Афғонистонда кенг тарқалган "бачапўш" анъанаси ҳақида

Меҳрнуш
Image caption Меҳрнушга улғайгунига қадар ўғил болалар сингари муносабатда бўлишади

Иқтисодий ва ижтимоий сабаблар туфайли кўплаб афғон ота-оналари ўғил фарзандли бўлишни исташади.

Ушбу истак баъзи оилаларни қадимий "бачапўш" анъанасидан фойдаланишга ундаган.

"Бачапўш" анъанасига мувофиқ, ота-оналар қиз фарзандларига уйлғайгунга қадар ўғил фарзанд каби муносабатда бўлишади.

Афғонистон парламентининг собиқ аъзоси Озита Рафҳат мактабга бораётган қизларидан бирини бошқачароқ кийинтиради.

Унинг уч қизи узун кўйлак кийиб, рўмол ўраса, тўртинчи фарзанди Меҳрнуш шим-кастюм кияди ва бўйнига галстук тақади. Қизлар ташқарига чиқишар экан Меҳрнуш қиз эмас, ўғил болага "айланади".

Озита Рафҳатнинг ўғли йўқ. Ўғил фарзанд ўрнини тўлдириш ва одамларнинг гапидан қутилиш учун Озита кескин йўлни танлашга мажбур бўлган. Бу йўл жуда оддий: Меҳрнушнинг сочи узун эмас, кийимлари эса болаларники.

Афғонистонда бу анъанага ном ҳам берилган - "бачапўш".

"Афғонистонда яхши мавқеъга эга бўлсанг ва ўзингга тўқ бўлсанг, одамлар сенга бошқача қарашади. Улар: Худо сенга битта ўғил берса, ҳеч қандай камчилигинг қолмас экан, дейишади," - дейди Озита Рафҳат.

Афғонистонда ўғил фарзанд қиз фарзанддан доимо устун кўрилган.

Рафҳат хонимнинг эри, Изатуллоҳ Рафҳат ўғил фарзандли бўлиш обрў ва эътиборли бўлиш рамзи эканини айтади.

"Уйимизга ким келса: 'Аттанг, ўғил фарзандингиз йўқ эканда," - дейди. Шунинг учун ўз қизимизни ўғил каби катта қилишга қарор қилдик," - дейди Изатуллоҳ.

Озита Рафҳат бундай қилиш қарорини олган ягона она эмас.

"Эркакча"

Ўғил болага "айланган" қизларни Афғонистондаги бозорларни кўплаб учратиш мумкин. Кўплаб оилалар кўчада бемалол ишлай олиши ва оилага нафи тегиши учун қизларига ўғил бола либосини кийгизишади.

Ўзини бола дея таништирадиган бундай қизларнинг баъзилари бозорда сув ёки сақичга ўхшаган нарсаларни сотишади. Уларнинг ёши одатда 5 билан 12 да бўлади.

Ўғил сингари катта қилинган қизлар 17-18 ёшга бориб яна қизга "айланишади" - аммо бу осон ўзгариш эмас.

Илоҳа Афғонистон шимолидаги Мазори Шариф шаҳрида яшайди. У оилада ўғил фарзанд бўлмагани учун 20 йил ўғил бола сингари яшаган ва икки йил олдин университетга боришидан аввал яна қиз болага "айланган".

Лекин, Илоҳа ўзини тўлақон аёл ҳисобламайди: у юриш-туриши эркакларникига ўхшашини ва турмушга чиқиш нияти йўқлигини айтади.

"Болалигимда ота-онам, ўғил фарзандлари бўлмагани туфайли, менга ўғил боладай муносабат қилишарди. Яқин-яқингача мен кўчага чиқиб, болалар билан ўйнардим, бемалол юрарди," - дейди Илоҳа.

У яна қиз болага "айланишни" истамагани, аммо ижтимоий анъаналар уни бунга мажбурлаганини айтади.

"Агар ота-онам мени турмушга берса, афғон аёллари кўрган қийинчиликлари ҳақини ундириб оламан. Эримни шундай дўппослайки, ҳар куни қозининг олдига югурадиган бўлсин," - дейди у.

Умумийлик

Мазори Шарифдаги машҳур масжиднинг имоми Атиқуллоҳ Ансорийнинг айтишича, баъзилар қизларга ўғил бола либоси кийдирилса, Аллоҳ ўғил ато этади деб ишонади.

Шимолий Балх вилоятидаги Аёллар Ҳуқуқлари Департаментининг бошлиғи Фариба Мажид болалигидан Ваҳид номи билан улғайган.

"Мен оиламизда учинчи қиз эдим. Мен дунёга келган пайтим, ота-онам мени ўғил боладай катта қилишга қарор қилган эканлар," - дейди у. -"Мен дадам билан унинг дўконида бирга ишлардим. Мол олиб келиш учун Кобулга борган пайтларим ҳам бўлган."

Фариба Мажиднинг ўйлашича, болаликда олган тажрибаси унда ўзига ишончни кучайтиргани ва бугунги мақомига етишига ёрдам берган.

Меҳроннинг онаси Озита Рафҳат ҳам ўғил болалар сингари улғайган.

"Сизга бир сирни очай: болалигимда мен ҳам ўғил бола либосини кийиб дадам билан бирга ишлаганман," - дейди Рафҳат хоним.

"Мен ҳам эркаклар ва ҳам аёллар дунёсини кўрдим. Бу менга ҳаётда қатъиятлироқ бўлишга ёрдам берди," - илова қилади у.

Атиқуллоҳ Ансорийнинг айтишича, Ислом ўғил бола сифатида улғайган қизлардан, балоғат ёшига етгач, ҳижоб ўрашни тақозо этади.

Афғонистонда қиз фарзандни ўғил сингари улғайтириш кенг тарқалган. Деярли ҳаммада ё қариндоши ва ё қўшниси бу анъанадан фойдаланган.

Нотенглик негизи

"Бачапўш" анъанаси Афғонистонда бир неча асрдан буён мавжуд. Кобуллик социолог Довуд Дарвишга кўра, бу анъана афғонларнинг истилочиларга қарши курашган даврларга бориб тақалиши мумкин.

Аммо Балх Инсон Ҳуқуқлари Комиссиясининг бошлиғи Қози Сайид Муҳаммад Сами бу анъанани инсон ҳуқуқларининг бузилиши деб баҳолайди.

"Биз кимнингдир жинсини бир муддатга ўзгартира олмаймиз. Қиз болани маълум бир муддатга ўғил болага ўзгартиришга ҳаққимиз йўқ. Бу инсонийликка қаршидир," - дейди у.

"Бачапўш" анъанаси баъзи қизлар ҳаётига зарар етказадиган даражада зиён етказган. Кўплаб қизлар болалиги ва шахсияти йўқолганини айтишади.

Аммо бошқалар учун "бачапўш" анъанаси бир муддат эркин бўлиб яшаш имконини берган.

Кўпчиликни эса мутлақо бошқача савол қизиқтиради: "Куни келиб афғон қизлари ҳам ўғил болалар сингари эркинлик ва эътиборга лойиқ бўлишадими?"

Бу мавзуда батафсилроқ