Мусулмонлар инглиз футбол маданиятини қандай ўзгартиришмоқда

Англия премьерлигасига илк мусулмон футболчисининг қадам қўйиши 1992 йилга бориб тақалади.

У ҳам бўлса, "Тоттенҳам"нинг испаниялик ярим ҳимоячиси Найим эди.

Бугунга келиб эса, Англия премьерлигасида 40 нафар мусулмон футболчиси тўп суради.

Ўнлаб мусулмон футболчилари, ўз ўрнида, футболнинг Ватанида ўйин маданиятига ҳам жиддийгина таъсир ўтказишган.

Ўтган йил бошида "Ньюкасл"нинг "Астон Вилла"га қарши ўйини чоғида юз берган бир ҳодиса бунинг яққол мисоли эди.

Учрашувнинг 30-дақиқасида Демба Ба ўйинда ҳисобни очади. Демба қувончига сиғмай, майдон бурчагига қараб югураркан, унга сенегаллик жамоадоши Паписс Сиссе қўшилади.

Икковлон майдонга чўкка тушиб, Аллоҳга ҳамду саноларини айтишади.

Футболнинг байналмилаллашиб бораётгани эса, мусулмон футболчилари таъсирларининг янада кучайишига хизмат қилмоқда, холос.

Скаутлар янги иқтидорлар илинжида ўз турларини янада узоқроққа отишаркан, Англия премьерлигаси ҳам янада турфалашиб бормоқда.

Ғарбий Африканинг чекка бир қишлоғи ёки Парижнинг қашшоқ мавзеъларидан чиққан ёшлар жаҳон футболи юлдузларига айланиб боришмоқда.

Улар инглиз клубларида тўп суриб, бойлик ва ном қозонаётган бўлишлари мумкин.

Аммо бу каби футболчиларнинг аксарияти маданий ўзликларининг асосига бориб тақалувчи, уларга йўл кўрсатувчи ва оғир пайтларда кўнгилларига таскин берувчи бир нарса - Ислом динига бўлган эътиқодларини сақлаб қолишган.

"Мен мусулмонман"

Image caption Футболнинг байналмилаллашиб бораётгани эса, мусулмон футболчилари таъсирларининг янада кучайишига хизмат қилмоқда, холос

Ўтган йил "Ньюкасл"дан "Челси" га ўтган Ба даражасидаги футболчи ўзининг эътиқодли мусулмон эканини айтаркан, айримлар клублар бунга эътибор бермасликлари лозимлиги ҳақида ҳам сўз юритишганди.

Аммо инглиз клублари ва уларнинг раҳбарияти ўйинчиларининг диний эҳтиёжларига чин дилдан қулоқ тутишмоқда.

Дейлик, мусулмон футболчиларининг овқатлари ҳалол бўлиши таъминланади. Алоҳида ювиниш хоналари ва беш вақт намозни канда қилмасликлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади.

Яқин-яқингача Англия премьерлигасида учрашувларда "Энг зўр футболчи", деб топилган ўйинчиларга шампан шароби ҳадя қилиш одат эди.

Мусулмонларга эса, спиртли ичимлик ичиш тақиқланган.

Шу сабабданми, диний эътиқодидан келиб чиқиб, "Манчестер Сити" ўйинчиси Яя Туре телевизион суҳбатида чоғида ўзига берилган шампан шаробидан мулойимлик билан бош тортаркан, турнир ташкилотчилари буни инобатга олишга мажбур бўлишади.

Бундан буёғига ўзини кўрсатган ўйинчига шампан шароби эмас, кичкинагина кубок ҳадя қилинадиган бўлди.

"Ливерпул" Англия Лигаси ғолиблигини қўлга киритган 2012 йилда эса, теварак-атрофга сочаётган спиртли ичимликлари эътиқодли мусулмон бўлган шифокорларининг кийимларига тегмасин деган ўйда футболчилар уларни кийиниш хонасидан ташқарига олиб чиқиб қўйишади.

Футболу рўзаю Рамазон

Image caption Бундан буёғига ўзини кўрсатган ўйинчига шампан шароби эмас, кичкинагина кубок ҳадя қилинадиган бўлди

Рамазон ойида мусулмон футболчилари рўза тутишларининг ўзи алоҳида бир масала.

Дейлик, 18 соат туз татимаган футболчи қандай қилиб 90 дақиқа қойилмақом тўп суриши мумкин бўлади?

