BBC navigation

'Шайтон суралари" муаллифининг янги асари нашрдан чиқди

Сўнгги янгиланиш 17 сентябр 2012 - 13:41 GMT

20 йил муқаддам чоп этилган асари мусулмонлар орасида катта норозиликларга сабаб бўлган Салмон Рушдийнинг янги китоби "Жозеф Антон", деб номланади.

Бу китобда асли ҳиндистонлик, аммо узоқ йиллардан бери Буюк Британияда муҳожиратда яшаётган ёзувчининг ҳаёти ва унга чиқарилган ўлим фатвоси ҳақида сўз боради.

"Шайтон суралари" асари сабаб Салмон Рушдийни Эрон руҳоний раҳбарлари ўлимга маҳкум этишган.

Мусулмонларнинг ўша пайтдаги норозиликлари ҳам сўз эркинлиги ва диний эҳтирослар тўқнашуви сифатида талқин этилганди.

Янги асарининг чоп этилиши манзарасида ёзувчи Салмон Рушдий Америкада ишланган аксилисломий фильм юзасидан бир неча кундан буён давом этаётган норозилик намойишлари сабабини мана бундай изоҳлаган:

Салмон Рушдий: Менимча, биз Ливияда кечган сўнгги воқеаларга оид кўпроқ маълумотга эҳтиёж сезмоқдамиз. Араб баҳоридан кейин қизиқ бир ҳолат ўртага чиқмоқда - салафийлар ҳаракати жонланиб кетди. Салафийлар Ислом жамоаси орасида энг мутаассибларидан саналади. Аслида қолган исломий жамоалар салафийлардан, бир маънода, ҳатто қўрқишади ҳам. Яна қизиқ томони шуки, Бенғозида биз кўрган байроқ "Ал-Қоида" тармоғи ишлатадиган байроқдир. Шунинг учун ҳам одамлар бу аҳмоқона видеофильмдан ғазабга тушишгани учун кўчага чиқишмоқдами ва ё бунинг бошқа бир сабаблари борми - бизга бу қоронғу.

Савол: Сиз ўз хотираларингизда Ҳиндистонга муҳаббат, Покистонга, таъбир жоиз бўлса, бир маънода нафрат изҳор этасиз. Покистон ҳақида сўрасам, айниқса, у ердаги ширк ҳақидаги қонун борасида...Айтинг-чи, Ислом ҳақидаги баҳсу мунозаралар бир гуруҳнинг измига тушиб қолдими? Баҳс қилиш қудрати кимда ҳозир?

Салмон Рушдий: Ҳамма гап мана шунда,..кимга бундай қудрат берилган деган саволда. Менинг асарим "Шайтон суралари" билан ҳам шундай бўлганди. Бу саволга жавоб эса оддий ва яна савол билан... Сиз қанчалар озод жамиятда яшайсиз ? Чунки озод жамиятда бизнинг ҳаммамиз бўлган воқеаларга муносабат билдиришга ҳақлимиз ва бу қудратга эгамиз. Биз бўлиб ўтган воқеаларни гапириб бериш, таҳлил қилиш ва уларни талқин қилишимиз озод жамиятнинг асосларидан биридир. Аммо агар ҳукумат ва ё қудратдагилар йўқ, фақат бизгина бу воқеага баҳо берамиз, бу воқеани бизгина сизга айтиб берамиз дейиши билан бу мамлакат истибдод ўлкасига айланади. Покистон эса ана шу йўлдан кетмоқда.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.