йилларда Ҳусайн Даракшон қилган ишга қиёслаш мумкин. Унинг форс тилида блог ёзиш ҳақида эълон қилган қўлланмаси интернетда форсча овозларнинг кўпайишига ёрдам берди,- дейди у.

Техник қийинчилик

Твиттерга кўра, ўнгдан чапга қараб ёзиладиган матнларни мослаштириш осон кечмаган.

Микроблог саҳифасининг билдиришича, баъзи твитларда хали ҳам чапдан ўнгга қараб ёзиладиган хэштег ёки Твиттердаги хабарлар учун махсус белги қўйилиши керак бўлади.

Шунингдек, бошқа тиллардаги номлар ҳам чапдан ўнга қараб ёзилиши лозим.

Ушбу муаммони ечиш мақсадида муҳандислар сайт учун янги воситаларни ишлаб чиқишган.

Шу йўл билан матн ва рақамларнинг одатдагидек кўриниши сақланган.

Твиттер эндиликда ўз саҳифасидан 28 тилда фойдаланиш мумкинлигини эълон қилган ва келажакда бу рақамни ошириш учун фойдаланувчиларга мурожаат қилиши кутилмоқда.