Шаҳодат Улуғ. Жайҳун эпкинлари - роман. 2-қисм

Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган.

Бир неча насрий китоблар муаллифи.

Ёзувчининг эътиборингизга ҳавола этаётганимиз – Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи романи адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинмоқда.

Азиз муштарий, жозибали услубда битилган ушбу асарни Сизга ҳам соғиндик, уни мутолаа қилиш баробарида Сиз ҳам юртимизнинг шавкатли ўтмишига яна бир карра ошно бўлинг.

15. Аянчли кунлар

Атрофда бир фарёд эшитилиб турарди. Бир мунгли суврат Жалолиддиннинг кўз ўнгида намоён бўлди, бу суврат мудом пешонасида мунғайиб, оҳори тўкилган атлас сингари кўриниб турди. Хон Султоннинг йиғиси қулоқлари остидан сира нари кетмади. Жалолиддин ўзига келолмай оғир ютинди, солиқ қовоғи эса баттар уюлди. Отлар эса йўлда учраган янтоқларни писанд этмай тобора илгарилаб борарди. У бошини хиёл орқа ташлаб, от жиловини қўлида маҳкам тутиб, кўзини бир лаҳза юмди. Аммо кўзини очгач, қанча зўр бермасин, бошига оғриқ киритган ўйлардан сира қутула олмади. Ҳамон синглисининг мунгли суврати унинг кўз ўнгида намоён эди. “Ё Худо! Қувғинликни ихтиёр этган отам ҳозир қай ҳолда бўлса? Нега у мудом панада қочиб юради? Онаси, аёллари, фарзандлари, ёлғиз қизини шу қисматга гирифтор этиб, тағин бу кулфатларга қандай дош бераётган бўлса?!” Ичидан отилиб чиққан фарёдни у бировга эшиттирмади, аммо бу хитоб ўзини омон қўймагани ҳам рост эди. Ҳаётда шу ҳодисалар ҳам бўлар эканми?! Бундай ҳолатда турган киши ичида кечганини бировга айтишга андиша қилади. Аммо бу куйит сени ўтдан олиб, яна оташ домига солади, шунда иситмаси ошган ичинг ичингга сиғмай қолади. Ер ер еридан ўпирилиб, бир сиқим жонинг келичада туйилади. Ичингдаги тўфонлар эса келида туюлган жонингни тўкиб ташлайди. Ўша исканжа сени буткул адо қилиб, йўқлик қаърига улоқтиради. У тишларини тишларига қўйди, шунда нур шимган пешонасидан сизиб чиқан терлар юзига оқиб туша бошлади. Ғариб ҳолини ёнида кетаётган укалари Гурсанжти ва Ўзлоқшоҳ сезиб қоладигандек бирдан ҳушёр тортди. Кўрдики, улар ҳам акасига ўхшаб, ўз ўйлари билан ўзлари олишиб, жим кетишар эди. Кимсасиз Дашт ҳам, сарбозлар ҳам сукутда эди. Аммо у жонини сиқувга олган хаёллардан қутула олмади. ”Агар отам тахтни менга берганида эди, ўзим Чингизнинг йўлига тўсиқ қўярдим. Аввал бошданоқ кўланка ташлаб келаётган газандаларни юртнинг яқинига йўлатмасдан қириб ташлардим...” Бунга унинг асоси бор эди. Ўшанда, Чингиз босқинидан бир муҳлат илгари отаси Хоразмшоҳ машварат чақирган ва ўша чоғ Жалолиддин отасига ҳақ гапни айтган: “Буюк Мовароуннаҳр - Хуросон, Эрон ҳамда Араб мамлакатиндаги жамики ҳарб кучларни бир мушт қилиб йиғайлик. Бу ҳолатда, агар жангу-жадал муҳаққақ экан, ал-Ҳивақий жанобларининг таклифи жоиз кўринадур. Барча қўшинни салтанат сарҳадларига жамлаб, ёғийни ичкарига йўлатмаслик даркор. Зарбимиз шу қадар бўлсинким, бизга қасд қилган ёғий Дашт қўйнида маҳв этилсун.” Бироқ отаси унинг бу маслаҳатига қулоқ осмади ва машварат якунида “Ҳар бир қалъа, ҳар бир шаҳар ўзини ўзи ҳимоя қилсин” , деган мантиқсиз қарорни қабул қилди. Бу чиндан маънисизларча чиқарилган қарор бўлиб, бутун Мовароуннаҳрни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, дегани эди. Хоразмшоҳ ожиз эмас эди, савдойи мижозлик ҳам унга бегона, аммо унинг руҳий синиқлиги мудом бознаб турган чўғ устига кул тортиб турди. У қудратли эди, бироқ тўрт юз минг лашкарга эга бўлган Султон қаъиятни қўлдан бой бериб қўйганди. Уни онаси бошлиқ қипчоқий қузғунлар тўдаси ўраб олганди. Ва бу бехосият қавм мудом унинг толеъидаги шамни ўчирмоқ пайида бўлди. Мудом йўлида кўндаланг турди. Бу тўда унинг атрофида мудом фитна қўзиди. Қабоҳат ва зулмни авж олдирди. Қонлар тўкди. Хоразмшоҳ бошдаёқ сустлик қилди. У онасининг измида юриб, қипчоқ галаларининг салтанат ичкарисига қадам-бақадам киривуга изн берди. Хусусан, отасининг ўлимидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай қанғилардан бўлган лашкарбошисини вазифасидан четлатди. Унинг ўрнига онасининг уруғидан бўлган Хумор Ағуни туркий қўшинларига сардорликка тайин этди. Қудратга кирган лашкарбоши Хумор Ағу эса қўшин сафини қипчоқлар қавми билан тўлдириб борди. Шундан сўнг Хоразмшоҳ бирин-кетин тоғалари ва бўлаларини вилоят ҳокими этиб тайинлади. Султон бу қавмга ишониб, кўп хатоларга йўл қўйди. Йигирма йил алдовлар ва фитналар ичида ўтди. Аммо буни у дастлабига англамади. Қипчоқлар киши билмас хиёнаткор фитналари билан кўп номаъқул ишларни амалга оширди. Булар туфайли салтанатда кўп адолатсизликлар содир бўлди... Вояга етган шаҳзода Жалолиддинни султон Муҳаммад Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон қадар ёйилган ҳудудларга ҳоким этиб тайин этди. Ўшанда кўклам чоғи эди. Хуросондан Мароқандга онаси Ойчечак Бегим билан қайтаётган Жалолиддин қипчоқлар томонидан уюштирилган суиқасдга дуч келди. Тонг ёришган, йўлда нафас ростламоққа тўхтаган хос лашкарлар яна йўл тараддудига тушишганди. Яна тўрт кун йўл юргач, Мароқандга кириб боришади. Отлар иситмаси ошган қум ўпқонларини писанд қилмай илгарилайди. Узоқдан қорайган шарпа кўрина бошлаган маҳал хавотири ошган Бадр Тархон отининг жиловини тортиб, ортига қайтди. У шаҳзода Жалолиддинга бунинг хабарини етказиш учун шошилди. Қум қати қайнаб, жазирама ҳам авжига чиқди. Жалолиддин қирғин ҳамласини сезиб, барчани огоҳ этди. Қаҳр отида олдинга қараб келаётган икки лашкар ниҳоят тўқнашди. Улар дуч келганнинг калласини олмоққа қасд этишиб, барчани қатлиом қилмоқ учун қилич ўйнатиб, қийқириқлари билан оламга овоза солди. Кимдир кимнидир беомон савалади. Бақир-чақир, оҳ-воҳ оламни тутиб кетди. Барчага жон ташвиши баробар тушди. Атрофни даҳшат қўпди. Тил тортмай ўлганлар, иҳраган кўйи бағри қонаб ётганларнинг саноғи йўқ эди. Жалолиддин бошлиқ лашкарлар бебошлар галасини маҳв этиб, уларнинг сардорини қўлга олди. Сардор Жалолиддиннинг жонига қасд қилиш учун уларни Туркон Хотун жўнатганига иқрор бўлди. Мана ҳозир айнан шу Дашт оша олисларга равона бўлган Жалолиддин ўша машъум воқеани эсга олар экан, тўпиғига довур титраётганини ҳис этди. У момосининг кибрли чеҳраси ҳамда отаси Хоразмшоҳ Туркон қаршисида ўйга ботиб турганини кўз олдига келтирди. Бу жуда аянчли ҳол эди. Ўшанда шаръий Валиаҳд ҳисобланган шаҳзода Жалолиддин ўрнига Ўзлоқшоҳ тахт вориси этиб тайинланди. Ўзлоқшоҳ Турконнинг қавмидан бўлган келини Қутлибикадан туғилган шаҳзода эди. Жалолиддин эса бир қадам орқага чекинишга мажбур бўлди. Бу чекиниш унинг келажаги учун муҳим эканини биларди. Наҳотки умрининг қолган қисми шу ўйлар исканжасида ўтса? Адолат ҳукми борми? У қаерга, қачон ғойиб кетган эди? Шу савол Жалолиддинни ҳушёр торттириб, мудом бедорликка даъват этиб турди. Отлар дупури оламни тутди. Янтоқ унган Даштнинг эса ҳали вери поёни кўринмасди. Жалолиддин юзида униб чиққан терни сидирди. Аммо бошида ғужғон ўйнаётган ўйларни ҳаргиз сидира билмади. Салтанат ичкарисига ўрланиб кирган қипчоқлар галаси мудом фитна қўзиш билан банд бўлди. Ҳаёт-чи? Ҳаёт жангу жадал ичида тебранади. Бу жанг - бу омонсиз саваш кейинги йигирма йил ичида дорулсалтанада янада авж олган эди. Қабоҳат ва зулм жаҳолат гулханини қўзғаб турди. Қонлар тўкилди. Салтанат иккига бўлинди. Отаси Мароқандда, момоси Туркон Гурганжда ҳукм сурди. Бу ҳол тамойилларни тубдан ўзгартириб юборди. Кўриб-билиб турганлар эса бу ҳолга унсиз бўйсунди. Риёкор қипчоқлар яна ноҳақликлар содир этиб, зулм отига минди. Қипчоқлар ҳомийси Туркон уларни қувватлаб турди. Яна кўп адолатсизликлар содир этилди. Асл Валиаҳд Жалолиддин ўрнига Ўзлоқшоҳнинг тахт вориси этиб тайин этилиши бунга ёрқин наъмуна эди. Бу қабоҳат ўйинининг асл кўриниши, адолатсизликнинг исботи эди. Туркон-чи? Унинг пайтавасига қурт оралаб қолганди. У бошидан хато кетганди. Хотун ўз атрофига йиғган қипчоқий қавми ва кўп сонли сарбозларига танянган ҳолда, ўғли Хоразмшоҳнинг йўлига ўз хоҳишларини кўндаланг ташлади. Ўз жигари билан рақобатга киришди. Султон сустлик қилди. Унинг руҳий синиқлиги мудом панд берди. Пичоқ этга бориб қадалгач, ён бериб, онасига буткул таслим бўлди. Туркон Хотун шавкатли ҳожаси Алоуддин Текиш фармон берган тўқсон тўққиз буйруқнинг йигирма нусхасини кўчириб, сақлаб қўйганди. Булардан асосийси: 1. Мовароуннаҳрда шаксиз шаръий Ислом давлатини жорий этиш; 2. Дорулсалтана тамойилларини бузмаслик; 3. Тўнғич фарзанд шаксиз валиаҳддир; 4. Салтанатни фақат адолат асосида бошқармоқлик; 5. Шаҳзодаларнинг хавфсизлиги шаҳаншоҳ ҳимоясида бўлмоғи;..