Шунга қарамай, айрим мусулмон футболчилари рўзаларини бирор кун ҳам бузмасликни маъқул кўришади.

Бошқалари эса, машғулотлар пайти рўза тутиб, ўйин куни оғизларини очишади.

Клублар ҳам улар билан муросага боришга ҳаракат қилишса-да, Рамазон мусулмон ўйинчилари учун ҳам, жамоалар раҳбарияти учун ҳам осон давр бўлмайди.

Дейлик, "Арсенал" ярим ҳимоячиси Абу Диаби, "жамоаси ўзининг рўза тутмаслигини маъқул кўриши, бироқ бунинг мен учун муҳим ой эканини тушуниб, имкон қадар ўзига шароит яратиб бериши"ни айтади.

28 ёшли Ба айнан рўза тутиш юзасидан клуби раҳбарияти билан гоҳида сан-манга ҳам боргани, аммо ўз аҳдида қатъий туриб олганини яширмайди.

"Ҳар гал мураббийим шундан нолиб қолганда, "Қулоқ солинг, мен барибир рўза тутаман. Яхши ўйнай олсам, ўйнайвераман. Агар, ўйиним ёқмаса, марҳамат, захира ўриндиғида қолдиринг. Менинг бўлганим шу деб айтаман", дейди у.

"Стоук" клуби собиқ ҳужумчиси 33 ёшли Мамади Сидибе, "айрим футболчилар ўйин куни ҳам рўза тутишса-да, яхши ўйин кўрсатишади. Лекин, ўзимга келсак, бундай қилолмайман. Чунки одамларга баҳона қилишни истамайман", дейди.

Аммо бу йил мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи Англия премьерлигасида янги мавсум бошланишига 10 кун қолганда, яъни 7 август куни ўз поёнига етади.

Ҳомийлар ва мусулмончилик

Image caption Испаниялик Найим Англия премьерлигасида тўп сурган биринчи мусулмон футболчиси эди

Клубларнинг ҳомий ширкатлар билан имзолаётган битимлари инглиз клубларида тўп сурувчи футболчиларни танг аҳволга қўяётган яна бир жиҳатлардан бири.

Дейлик, футболчиларнинг футболкаларига турли гардкам ўйинлар ёки судхўрлик билан шуғулланувчи ширкатларнинг рамзлари туширилиши мумкин. Бу каби фаолият турлари эса, Ислом динига зиддир.

Ўтган ой Сиссе "Вонга" ширкатини реклама қиладиган бўлсам, бу - менинг исломий эътиқодимга зид амал бўлади, деб, бу хусусда "Ньюкасл" ва янги ҳомийлари билан сўзлашиш истагида эканини айтганди.

"Виган" ва "Вест Бром" жамоалари собиқ ҳужумчиси 32 ёшли Натан Эллингтон эса, бу борада буткул бошқача фикрда.

Унинг ишонишича, қайси ҳомийни танлаш, барибир, клубнинг ўз ихтиёридаги иш бўлиб қолаверади.

"Одатда, бу - мусулмон футболчига боғлиқ бўлмайди. Мусулмонга гардкам ўйинлар ўйнаш тақиқланган эса-да, қўлидан ҳеч нарса келолмаса керак".

"Виган" дарвозабони 31 ёшли Али Ал-Ҳабсий ҳам собиқ жамоадошининг фикрига қўшилишини айтади.

"Биз ўйинчи бўлсак. Буларнинг барчаси эса, футбол клуби билан боғлиқ масалалар. Ўзимизнинг ишимизни қилишдан бошқа нима ҳам қила олардик".

Ишқибозлар ҳам бефарқ эмас

Мураббийи Алан Пардью Банинг ўтган йилги футбол мавсумини нега суст бошлагани сабабини унинг рўза тутаётгани билан изоҳларкан, унинг сўзлари жамоа ишқибозларини бефарқ қолдирмайди.

Улар Банинг Рамазон кунларида киритган ҳар бир тўпини Депеш Мод гуруҳининг "Just Can't Get Enough" қўшиғини хиргойи этиб нишонлашади.

"Ньюкасл" хиёбонларида тўп сураётган болакайлар эса, рақиблари дарвозасини забт этгандан сўнг, намоз ўқиётган кишидек, ерга чўкка тушишни ҳам одат қилишибди.

Болалар қилаётган ишларининг маънисини тўлиқ англаб етмаётган бўлишлари мумкин, аммо бу - исломий амалиётларнинг британ маданиятига ошфута бўлиб бораётганига далолат қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