Сэндвич сэндвичнинг 250 йиллигини байрам қилмоқда

Англиянинг Сэндвич шаҳрида дунёнинг кўпчилик қисмида яхши таниш емак - сэндвичнинг 250 йиллиги хос тантаналар билан нишонланмоқда.

Тарихий қайдларда сэндвичнинг келиб чиқиши Сэндвичнинг тўртинчи графи номи билан боғланади.

Аён бўлишича, граф Жон Монегю 1762 йилда дўстлари билан карта ўйнаб ўтирган маҳалида қорни очиб қолади.

Ўйиндан чалғимаслиги учун, парракланган мол гўштини икки бўлак нон орасига солиб, олиб келишларини буюради.

Бу каби қўлбола емак графнинг дўстларига шунчалик ёқиб қоладики, улар ҳар гал карта ўйнагани келишганида, "Ўшандай сэндвичдан ейлик", деб сўрайдиган бўлиб қолишади.

Шу-шу, сэндвич атамаси истеъмолга кириб келади.

Тантаналар

Тантаналар доирасида шу дам олиш кунларида шарқий Кент шаҳрида сэндвич қилиш бўйича мусобақалар уюштирилади.

Граф илк бор сэндвич олиб келишларини буюрган лаҳзалар саҳналаштирилади.

Тантаналар ташкилотчиси Манди Вилкинснинг айтишича, тадбир дунёнинг аксарият давлатларида катта қизиқишга сабаб бўлган.

"Сэндвич бутун дунёга тарқаб кетган бўлса, Сэндвич эса, ўрта асрларга хос бинолар тиқилиб кетган жимитдеккина бир шаҳар. Шундай бир емакнинг кичиккина шаҳарча номи билан аталиши ғалати эмасми", дейди у.

Масъулларга кўра, Британия сэндвич саноатида ҳозир 300.000 дан ортиқ инсон ишлайди.

Бутун саноатнинг тужжорий қиймати эса, 6 миллиард фунт стерлингдан ортади.