16. Олий Фармонга дарз етди

Хоразмшоҳлар-чи? Улар бу фармони олийни арслон терисига қаҳрабо ҳарфларда муҳрлаб қўймаганмиди? Ёсуман Туркон Хотун! Олий фармонни бузишга ва ҳожаси шавкатли Текишнинг пок руҳини безовта қилишга на ҳадди сиғмиш унинг?! Ойчечак Бегим-чи? У шоҳ ҳожаси Муҳаммад Хоразмшоҳга боболаридан омон етиб келган бу муборак фармонлар авайлаб сақланишини биларди. Шунда у бу фармонлардан ўзига бир нусха кўчиртирди. Нафақат кўчиртирди, балки у буларни ёд олди. Ва ўғли Жалолиддиннинг-да тафаккурига сингдирди. Ўшанда шаҳзода ўспирин тафаккури билан буни англаб етганди: бобоси Текиш мана шу тамойилларга таянган ва салтанатда адолат ўрнатиб, ҳокимиятни бошқарган. Ўшанда Ойчечак ўйланиб қолганди... Бир гал у қайнотаси султон Текиш ҳожаси Муҳаммадни ёнига чақириб, ҳақиқатни сўзлаган, шунда Ойчечак Бегим уларнинг бу суҳбатига эшик ортидан тасодифан шоҳид бўлганди. Кўпдан унут бўлган ўша манзара Ойчечак хаёлида жонланиб, шаҳзодага қараб сўзлади: - Бобонг шавкатли Текиш мужтабо эди, - деди уқтириб. - Аммо не сўзлигин уқмадим, аниқлик киритсангиз! - Мужтабо, - деди у ҳавода доира ҳосил қилиб, - саралаб олинган, - дея таъкидлади. Шаҳзода бошини қимирлатиб: - Уқдим, мана энди уқдим. - деди. Ойчечак гапида давом қилди: - Туркий сарой тамойилларида шундай: тўнғич фарзанд шаксиз валиаҳддур! Илло, бобонг Текиш отаси Эл Арслонга тўнғич фарзанд эди. Анинг тўнғич зурриёди отанг Муҳаммад эрур. Сен эса бизга тўнғич фарзандсан. Жалолиддин ўрнидан турди, у миннатдор қиёфада бош қимирлатиб, кейин тавозеъ билан онасига таъзим қилди. - Қани ўтир, гапимнинг қолганини эшит,- гапида давом қилди малика, - ўшандаёқ бу тамойилларга дарз кетган эди. Бобокалонинг Эл Арслон тўнғич ўғли Текишни Жанд вилоятига волий этиб жўнатди. Орадан пича фурсат вақт ўтгач, ҳаммаси тубдан ўзгариб кетди. Ўлим тўшагида ётган Эл Арслон муҳим қарорни бузиб, кенжа ўғли шаҳзода Султоншоҳни валиаҳд деб эълон этди. Шу тариқа асл валиаҳдмас, Султоншоҳ тахтга кўтарилди. Бобонгнинг ўлимидан сўнг салтанатни ёш, бунинг устига иқтидорсиз Султоншоҳнинг ўрнига онаси бошқарди. Бу - тамойиллар бузилиб, салтанат омонат қасрга айланиб бораётганидан далолат эди. - Ҳақсизлик! Бу қандай бузуқ ҳол бўлди? - шаҳзода ўтирган жойидан туриб кетди. - Ўғлим ўтир, қолганини сабр ичинда эшит! Шаҳзода жойига чўкди. Онаси эса гапида давом этди... Ўшанда Жалолиддин бобокалони Эл Арслоннинг дорулсалтана чеккасида бино этилган ҳашаматли ҳилватхонасида кечган ҳаётини томошо қилди. Магар, улкан дорулсалтанада, фармони олийда ҳеч битилмаган, аммо мудом ворисларини етакловчи бир сўқмоқ бор эди. Ўша сўқмоқ уларни олов тилчалари билан алдаб-авраб, қўлларидан тутиб, кўнгил даричаси томон беомон етаклар эди. Даричадан ичкарига кирган кимсанинг эса бу ажойиб гўшадан ҳеч чиққиси келмас эди. Кўнгил иши ўрганилмагандир. Кўнгил иши шундай талотум; бунда ҳатто шоҳлар ёрнинг ҳузурида бир банди эди. Эл Арслон ҳам жунун асосига таяниб, мажнун ридосига ўраниб қолди. Белидан қўри-қуввати, кўзидан эса нури кетиб, қарилик бўсағаси томон одимлаётган Эл Арслон кутилмаганда бир малакка дуч келди. Бу бетимсол ҳилқатни кўрган қария туйқус жон томирига жоду қони қуйилаётганини ўша лаҳзадаёқ ҳис этган эди. Соҳибжамол ҳурлиқо ёнида бўлганида, у ўзини навқирон ҳис этар эди. - Шу чоққача қаён эдинг, келиб мани хушнуд этдинг! Султондан таҳсин эшитган малак шаҳаншоҳга таъзим бажо келтирди. Хоразмшоҳ Эл Арслон унга яқинлашиб: - Малойик, исминг не сенинг?- дея савол этди. - Асмо! - жавоб қайтарди у. Шоҳ қўллари унинг зебо-ю инжа жамолини силади. Сўнг ҳурлиқонинг нозик белидан қучиб эркалаётиб, қулоғига шивирлади: - Асмо исминг мозийлар кўмсун. Бундан буён исминг сенинг Сумангул бўлсун! У ёрини яна эркалаб қучди ва сулув юзини чаман ўпичлари билан безаб чиқди. Хоразмшоҳ Эл Арслон маҳбубасининг жисми жонида ишқ оловини ёқиш учун ўз лабидаги ўпичларига ўзи ўчашиб, уни қайноқ оғушидан бўшатмади, сўнг даст кўтариб, хилват гўшангасига олиб кириб кетди. Йил ўтиб Сумангул унга шаҳзода ҳадя этди: у ҳам она бўлди, у ҳам барча оналар сингари ўғли Султоншоҳни жонидан ортиқ кўрди.

