Интернет орқали Қуръони Каримдан сабоқ олиш хавфсизми?

Image caption Ҳамза Рана уч йилдан бери Интернет орқали Қуръони Каримдан сабоқ олади.

Британияда кўплаб ота-оналар ўз фарзандларига Исломий сабоқ бериш йўлида Интернетга мурожаат қилмоқдалар.

Лекин бу ўз ўрнида турли радикал гуруҳлар болаларга ўз қарашларини сингдиришлари мумкинлиги борасида хавотирларни уйғотган.

Одатда болалар мактбадан кейин маҳаллий мадрасаларда ташкил қилинган ўқув машғулотларига борардилар. Бутун Британия бўйлаб 2 мингга яқин мадрасага 250 мингга яқин ёш бола қатнаши айтилади.

Лекин охирги вақтларда ота-оналар Skype орқали Қуръони Каримдан сабоқ берувчи хизматларга ҳам мурожаат қилмоқдалар.

Ҳамза Рана бундан уч йил аввал "Faiz-e-Quran Online Academy" томонидан ташкил этилган машғулотларга қўшилган.

Машғулотлар Skype орқали, Покистондаги исломий марказлардан биридан туриб ҳафтасига уч маротаба 30 дақиқа мобайнида олиб борилади.

Машғулот мобайнида видео тасвирлар ё-да Қуръони Карим саҳифаларини кўрсатувчи дастурлар ишлатилмайди. Ҳамза сураларани ўқийди, хато қилса домла тузатади.

Ҳамза отасининг айтишича, бу хизматдан жуда мамнун. Уларнинг оиласи Бирменгем шаҳри ташқарисида яшайди ва энг яқин исломий марказ анчайин узоқда жойлашган. Шунинг учун Интернет орқали сабоқ олиш энг қулай йўл.

Image caption Британия бўйлаб 2 мингга яқин мадрасада 250 минг бола сабоқ олиши айтилади.

"Агар мактабдан кейин мадрасага олиб борганимизда олиб боришнинг ўзига икки соат вақт кетарди. Бундан кейин на дарс қилишга, на овқат ейишга вақти қолмасди. Ҳозирда беш ёшли ўғлимизни ҳам машғулотларга ёзиб қўйдик. Машғулотлар сифатли ва нархи ҳам кўп эмас", дейди Ҳамзанинг отаси.

Шеффилд шаҳрида яшовчи Сайма Биби ҳам 10 ёшли қизи учун шу каби машғулотларни танлаган.

Ота-оналар кўпда бу борада бир-бирларидан маълумот оладилар.

Ақдапараст ғоялар хавфи

Айни вақтда аксари Покистон, Сурия, Миср ва яна кўплаб бошқа хориж мамлакатларида жойлашган бу каби марказларда ишловчи домлалар ақидапараст ғояларга эга эканликлари ва бу ғояларни болаларга сингдиришлари мумкинлиги ҳақида хавотирлар пайдо бўлган.

Интернет марказларидан бири "Easy Qur'an Memorising" тақиқланган террористик ташкилотлардан бирининг собиқ аъзоси томонидан юритилади.

Миён Шаҳзиб "Жамот-е Даъва" гуруҳида фаол бўлган. Лекин Би-би-си билан телефон орқали суҳбатда гуруҳга алоқадорлигини рад этди.

Унинг айтишича, талабалик йиллари фаоллик қилган, лекин ҳозирда "Жамот-е Даъва" га ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Британиядаги Ислом Таълим марказларидан бири имоми Салим Ғиса ҳам Интернет орқали Қуръони Карим машғулотларини бераётган баъзи хизматлардан хавотирда эканлигини айтади.

Имомнинг айтишича, Қуръони Каримни ўрганиш аксар ҳолларда унда айтилган нарсаларнинг мағзини чақиш ва талқин қилишга асосланади.

Image caption Имом салим Ғисанинг айтишича, Қуръони Каримни ўрганиш аксар ҳолларда унда айтилган нарсаларнинг мағзини чақиш ва талқин қилишга асосланади.

"Шунинг учун ақидапарастлар томонидан турли талқинларга учраймиз. Улар сурага ўзгача талқин бериб, ўзгача маънони келтириб чиқарадилар", дейди имом Ғиса.

"Faiz-e-Quran" интернет хизмати асосчиси Султон Чодрийнинг айтишича, фарзандлари учун ишончли машғулот марказини танлаш масуълияти ота-оналар зиммасида бўлиши керак.

Чодрий қуролли кучларнинг собиқ зобити, ҳозирда унинг маркази хизматидан 47 бола фойдаланмоқда.

"Марказимиз домлалари айтган ҳар бир сўз компютерлар орқали ёзиб олинади ва биз буни кузатиб борамиз. Бундан ташқари ҳамма домлалар бир хонадан туриб ишлашади, бир-бирларининг ишлаш жараёнидан воқифлар. Биз, шунингдек, ота-оналарни фарзандлари нималарни ўрганаётганлигини назорат қилиб туришларига даъват қиламиз", дейди Султон Чодрий.

Британиядаги мадраса ва масжидлар фаолиятини назорат қилувчи ташкилот раҳбари Мустафо Фиелдга кўра, ҳозирги босқичда Интернет орқали Қуръони Каримдан сабоқ олаётган болаларнинг радикаллашаётганликлари далили деярли йўқ.

"Болаларга ҳар бир нарсага кенгроқ назар ташлаш, айтилган гап ва ўқилган нарсага танқидий ёндошувни ўргатиш жуда муҳимдир", дейди Мустафо Фиелд.

Ҳозиргача, Интернет орқали сабоқ олган болалардан биронтаси радикал гуруҳлар ғояларига берилиб кетганлари ҳолати маълум эмас. Лекин бу ҳолат юз бериши мумкинлиги борасида хавотирлар сақланиб қолмоқда.

Интернет орқали Қуръони Каримдан сабоқ олиш ҳақида сизнинг фикрингиз қандай? Бизга ўз фикр-мулоҳазаларингизни йўлланг.