Водка Россия эркакларини эрта ўлдираяпти

  • 1 Феврал 2014

Британиянинг нуфузли тиббий The Lancet журнали россиялик ва ғарблик мутахассиларнинг Россия эркаклари орасида кучли алкогол ичимликлар, биринчи навбатда ароқ ичиш эрта ўлимнинг сабабларидан бири экани ҳақидаги мақолани эълон қилган.

Бу айни мавзуда Россияда профессор Давид Георгиевич Заридзе раҳбарлигидаги Саратонга қарши Россия жамияти ўтказган биринчи тадқиқот эмас.

Олимлар узоқ вақт мобайнида Россиянинг уч шаҳри - Томск, Барнаул ва Бийскда инсонларнинг эрта ўлими ва ҳаёт тарзи, одатлари, жумладан спиртли ичимликларга мойиллиги ўртасидаги боғлиқлик борасида кузатув ва текширувлар олиб боришган.

Бу тадқиқот 15 йил олдин бошланган ва ҳозир ҳам давом этмоқда.

Текширувлар Британия тиббий тадқиқотлар кенгаши, Британия кардиологок марказ, Британия саратон тадқиқотлари маркази, Оврўпо Иттифоқи ва Саратонга оид тадқиқотлар халқаро агентлик маркази томонидан молиялаштирилган.

Узоқ муддатли тадқиқотлар

Профессор Заридзенинг Би-би-сига айтишича, тадқиқотлар 1999 йил бошланган ва Ғарбий Сибирнинг уч шаҳрида 200 минг аҳолини ўз ичига олган.

Сўров 35 ёшдан 69 ёш орасида вафот этган кишиларнинг қариндошлари ўртасида участка шифокорлари томонидан ўтказилган.

Ўшандаёқ ўткир спиртли ичимликлар, асосан ароқ истеъмол қилиш билан эркаклар(қисман аёллар ҳам) ўртасидаги ўлим даражасида боғлиқлик борлиги юзага чиққан.

"Биз Томск ва Барнаулда вафот этган 50 минг кишининг яқинларига саволлар билан мурожаат қилдик. Бу эркаклар нимадан ўлган, Улар қанча ва айнан нима ичишган, чекишармиди, нима билан оғришган, каби саволларни бердик. Ва бунинг натижасида шундай фикрга келдикки, спиртли ичимликлар истеъмоли Россиядаги ноодатий юқори ўлим даражасининг асосий сабаби экан", дейди профессор Заридзе.

Lancet журнали босган ҳозирги тадқиқотлар айнан шу шаҳарлардаги 151 минг кишини тадқиқотига асосланган. Улар ҳам дастлабки тадқиқот хулосаларини тасдиқлайди.

Бу сафар тирик одамларнинг касаллик тарихи, уларнинг спиртли ичимликлар ичиши ва ҳаёт тарзи ўрганилди. Бу тадқиқот қатнашчилари 10 йил давомида ўрганилди, уларнинг 8000 таси бу вақт орасида вафот этди.

"Ароқ подшолик учун рус халқини жисмонан, ахлоқан ва ижтимоий йўқ қилиш қуроли бўлиб хизмат қилди. Шу билан бирга, у Россия давлатининг асосий даромад манбаси ҳам эди",- деб айтган Лев Троцкий.

Иккала тадқиқот ҳам кўрсатишича, бир ҳафтада уч ва ундан ортиқ шиша ароқ ичган эркаклар орасидаги ўлим ҳафтасига бир шишадан кам ароқ ичганларга нисбатан кўп эди.

Ҳафтасига уч ва ундан ортиқ шиша ароқ ичувчи 35-54 ёшли гуруҳ орасида ўлим хавфи эркакларда 35 фоизни ташкил қилса, 55-74 ёшдагилар орасида бу хавф 64 фоизгача кўтарилди.

Маълум бўлишича, ароқни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш ташқи сабаблар - қотиллик, суиқасд, бахтсиз ҳодисалар, шунингдек, касалликларнинг саккиз тури, жумладан, томоқ раки, жигар саратони, сил, пневмония, панкреатит, жигар церрози, юрак-томир хасталикларининг кескин ошишига олиб келган.