17. Зафар қучган Текиш

Умрининг қор фаслига зариф баҳор олиб кирган бу аёлга Эл Арслон ипсиз боғланган эди. Сумангул измида юрган Эл Арслон тўнғич фарзанди Текишни Жандга волий этиб тайин этади. Текиш волидаси билан Жандга жўнади. Энди Сумангул учун мақсадга етишмоқ фурсати яқинлашмоқда эди. Хоразмшоҳларнинг олий фармони шунда илк бор бузилди. Ўлим тўшагида ётган Эл Арслон валиаҳдлик фармонини ўзгартириб, кенжа ўғли Султоншоҳни тахт вориси этиб тайин этади. Жалолиддин бобокалони Эл Арслоннинг шу тариқа кечган ҳаётини тинглаб, томошо қилар экан, илк бор ҳақсизлик билан тўқнашиб турар эди. Унинг ҳолини кўрган Ойчечак яна сўзланди: - Асл ворис, шаръий валиаҳд саналган Текиш иқтидорсиз ва қўрқоқ Султоншоҳга бўйсунишдан бош тортди. Фақат угина салтанат тамойилларига дарз кетиб, фармони олий бузилганига асло тоқат қила олмаган. Ойчечак ўтирган жойидан қўзғалди. - Бобонг Текиш қорахитойлар қўлловида Гурганжга қўшин тортди. Ва қирғий чангали билан Султоншоҳдан ўз мулки саналган Мовароуннаҳрни тортиб олди. Чорасиз қолган Султоншоҳ эса Нишопур томон қочди. Ва у ерда Муаййид ад-давла Ой-Або ҳузурида паноҳ топди. Эрлик жасорати билагида қайнаб, елкаларида бўртган Текиш музаффарлик туғини қучди... Ойчечак тағин ўйланиб қолди. Бу 1172-мелодийнинг баайни зимистони эди. Текиш тахтга чиқди. Аммо омонсиз саваш олдинда эди. Султоншоҳ ва Текиш ўртасидаги муттасил жанг йигирма йил давом этди. Қочоқ Султоншоҳ бепоён Хуросоннинг бир қанча вилоятларини босиб олгач, Марвни қароргоҳига айлантирди. Она бутун вужуди қулоққа айланиб, ўтмиш ҳодисотларини тинглаётган ўғлига айтди: - Бобонг Текиш адолат асосига таяниб ҳокимиятни юритган шоҳ эди. У ўлими олдидан тўнғич фарзанди, отанг Муҳаммадни валиаҳд этиб, икки оёғини ёзиб хотиржам боқий уйқусига кетди. Малика Ойчечак унга яна дорулсалтана тамойилларини эслатди. Ўшанда ўн бир ёшли Жалолиддин боболаридан омон етиб келган бу Олий Фармонни онасига ёддан айтиб берганди. Аммо орадан йиллар ўтиб, Фармонга яна дарз кетди. Жалолиддин кўз ўнгида ҳаёти мозийга кўмилган бобоси Текишнинг нурли суврати намоён бўлди. У ҳамон ўйлар исканжасида эди. Бир гал у онаси Ойчечакнинг “На ўтмиш, на келажакдан умид уйғонур.Чунки ўтмишим ўткин бўлди! Келажагим-чи? Келажагим гумондур манинг!” деганини эшитиб қолганди... Аммо барибир тафаккур мавжудликни тартибга солиб, адолат измида бошқарар эди. Ойчечак кўклам остонасида ғамдан сочларига бит оралаган мотамсаро кампир каби ночор ўтирар эди. Уфққа эриниб бош қўйган оташ олов тилчаларини қимирлатиб, уни шомнинг заъфарон дунёсига чорлаётганди. Бу олов тилчалар чорласа-чорламаса барибир борлиқ шомга елка тутганди. Унинг олдида эса қора чимматига ўранган кўланка - хуфтон турарди...

