‘Миямиз янги қўшиққа жон дейди’

Бу каби хулосага канадалик бир гуруҳ олимлар келишибди. Уларнинг айтишларича, янги куй-қўшиқ инсон миясига жуда хуш ёқаркан.

“Science” журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, мусиқани биринчи марта эшитган пайтда миянинг ҳузурланиш маркази “яшнаб кетаркан”.

Тадқиқотчиларнинг ишонишларича, мия аввал “қулоқ тутган”лари билан таққослаб, куйнинг эски ёки янги экани борасида ўзи хулоса чиқариб олади.

Улар сўнгги тадқиқотлари жараёнида мияни оҳанрабо таъсирини акс эттирувчи (MRI) ускуна орқали кузатиб туришган.

Олимлар ўз кузатувлари чоғида янги куй ёки ашула эшитган пайтда миянинг ҳузурланиш маркази фаоллашганини аниқлашган.

Яъни, инсонлар ўзлари эшитаётган янги куй-қўшиқдан қанчалик кўп роҳатланишса, миянинг уларда ёқимли ҳис-туйғулар пайдо қилувчи ёндош ядрочалари шунчалик жонланиб кетаркан.

Канадалик олимлар ёндош ядрочаларнинг вазифаси ўзларига анча олдин аён эса-да, куй-қўшиқ мавҳум бўлгани учун тадқиқотлари арафасида бунга бошқа нарса сабаб бўлса керак, деган ўйда бўлишган.

“Одатда, қорнингиз таталаб кетаётган пайтда бир бўлак нон ёки бир мирингиз бўлмаган пайтда каттароқ миқдорда пул топиб олган пайтингизда миянгиздаги ёндош ядрочалар “рақсга тушиб келган”.

“Тадқиқотимизнинг бутун ажойиботи ҳам шундаки, инсон, ҳатто, мутлақ мавҳум нарсадан ҳам худди шундай завқ ола биларкан”, дейди Торонтодаги “Rotman” тадқиқот марказидан доктор Валорий Салимпур.

Аммо, унинг таъкидлашича, аввал эшитган куй-қўшиқлари фарқли бўлгани учун, ҳар бир инсон миясининг бу қисми ҳам ўзига хос бўлади.

Монреал Тадқиқот марказида ўтказилган тажриба йигирмага яқин кўнгилли устидан олиб борилган ва фойдаланилган янги 60 та куй-қўшиқ ҳам уларнинг истак-хоҳишларига қараб танланган.

Тажриба остидаги кўнгиллилар, 30 сонияли куй-қўшиқни эшитиш жараёнида , ҳатто, ётган жойларида ўзларига ёқиб қолганларини сохта интернет дўкони орқали сотиб олишга ҳам имконли бўлишган.

Сўнгги топилдиқлари ортидан, тадқиқотчилар, энди, инсонларнинг мусиқий дидини нима белгилашини аниқлашмоқчи.

Улар кимнингдир жазз, бошқанинг рок-н-роллни ёқтиришига ҳам бизнинг миямиз фаолияти сабабчими ёки йўқлигини ўрганишмоқчи.

Бу мавзуда батафсилроқ