BBC navigation

Афғонистонда олинган 'Улоқчи болалар' филми Оскарга даъвогар

Сўнгги янгиланиш 24 феврал 2013 - 14:43 GMT
14 ёшли Фавод Муҳаммадий филмда бош ролни ўйнайди

14 ёшли Фавод Муҳаммадий филмда бош ролни ўйнайди

Афғонистонда ишланган қисқа митражли филм бугун Оскар мукофотига даъвогарлик қилади.

"Улоқчи болалар" деб номланган ушбу ярим соатлик филм Ғарб ва Афғонистон ижодкорлари қўшма лойиҳаси бўлиб, урушлардан елкаси кўкарган ушбу мамлакатда кино санъатини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар бир қисмидир.

Бу худди уруш ҳақидаги филмга ўхшайди, аммо, аксинча, бу орзу-умидлар ва тақдирлар ҳақидаги ҳикоя.

Воқеа марказида улоқ ўйини туради. Икки ёш афғон учун филмда акс этган чавондоз - худди футбол афсонасига каби.

Кўча бозоридан Ҳолливудгача

14 ёшли Фавод Муҳаммадий филмда бош ролни ўйнайди. Фавод филмга тушишидан олдин Кобул кўчаларида харита сотиб, оиласидагиларни боқиб келган.

Кинода ўйнаб шуҳрат орттирганига қарамай, у ўз дўстларини ташлаб кетгани йўқ.

"Аввал улар мени харита сотувчи деб билишарди, энди мени актёр сифатида танишади", дейди у.

Филм асосан Кобулда суратга олинган. Аммо, махсус таълим кўрмаган кўча болаларини актёрга айлантириш қанчалар осон кечди?

"Бу Афғонистоннинг руҳидир...У мен билган энг зукко, ақлли ва ички илиқлиги билан ажралиб турадиган болалардан биридир", дейди филм директори Сам Френч.

Фаводнинг ҳикояси Ҳолливуднинг энг юқори мукофоти Оскарга номзод қилиб кўрсатилди. Афғонистонда Толиблар даврида филмлар таъқиқлаб қўйилганди. Фаводнинг онаси бу ҳақда нима деб ўйлайди?

"Онам филмни кўриб жуда хурсанд бўлдилар, ғурурландилар..."

Фавод энди умридан биринчи марта бу кўчаларни тарк этмоқда.

Ҳолливуд

Фавод дўсти билан Ҳолливудда ҳаёт энг қайнаган вақтда пайдо бўлди. Якшанба куни Оскар мукофотлари топширилади.

Фавод ва дўсти ўйнаган "Улоқчи болалар" филми энг яхши қисқа метражли филм номинациясида Оскарга номзод топилган. Бу афғон ўсмирлари учун Ҳолливудга келиш бутун бир янги дунёга саёҳат кабидир.

Би-би-си: Кобул билан Ҳолливуд ўртасида фарқ катта бўлса керак, а Фавод?

Фавод Муҳаммадий: Мен жуда бахтиёрман, ҳамма актёрларнинг орзуси бу... Жуда ҳаяжондаман. Афғонлар учун ўзим учун фахрланаман...

Би-би-си: Ҳолливуд ҳақида нима деб ўйлайсан?

Фавод Муҳаммадий: Жуда яхши жой экан бу ер... Хавфсизлик бор. Ҳаммаёқда ўйин кулги. Ҳамма нарса ёқади менга бу ерда...

Би-би-си: Овқатларичи? Ёқмади деб эшитдим...

Фавод Муҳаммадий: Овқатлари... Ёқади. Айримлари бошқача жуда. Бургер ёқди менга.

Би-би-си: Кимларни кўришни истайсан бу ерда?

Фавод Муҳаммадий: Силвестер Сталлонини кўрсам яхши бўларди...

Би-би-си: Афғонистоннинг келажаги қандай бўлади, нима деб ўйлайсан?

Фавод Муҳаммадий: Биласизми, Афғонистонни кўпчилик бу ерда ёмон бир мамлакат деб ўйлашади. ИншоОллоҳ биз Афғонистоннинг ҳақиқий юзини кўрсатамиз бу филм билан...

Агар бу болалар Афғонистонга Оскар олиб кетишса, орзулари ушалмоғи тайин. Аммо ютишса ҳам, ютқизишса ҳам Кобулда харита сотиб кун қиладиган бу болакай учун Ҳолливудга келиш ва Оскарга номзодликнинг ўзиёқ бетакрор бир саргузашт бўлиши аниқ

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.