18. Тузоқ

Ойчечак бир нохушликни савқи табиий сезаётганди. Қайнонаси Туркон истаса-истамаса Муҳаммад Хоразмшоҳнинг тўнғич фарзанди Жалолиддин бир кун шаръий Валиаҳд бўлишига фақат у ишонар эди! Ва ёлғиз угина жигарбандига буни дилдан соғинган эди. “Оллоҳ танлаб уруғ қадагандир, илло бул умидли уруғдан бир кун таянч чинори униб чиққай”. Туркон-чи? У шохлари кўкка бўй чўзган, бу таянч - чинор дарахтига хиёнаткор нигоҳлари билан ўрланиб боқди. Нечундир унинг попуги пасайган эди, аммо ҳийлакор нималарнидир режалаб юргани алайно-ошкор кўриниб турарди. Шунда у ўғли Муҳаммадни шароб ичириб, кайф қилган чоғида оғдириб олмоқ бирдан-бир чора эканлигини келинига уқтирди. Фақат шу йўл билан қипчоқий келинидан туғилган невараси Қутбиддин Ўзлоқшоҳни валиаҳдликка унатиши мумкин эди. Бу ўғлига қўйилган тузоқ эди. Аслида бу бир фитна эди. Ҳам тузоқ, ҳам Хоразмшоҳга жўнатилган фитна эди. Мароқандни пойтахт тутган Хоразмшоҳ Хоразмга ташриф буюрди. Аммо у ўзига бир тузоқ қўйилаётганидан бехабар Гурганж саройида нақ қирқ кун қолиб кетади. Унга машъум тузоқ тайёрланганди. Яна денг, бу тузоқ ўз волидаси томонидан қўйилса. Ўз онанг сени таъқибига дучор этса. Ўз онанг ҳукмдорликка даъвогар бўлса. Ўз онанг сен билан рақобатга киришса, сен унинг сочини бўйнига дор эта оласанми? Ҳаёт ўз қобиғидан чиқиб давом этарди. Ануштегиний Хорамзшоҳ шаҳзодалар-чи? Улар тамойиллар бузилиб, муаззам дорулсалтана нураб бораётганидан огоҳ эмасмиди? Оллоҳ куч-қудрат ва ақлу зако бериб, салтанат муяссар этса-ю, сен нобакор унинг олтин калитини ўз қўлларинг билан келгиндилар қўлига топшириб қўйсанг. Жангу жадал кечиб, муҳташам дорулсалтана барпо этган озод хоразмшоҳлар руҳи энди омон учгайми? Ахир бу ҳудудсиз салтанат - Тангри ёрлақаган Хоразмшоҳлар дорулсалтанаси дея бекорга алқандими?

19. Вақт - ҳакамдир

Зирҳли эшик очилиб, остонада Хоразмшоҳнинг завжаси кўриниш берди. Бу Турконнинг суйикли невараси шаҳзода Қутбиддин Ўзлоқнинг онаси эди. У Султон билан ёлғиз қолганда албатта сафсар гулли шоҳи кўйлагини киярди. Ҳарир либосли Қутлибика Хотун тавозе билан таъзимда бош эгди. - Қани, лутфан! - Дастурхонга таклиф этди Хоразмшоҳ! Тановулдан сўнг Қутлибика шаҳаншоҳ ҳожасига шароб тутқазди. Шундан сўнг султон шароб кетидан тағин шароб симирди. Муаззин овози янграган маҳал Хоразмшоҳ уйқу ичида ғафлат босиб ётарди. Гурганж ҳокими Хумортакин эса опаси Туркон қаршисида куймаланарди. У малика қўлига Муҳаммад Хоразмшоҳ муҳри босилган фармони олийни тутди. Бу Қутбиддин Ўзлоқ Мовароуннаҳр Валиаҳди этиб тайин этилгани ҳақидаги муҳим қарор эди. Малика Туркон бу тонг ғолиблик нашидасини суриб, ҳамёза тортаётган маҳал, баногоҳ вазири аъзам ташриф қилганини билдиришди. - Изн берсангиз, Валиаҳд шарафига шикор уюштирсак! Туркон Хотун сукут ичида гўё “тўхтаб тур” деган ишорада ўнг қўлини озод кўтарди. Вазир ортига тисарилди. - Бу борада шаҳаншоҳ Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ изн бергай! - Шаҳаншоҳимиз ҳали уйқудалар! - Бу айни муддао!

Хоразмшоҳ уйқули кўзларини базўр очиб, алланечук туман ичида тўлғонган кўйи атрофга боқди. Шунда димоғига бурқсиган ҳид келиб урилди. Бу фитна қуюни эканини у дастлабига англамади. Аллақандай мавҳумлик ичида юксалаётган кибр энди уни омон қўйсинми? У атрофига боз-қайта разм солиб қаради. Юракни хун қилувчи дилгирлик қайдан пайдо бўлди экан?! Димоғига яна ўша ҳид келиб урилди. Бу чиркин муҳит ҳиди эди! Савқитабиий сезгилари уни ҳали алдаган эмас! Жисмдаги хасталикни йўқота билмас малҳам дорининг кимга ҳам кераги бор. Англадики, қалбининг қоронғу кўчасини ёритгувчи умид ва ишонч шамчироғи сўниб бораётир. Кўрдики, атрофи қора мудҳиш чиммат билан ўралаётир. Занглаган, ҳам пиликсиз чироқнинг меҳробда туришида на қиймат қолди?! Тафаккурдан жудо бўлган шоҳ ҳаётида на ҳикмат қолди?! Алҳол Хоразмшоҳ бир ҳикматнинг маъносини чақди: “Хиёнат - ёвузлик кўчасига кирган разилликнинг бир кўринишидур. Киши ё ҳасад, ёки дунё ва шуҳрат туфайли сотқинлик кўчасига киргай.” Онаси Туркон унинг йўлида кўндаланг турарди. У йўлида кўндаланг турган онасини босиб ўтишга ўзида журъат тополмай, гарангсиб қолди. Қутлибика қайнонасининг ридоси остида яширин эди, Ўзлоқшоҳ эса момосига осилиб турарди. Аммо шу ўткинчи ҳаёт оқимида оғишмай, ануштегинийлар сулоласи мувозанатини сақлай билган Жалолиддингина отаси йўлида умид чироғини қўлида тутиб турар эди. Фақат Манкбурнигина дониш ақлу идроки ва фаҳму фаросати билан ўткинчи дунёнинг чиркин ўйинларига аралашмай четда сокин турарди. Чунки ўткинчи шон-шуҳрат олдида озод руҳни асрамоқ ғоят муҳим эканлигини у билар эди. Фақат пок қалбли инсонларгина залолат ботқоғига чўкаётган дунёни шу покиза қўллари билан қутқармоққа қодир эди... Ва шаксиз дониш, зако аҳлигина покиза иймонлари билан чиркин тўлғамаларни пуфлаб, йўқлик қаърига улоқтира биларди. Туркон Хотун ҳад билмади. Аммо керагидан ортиқ кибрга берилган кимсанинг тезда завол топиши аён эмасмиди? Шуҳратпарастлик ва манманлик дорулсалтана тамойилларини издан чиқаради. Бу чиркин ҳислар салтанат ворисларини покиза иймондан маҳрум этади. Фақат адолат ва якдиллик салтанат мезонлари ва тартиб ўлчовларини изга солувчи ягона қурол эди. Бу йўлнинг қамчисини тутган шоҳгина Музаффар Маликшоҳ номини олади. Вақт-чи? Вақт буюк ҳакамлик даражотини унутгани йўқ,! Асло унутгани йўқ! Фақат Вақт хоинликдан ҳоли олий муҳрини босиб бормоқда эди. Мангу барҳаёт Жаноби Ҳақ эса тақдир ўлчовини битиб, адолатсизлик содир этилган хоразмшоҳлар дорулсалтанасида беомон учган безовта Озод Руҳни асраб-қўриб турарди.