Тарихий факт

Ҳозирги пайтда россиялик эркакларнинг 25 фоизи 55 ёшгача яшамай вафот этса, Британияда бу атиги 7 фоизни ташкил қилади.

Тадқиқотчилар бу фарқни Россияда спиртли ичимликлар истеъмол қилишнинг ўзига хосликлари ва аҳоли орасида чекишнинг кенг тарқалганлиги билан изоҳлашади.

"Россияда охирги 30 йилдаги ўлим даражаси ҳайратланарли даражада беқарор бўлиб, Горбачёв даврида спиртли ичимликларни чеклаш чоралари, 1990 йиллардаги президент Елцин давридаги ижтимоий ўзгаришлар ва президент Путин даврида қабул қилинган алкоголга қарши чеклашларни ўзида акс эттиради. Илгари бу ретроспектив тадқиқотлар орқали аниқланган бўлса, ҳозир йирик ва ишончли тадқиқотлар асосида исботини топди", дейди Оксфорд университети профессори Ричард Пито.

Британияда 15-54 ёш гуруҳи орасида ўлим асосан чекишдан оммавий воз кечиш ҳисобига 1980 йилдан буён доимий пасайиб келгани кузатилди. Россияда эса бу даража доимий ўзгариб турганини кўриш мумкин.

Ўзига нисбатан нафрат

Профессор Заридзе таъкидлашича, Россияда 1986 йилда бошланган Михаил Горбачёв номи билан боғланган алкоголга қарши кампания (аслида Лигачёв ташаббуси бўлган) спиртли ичимликлар ичишни икки йилда 25 фоизга камайтирди ва ўлим даражаси пасайишига олиб келди.

Москвада 1987 йилда алкоголга қарши намойиш бўлиб ўтди.

Совет Иттифоқининг парчаланиши билан спиртли ичимликлар ичиш кескин ошди ва эркаклар орасида ўлим даражаси ҳам кўтарилди. 2006 йилда президент Путин томонидан спиртли ичимликлар сотишни чеклашга қарши янги чоралар киритилиши билан ароқ ичиш билан бирга ўлим даражаси ҳам қисқарди. Бироқ 55 гача бўлган эркаклар орасида тўсатдан ўлим хавфи ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

Давид Заридзе ўзининг ҳамкори, сэр Ричард Питонинг сўзларини келтирди: "Мен тушунмайман, нима учун россияликлар ўзларини қадрлашмайди, нима учун ўзларини бу қадар ёмон кўришади?"

Ҳозирги тадқиқот мутахассисларнинг юқори баҳосини олди. Торонтодаги ружу ва руҳий соғлиқ марказининг шифокори доктор Юрген Рем тадқиқотнинг катта амалий аҳамияти борлигини эътироф этади.

"Россияда ўртача ҳаёт эркаклар орасида 64 ёшни ташкил қилади, шунинг учун алкогол ва сигарет истеъмол қилиш бўйича шошилинч амалий сиёсат зарур", дейди доктор Рем.

"Россияда алкогол истеъмол қилиш юқори бўлиб қолаётган бўлса ҳам, бу ўлим даражаси тўлиқ унга боғлиқ дегани эмас. Бу ерда ижтимоий факторлар ҳам бор, жумладан, "ичкиликка муккасидан кетиш" одати ва чекиш ҳам таъсир қилади".

Профессор Заридзенинг сўзларига кўра, Россияда 2006 йилда спиртли ичимликларни сотишни чеклаш чоралари анча самарали бўлгани кўринади. Москвада ҳозир кечки соатларда спиртли ичимликлар сотилмайди. Ёшлар ҳозир кўпроқ пиво ичишни маъқул кўрадилар. Заридзенинг фикрича, бу Россия учун аввалги пайтларга солиштирганда катта ўзгариш ҳисобланади.

Бу мавзуда батафсилроқ