20. Туркон чорлови

Ғолиблик нашидасини сурган Хотун-чи? У афсун асосига таяниб, сохта нағмасини чалиш билан овора эди. Бу сохта нағма икки дарё оралиғидаги юрт - Моваронуннаҳрга юборилган афсунгар бўрони эди. Ануштегинийлар хаёлини эсга солган Жайҳун эса мотамсаро, савдойи она каби йиғлаб оқарди. Алҳол дорулсалтанада покиза иймонли, ҳамда ҳийла кўчасига кирган каслар икки ёнга ажралди. Ўшанда дорулсалтана иккига бўлинган эди. Улуғ қанғлилар ва такаббур, келгинди қипчоқлар! Тағин Ануштегинийлар Озод Руҳини юлқиб тортган ҳур шамоллар дашт оша тиним билмай изғийди. Боз қайта Қодир Эгам хоразмшоҳлар дорулсалтанаси осмонида безовта учган Озод Руҳ шамойилларига тасалли бўлиб, уларни муттасил қўриб турарди.

Туркон валиаҳдни ҳузурига чорлади. Шунга кўра Ўзлоқшоҳ Туркон қаршисида ҳозир бўлди. Қутбиддин Ўзлоқшоҳ тиз чўкиб, момосининг қўлларини кўзларига суртди, сўнг ортига тисарилди... Кибрдан танқайиб кўтарилган бурнининг катаклари очилиб-ёпилган Хотун валиаҳдга разм солди. Туркон чуқур, аммо оромланиб нафас олгач, Қутбиддин Ўзлоққа гап қотди: - Валиаҳд! Қутбиддин унга таъзим бажо келтириб: - Не амрингиз бор, Бек Онам?!- деди. - Яқинлаш! - Бош устига. Ўзлоқшоҳ яқинлашди. - Бир саволим бордур, валиаҳд, унин юзиндан ҳузуримга чорладим сани! - Савол этинг, Бек Онам, магар бутун вужудим қулоқ бўлиб сизни тинглагай! - Сан Кимдан қўрқурсан? - Жалолиддиндан! Туркон ичида қўзғалган недир аламдан титраб кетди.

21. Ануштегиний тўлқин - Жалолиддин

Туркон хуфялари Жалолиддиннинг ҳар қадамини хиёнаткор нигоҳлари билан таъқиб этдилар. Аммо Хотун орзуси нечундир секин-аста сўна бошлади. Магар Қудбиддин Ўзлоқшоҳ тахт ворислигига яроқсиз эди. Бу вужудида жасорати сўник валиаҳд, Тангри ёрлақаган бу юртни қамчи асосида бошқара билгайми? Адолатсиз ҳамда салтанатни бошқаришга яроқсиз ҳукмдорнинг на лозимоти бор?! Бу барчага аён ҳақиқат эмасмиди?! Бу гал Туркон Хуросондан қайтган шаҳзода Жалолиддинни ҳузурига чорлади. Муаззам сарой замини хоснавкарлари қуршовида келаётган Жалолиддин қадамлари залворидан титрарди. Туркон ҳушёр тортиб, вазиридан сўради: - Бу анинг қадамлариму? - Шундоқдур, маликам! Эшик оғаси шаҳзода Жалолиддин ичкарига кирмоқ учун изн сўраётганини билдирди. Ё ҳу! Мовароуннаҳрга шиддатли зарби билан кириб келган Қутайба нақ Хотуннинг қаршисида турарди, ё ҳу! Хотун вужудида жасорат-у шиддат қайнаган, билаклари йўғон Манкбурнини беихтиёр бутун Мовароуннаҳрга жар солиб, Ислом нури ва Муҳаммадий суннатини ёйган Қутайбага ўхшатди. Туркон кўзини юмиб-очди ва кўрдики, ўзига маъноли тикилган шаҳзода Жалолиддин гўё боболари ануштегинийлардан авлодларига мерос қолган олий фармонни ўқиб эшиттираётгандек эди. Бу ёзувлар унинг қаҳрабо каби тимқора қорачиқларида зоҳир эди. - Хайрли кунлар бўлсин, Бек Онам! Лутфан эгилган шаҳзодадан кўзларини ўзмай турган Хотун ниҳоят тилга кирди: - Шаҳзодам! Яқинлаш бунда! - Қуллиқ! У ўзига кибрла боқиб турган малика томон яқинлашди. Сўнг момосининг ўзига чўзилган қўлларини кўзларига суртди. Волида Туркон томоғини қириб сўзлади: - Бир саволим бордур, унин юзиндан сани ҳузуримга чорладим. - Чорловлари муборак келгай! Атроф сув қуйган каби сокин ва осойишта эди. Шунда Жалолиддин Турконга қўшилиб ҳатто вазири-да аллақандай энтикиб турганини идрок этди. Туркон сўради: - Шаҳзодам, кимдан қўрқурсан! - Бек Онам, Танҳо Оллоҳдан қўрқурман! Шоҳиду шаҳодатлар Жалолиддин жавобидан сўнг улуғ Туркон баайни жазавага тушиб қолганини айтмишлар. Хотун икки дарё оралиғидаги бу қудратли тўлқин шиддатини фитнакор қўллари билан бўғмоққа жазм этганди. Аммо тўлқин шиддатли, бағоят исёнкор эди. Бу асов тўлқин шиддатида чиндан қудратли куч мужассам эди. Шунда гурганжликлар Ойчечакка сирли хабар етказишди. Ўшанда улар икки дарё сувини мавжлантириб турган бу давомий ануштегиний тўлқин Жалолиддин эканини тан олишганди. Чунки улар бу қудратли тўлқинни мудом мавжлантирмоқ учун мангу порловчи бузрук қуёш илоҳий, инжа зиё сочганига гувоҳ бўлишганди. Улар бунга шаҳодат келтиришган эди ...

22. Хоразмшоҳ мактуби

Аслида ануштегинийлар ақлу зако уммонидан баҳраманд бўлган Жалолиддин - Хоразмшоҳ арслонлари орасидаги шер эди. Бу шернинг ҳамласи рақибини эсанкиратиб қўярди. Аммо отасининг салтанатда ўз ўрнини йўқотиб бораётганини кўриш фарзанд учун ғоят оғир эди. Айнан унинг узоқни кўра билмас калтабин сиёсати Мовароуннаҳр бошига кулфатлар ёғдирди. Бу улкан дорулсалтананинг инқирозга юз тутиб, емирилиб бораётганига бир ишорат эди. Шаҳзода тишларини тишларига қўйди, шунда унинг жағлари бўртиб чиқди. Кўз ўнгида омонсиз жанг ва қиличини қайраган қаттол қўли намоён бўлди. Азоб исканжаси уни тарк этгиси келмасди. Атрофида чиндан қаттол қиличи мудҳиш ўлим манзарасини чизиб, муттасил таҳдид солиб турарди. Чап кўксида қўзғолган бу галги санчиқ уни хушёр торттирди. Бир қўли от тизгинини ушлаган, иккинчи қўли эса чап кўксини силади. Унинг қовоқлари уюлди. Санчиқ ўтиб кетгач, у чуқур нафас олди. Аммо бир қўли ҳамон кўксини силаган ҳолида, бошқа қўли билан эса отни бошқариб кетар эди. Айни бу чоғ кўксида турган қўли чўнтагидаги мактубни силаб ўтди. Бу мактубни отаси султон Муҳаммад Хоразмшоҳ унга яширин йўллаган эди.

“Кўзларим йўлингда, шаҳзодам... Муттасил ўй мани буткул хароб этди. Иниларингнинг қаттол қўлидаги қонли заволи, волидамнинг аччиқ қисмати ва дилпорам Хон Султон ноласидан кўнглим ҳасратда қолди. Кунлардир, ойлардир бир мужда кутиб чарчадим. Асло юзим кулмади. Савол этсам, қаттолнинг қонли қийратувидан, деган жавоб олдим. Мани бу ҳалокатга келтирган кибр ҳамда калтабинлик хислати. Ман буни англаб етдим, аммо кеч англаб етдим. Бир кун шамим ёниб тугагай, аммо тугар чоғим шукурлар бўлсин, ортимдан фарзандларим қолгай. Истагим шул, ортимдан қол! Сан давомий Ануштегиний, хоразмшоҳлар дорулсалтанасини беомон қийратиш, шаҳзодаларим жонини қонатиш ва дилбандларим ҳолини хароб этиш интиқомсиз қолмаслигини кўрсат! Аммо йўлларингга тиконлар қўюр, сан сағана қолгур темир тиконни писанд этмай ўта билурсан. Юрагингни армонлар эзар, аммо сан ожиз ғамларни шаксиз енгурсан. Виждонинг - интилар ойдин йўлинг бўлсин. Чингиз қиличидан омон қолган иниларингга бошчи бўл. Кўзларим йўлингда, шаҳзодам, ўйлар ҳолимни хароб этган. Волидамнинг аянчли қисмати, дилпорам Хон Султоннинг ноласидан кўнглим ҳасратда қолди. Тилагим иниларингга бош бўлиб, аларни ҳузуримга бошлаб кел! Манинг сўнгги айтар сўзим бордир.” Хоразмшоҳ онаси Турконнинг аянчли қисмати-ю, аҳли аёллари ҳамда танҳо қизининг топталган номусидан воқиф эди. Жувонмарг кетган шаҳзодаларнинг қонли заволи уни беаёв қийноқлар гирдобига ташлади. У шаҳзода Жалолиддинга мактуб битиб, уни шу тариқа яширин ҳузурига чорлаган эди.

23. Валиаҳдлик қарори

От чоптириб кетаётган суворий сувратидаги хос лашкарлар манзил томон илгарилайди. Уфқ равоғида шамснинг инжа жилвалари кўринди. Улар Ҳазор денгизига етиб келганди. Султон аянчли интиҳосини англаб етган эди, бу англовдан даҳшатга тушганлиги ҳам рост. Оролча мудҳиш ва ўлик сукунат ичида гўё мотамсаро нимарса янглиғ кўринди. Бу қайғуга чўмган мустамлака сукунатни илло, қирғоққа тинмай урилиб, сўнг телбанамо ортига қайтаётган тўлқинларгина бузмоққа қодир эди. Чўнқайиб қолган одамнинг ҳолатини эслатувчи улкан, қизғиш қоятошга келиб урилаётган сув, қарангки, унинг тусини ювиб ўчиролмаган. Билъакс, ҳар гал муамбар тўлқинлар келиб урилган чоғ қоятош қизариб, боз-қайта оҳорланаверарди. Хоразмшоҳ бу тош устида олисларга тикилган кўйи ўйга чўмиб ўтирар, оролчанинг сийна-ю соҳилига тиним билмай урилаётган тўлқинлар эса унинг дардчил руҳини юлқиб тортқиламоқда эди гўё. Ўшанда у англаб етдики, агар адолат қилса, ҳақиқат шаксиз қарор топгусидир. Олисларда тўшига туғ қадалган кема кўринди. Туғ шамолларда ҳилпираб, манзил сари яқинлашмоқда эди. Бу - хоразмшоҳларнинг қуёш нурларига чўмилиб, шамолларда ҳилпираб, ял-ял ёнган ялови эди. Яловбардор Жалолиддин эса туғни сарбаланд кўтариб, отаси томон тобора яқинлашмоқда эди. Хоразмшоҳнинг тиним билмай кўкрак тепган юраги ҳапқирди; кўпдан унут бўлган бир куч шаҳаншоҳ вужудига қайтаётганди. Ануштегиний шаҳзодалар Хоразмшоҳ ҳузурида ҳозир бўлишди. Султон ютунди, сўнг шаҳзодаларга қараб айтди: - Кунлардир, ойлардир бир хабар кутиб яшадим. Аммо юзим кулмади. Юкундим! Аммо нажот топмадим. Ойлар муқаддам бир қарорга келиб эдим, бироқ кимсасиз оролчада на сасим, на садом чиқди. - Cултон дард ва алам ичида куйиниб сўзланди.- Онамнинг ва фарзандларимнинг аянчли қисмати мани хароб этди.- У ич-ичидан ўртаниб келаётган тўлғамани энди ичкари қайтара олмади. Бу тўлғама кўзларидан чақин каби чақнаб, атрофга сачради. У яна шаҳзодаларга юзланиб деди: - Сиз азиз жигарбандларимга қарор бергайманким, бу кундан эътиборан оғангиз Жалолиддин измида бўлғайсизлар. Хоразмшоҳ юриб бориб, Жалолиддин қаршисида тўхтади. - Ўксук кўнглимда сўнгги умид билан бергум бул қарорни. - У ютунди, кейин яна гапида давом қилиб, - Жалолиддин, cани Валиаҳду Мовароуннаҳр этиб тайинлагум!-деди. Шаҳзода қуллиқда бош эгди. Хоразмшоҳ бебаҳо тошлар билан безалган камарини белидан ечиб, Валиаҳднинг белига тақди. Сўнг кесгир қиличини унинг қўлига тутиб деди: - Валиаҳдлик камари ҳамда ўктамлик қиличи қутлуғ бўлгай! - Қуллиқ! Муҳаммад Хоразмшоҳ вужудига кўпдан унут бўлган ҳаловат қайтди. Ниҳоят, султон чуқур, аммо енгил тин олди. Елкасидаги улкан ташвиш юки тоғ каби қулаганди, илло ҳақиқат қарор топганди. Султон кўпдан дилига туккан тилак ва орзусини амалга оширган эди. Кечикди, аммо муҳим муҳрни босди. Хоразмшоҳ ўғлига яна айтдики: - Бир кун шамим ёниб тугагай, аммо тугар чоғим шукур қилгайман, чунки ортимдан фарзанди аржумандларим қолгай. Чин истагим шул, Жалолиддин, ортимда қол! Виждонинг - интилар йўлинг бўлсин. Чингиз қиличидан омон қолган иниларингга бошчи бўл!

24. “Ал қасос ул минал Ҳақ!”

Соҳилга тинмай урилаётган озод тўлқинлар Валиаҳд эркига туртки бўлди. Юзига шошқин шамоллар урилган чоғ Валиаҳд томирларига бир жилол қуйилди. Ўшанда у ўзини тўлқинлар каби шиддатли, шамоллар каби озод ҳис этган эди: кўпдан қудратли тўлқинлар мавжини, озод шамоллар эркини соғинган Жалолиддин Манкбурни олислардан, жуда олислардан таралиб, мавжланиб оқиб келаётган тўлқинларга юзланди: - Тўлқинлар мавжига онтким Оллоҳ ёрлақаган, Гурганж ва Хивада ўрнашган Хоразмшоҳлар дорулсалтанаси Валиаҳди ман - Хоразмшоҳ Султон Алоуддин ибн Муҳаммад Жалолиддин Манкбурни, ман - Ойчечак Бегим зурриёди Жалолиддин Манкбурни бой берилган салтанатни яна қайта тиклагум! Қаттол қўлида жони қонаган, шаҳид кетган шаҳзода иниларим руҳи покига қасам, илло, жигарбандларимнинг қонли заволи интиқомсиз қолмагай! Ман интиқом олурман! Ал қасос ул минал Ҳақ! Волидам - момом Туркон эркига қасам! Синглим, жигарпорам Хон Султоннинг топталган шаънига қасам, илло булар интиқомсиз қолмагай...

Атроф осойишта ва сокин; қирғоқ бўйида соч тараб хомуш қолган толи мажнун ҳам афтодаҳол эди. Нарида бош кўтарган буталар ўзидан тиғиз ўрам ҳосил қилиб, жавлон уриб ўсиб ётар, ложувард осмон эса ҳар галгидан тиниқ ва мусаффо, феруза булутлар эса фалакда ором олиб сузиб юрарди. У тўлқинлар мавжига қадаган нигоҳларини олисларда ўзига қўл силтаб қолган отасига қайирди. Ҳув қирғоқ бўйида - ҳарсангтош устида тек қотган отаси ғойибликка сингиб кетаётир эди. Мана, Хоразмшоҳ элас-элас кўзга ташланиб, митти нуқтага дўнди. Алҳол сўнгги нуқта ҳам кўздан ғойиб кетди. Фақат атрофни сувга булаган тўлқин-у, кўкда инжа зиё сочган бузрук қуёш намоён эди.

25. Мужда

Қоронғу тун сукунатида ором билмай бедор турган тунги дарвозабонлар от дупурини эшитиб сергакланди. - Ким у бемаҳалда тинмаган?- сўради тунги қўриқчилар. - Оғалар! Бу бизмиз. - “Биз” деганинг ким? - Хос навкарлармиз! Мовароуннаҳр султони улуғ Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммаддан хабар келтирдик! Дарвозабонлар яна сўроқда давом этди: - Бу қандай хабар эмиш? - Бу тонг Мовароуннаҳр Валиаҳди султон Жалолиддин Манкбурни ибн Муҳаммад Гурганжга ташриф буюргайлар! - Бу ростму? Қўриқчилар ёруғроқ бўлсин учун машъалани бошлари узра кўтаришди. Сўнг бир-бирларига маъноли кўз уриштириб олгач, яна хос навкарларни саволга тутди: - Шаҳзода Жалолиддин Манкбурни Мовароуннаҳр Валиаҳди этиб тайинландиму? - Илло бу ростдур! Бу ҳақда улуғ султонимиз Муҳаммад Хоразмшоҳнинг муҳри босилган муборак қарорлари бордур. Ўшанда тунги қўриқчилар ва хоснавкарлар юзлашишди ва қучоқ очиб кўришишди. Яна дарвозабонлар кўзлари билан кўриб иқрор бўлдиларки, бу чиндан султон муҳри босилган муборак фармон эди. Яна хоснавкарлар айтдиларки: - Хоразмшоҳ султон Жалолиддин Манкбурни бу тонг илло Хоразмга қутлуғ қадам қўйгувси.

26. Султон Жалолиддин даъвати

Неча асрлик дорулсалтанага мудҳиш тўғаноқ бўлган Чингиз босқинига қарши оёққа турмоқ пайти яқинлашган эди. Бу вақтда Чингиз Хоразмга таҳдид қилаётганди. Аёвсиз саваш майдонида музаффарлик туғини баланд кўтариб чиқиш учун кучларни бирлаштирмоқ вақти етиб келганди. Гурганжга кириб келган султон Жалолиддин шаҳар аҳлига юзланди: - Биз - Мовароуннаҳрнинг асл ворислари оёққа турайлик! Бевақт завол топган жигарларимиз хуни интиқомсиз қолмаслигини ёғийга кўрсатайлик! Чингиз Бухорони яксон этди, Мароқанднинг кулини кўкка совурди, бешикда ётган гўдакларни ризқидан қирқди. Аёлларнинг сочини бўйнуга дор этди. Йиғлаб ётган мурғакларга-да шафқат қилмади. Шаҳидларнинг оҳу воҳи бизни қайғуга солди. Модомики мақсадимиз остонани қўримоқ экан, бирлашайлик ва тарқаб кетган қўшинларни бир муштимизга йиғайлик. Биз оёққа туражакмиз ва тариқ сингари сочилиб кетган лашкарларни жамлаяжакмиз. Биз ғалаба қозонайлик, бу ғалабамиз авлодларимиз тилида достон бўлажак. Илло, Ватан учун жон фидо қилмоқ инсон учун шараф саналур.

Хоразмшоҳларнинг бир муҳлат хато кетган Олий Фармони қайта жорий этилган эди... Эл Арслон дарз кеткизган фармонни бобоси - шавкатли Текиш тузаб, яна қайта жорий этгани сингари султон Муҳаммад ҳам олийномага қайта мурожаат этиб, адолат қарор топмоғи учун муҳим муҳрини босган эди. Чиндан орадан қирқ саккиз сана ўтгач, хоразмшоҳлар салтанатида бу ҳодисанинг яна қайтарилишида бир ҳикмат бор эди. Зотан, бу чиндан таажжубланарли ҳодиса эди. Олий Фармонга содиқ қолган ворислари Мовароуннаҳрни шу Фармон асосида юритмоқни дилга туккани рост эди. Бу бир улуғ ҳодиса, ёрқин мужда эди аслида; ложувард осмон тўлғониб, қуйида феруза булутлар кўчди. Кейин бу ҳол-ҳодиса иккинчи, сўнгра учинчи қаватида содир эди... Осмонда бир юлдуз чарақлаб чиқди. Бу муҳташам ял-ял ёнгувчи маёқ беназир ҳарб юлдузи эди... Ҳамон моваронуннаҳрликлар айтишадики, бу - бетимсол оловбардор Жалолиддин Мангуберди - Мангуберди Жалолиддин номли бетакрор яловбардор ёвқурнинг чарақлаб чиққан ҳарб юлдузи эди.

27. Суиқасд режаси

Шом тушиб, зулмат чўкишини бетоқат кутган Ҳайбар Ясоқ дарвоза ҳатлаб ташқарига чиқди. У гузардан ўтиб, сўлга бурилди. Муюлишда қорайган кўланкага кўзи тушгач, шу шарпани қора тортиб олдинга силжиди. Аммо муюлишга етай деб қолган чоғ орқасидан кимдир келаётганини сезиб, қўйнидаги ханжарига қўл югуртирди. У юрмоқдан тўхтаб, қаққайиб қолди. Нотаниш кимса ёнидан ўтиб кетгач, Ҳайбар тағин олдинга силжиди. Муюлишда кимнидир бетоқат кутиб турган Содиқ Кулача шеригини ғира-шира қоронғуда дарҳол таниди. - Cанмисан? - Ҳа. - Ҳайрият, шомам ўтди. - Айни муддаодур. - Қани кетдик бўлмаса. Улар кўча оралаб, катта гузарга етишди. Анча юргач, ҳашаматли дарвоза ёнида тўхташди. Тамбаланган дарвоза ичкарисида тунги соқчи оғаларнинг паст овозда сўзлашуви эшитилди. Содиқ Кулача дарвозани икки бор тақиллатди. Ичкаридан: - Ким?- деган овоз келди. - Биз! - Биз деган кимсиз? - Cодиқ Кулача ҳамда Ҳайбар Ясоқ... Янги дарвозабон тайин этилган шекилли, йўқса Содиқ Кулача ва Ҳайбар Ясоқ Хумортакиннинг яширин “қинғир қўли”ку! Буларни ҳоким хонадонида хизмат этувчи барча оғалар билмасмиди? - Хўш? - На бу сўрдик савол!- Оғалардан жаҳли чиққан Содиқ Кулача ўпкаланиб, зардали гап қотди.- Модомики тунги соқчи эрсанг, дарвозани очиб, юз-кўзимизға қараб сўйлагин, оғам! Тамбаланган катта дарвоза очилиб, ичкарида икки дарвозабон кўринди. Уларнинг бири ёруғроқ бўлсин учун фонус кўтариб турар, иккинчиси эса дарвоза қанотини очиб, уларга пешвоз чиқди. - Хуш кўрдик, оғалар! - Ҳоким ҳазратлари билан учрашмоғимиз ижобат этилғондур! Ичкаридаларму? Фонус кўтарган соқчи: - Аммо оғалар, кутишингизга туғри келадур. Cизни бу ерда қолдирмоқдин роҳатсизман, магар рухсат бўлса, ичкарига кирурсизлар, - деб фонусни шеригига тутди ва ўзи юриб бориб ички дарвоза ёнида турган эшик оғаларига нималардир деб уқтирди. Оғалардан бири ичкарига кириб кетди, шу кетган бўйи ўн беш дақиқалар ўтгач қайтиб чиқди. Шеригига калла силкиб, ”Рухсат” деди. - Ҳоким ҳазратлари сизни ичкарида кутмоқдалар. - дарвозабон бошини қуйи эгиб, меҳмонларга йўл кўрсатди. - Қуллиқ. Улар ички дарвозадан тағин ичкарига киришди. Мармар ётқизилган ҳийла катта йўлак уларни Хумортакин ҳузурига бошламоқда эди. Шом ўтиб кетган, атроф ғира-шира қоронғу, аммо ҳар ерга осилган фонуслар ёғдусида кенг ҳовли чароғон эди. Улар катта ва кўркам қилиб қурилган муҳташам уйга етиб келишди. Бу ерда ички хонадон оғаси меҳмонларни кутиб турарди. Шуҳратпараст Гурганж ҳокими, қипчоқ қавмидан бўлган Хурмортакин дабдабали ҳаёт кечирарди. “Кўкча ҳовуз” деб ном олган бу муҳташам ҳовли чиндан кўркам ва сўлим гўша эди. Содиқ Кулача ва Ҳайбар Ясоқ аввал ҳам бу ҳовлида кўп бўлган, зеро бу каслар Хумортакиннинг қинғир қўллари саналиб, ҳокимга тез-тез асқотиб турарди. Хумортакин уларнинг қўли билан кўп ёвуз ишларни ими-жимида бажарарди. Бу тун ҳам улар ҳоким ҳузурига бежиз чақиртирилмаган эди. Ички ҳовлининг тўрида тошдан кўтарилган бир ошёна бор. Ошёнанинг печи эртаю-кеч ёқиғлиқ, мўрисидан тутун кўтарилиб турар эди. Бу ерда туну кун ошпазлар елиб- югуриб, таом пиширмоқ билан машғул бўлади. Йўлак четида эса ҳовуз. Атрофи кўк мармар билан ўралган ҳовуз ичида турфа жилоли балиқлар ҳар кундуз ғужғон ўйнашади. Атроф бағоят дилтортар, ҳар ерда осилган фонуслар ёғдуси айни тун қўйнида бу гўшага яна-да ажойиб ҳусн бағишлаб турарди. Алвон гулларнинг муаттар ҳиди кечки намлик билан омухта бўлиб димоққа урилади. Ҳовлининг тўрида муҳташам кошона қад кўтарган. Уларга пешвоз чиққан хонадон оғаси меҳмонларни ичкарига бошлади.

Ошёна тўрида семиз ва беўхшов япалоқ юзли Хумортакин турли ноз-неъматлару хушбўй таомлар билан тўла хонтахта атрофида ястаниб ўтирар, унинг ёнида Жанд нойиби Қутлуғхон ҳокимга алланимани уқдирмоқ билан машғул эди. Содиқ Кулача қуллиқда таъзим қилиб: - Ҳоким ҳазратлари, чорловингизга кўра...- деди. - Қани, яқинлашинглар... Содиқ Кулача ва Ҳайбар Ясоқ яқинлашиб, ҳокимга тағин таъзим бажо келтиришди. Хумортакин уларни дастурхонга таклиф этиб: - Қани лутфан...- дея жой кўрсатган бўлди. - Ташаккурлар. - Содиқ Кулача, унинг ёнида Ҳайбар дастурхон четига омонат чўкишди. Ҳоким дастурхон четига чўккан мулозимларидан ҳол сўраган бўлди, кейин гапни чўзмасдан мақсадга кўча қолди: - Маълумингиз, Жалолиддин Манкбурни султон тайин этилмиш.- Норози қиёфада гап бошлаган Хумортакин меҳмонларга бир қур назар солди. - Маълум ҳазратим, анинг тайин этилгани бутун гурганжликлар оғзиндадур. Зотан тамойиллар буни демагай. Ахир Қутбиддин Ўзлоқшоҳ валиаҳд дейилмасму? - Дейилур.- Таъкидлади Хумортакин. - Онҳазратлари бузмиш бул қарорини... - Қутлуғхон норози қиёфада қисиқ кўзларини Содиқ Кулачага қадаб сўзланди. - Магар қарор сохта бўлса-чи? - Таажжуб ичида сўради Содиқ Кулача. - Бул ҳақда онҳазратларининг муҳри босилган муҳим қарорлари бордур. Илло бул фармонга онҳазратлари Қутбиддин Ўзлоқ ва қолган шаҳзодалар гувоҳлигида муҳр босмишдур...- уқтирди Хумортакин. - Аммо биз бунга асло йўл қўймагаймиз! - Фитна қўзиган Қутлуғхон тиржайди. Хумортакин бўлса танқайган бурнини баттар кўтариб, чуқур нафас олгач: - Шундоқдур.- дея Қутлуғхоннинг гапини маъқуллади. Орага жимлик чўкди. Барча ўз ўйи билан банд эди. Ниҳоят Хумортакин Содиқ Кулачага қараб айтди. - Кулача. - Буюринг, ҳазратим. - Саройда, таомхонада кўнгилетарлар ишлайдур, дегандинг чоғи. - Шундоқдур, бул ростдур. Етти йилдан буён иним таомхона эшик оғаси бўлиб хизматдадур. - Эшик оғаси? - Шундоқ, ҳоким ҳазратлари. Хумортакин ўйланиб қолди. Унга эшик оғаси эмас, балки баковул, яъни чошнигир даркор эди. Чошнигир султонга узатилажак таомни синаб кўрувчи муҳим шахс ҳисобланиб, бу фитна ўйинида айнан унинг қўли асқотар эди. - На қарорингиз бўлса, амр этинг...-деди Cодиқ Кулча. - Манга чошнигир қўли даркордур. - Cултон Жалолиддин Манкбурни қудратга келгач, таомхонага бошқа кимса чошнигир тайин этилмиш. Таомхонанинг қарийб барча хизматчилари алмашинмиш. – Маълумот берди ҳоким айғоқчиси. - Ҳим-м... Ул чошнигир ким эмиш? - Қанғлилардан дейилур. Хумортакин ўрнидан турди. У юриб бориб, ошёна поёнида қадди дол туриб қолди, кейин қайтиб келиб, Содиқ Кулача ёнида тўхтади. - Чошнигир бўлмаса, ининг бажаргай бул юмушни.- дея таъкидлади. - Ҳазратим, дедикларингизни англамадим... - Ининг исми не? - Чоғир! - Ҳим-м-м... Хумортакин бу гал яна ўйланиб қолди, кейин муҳим гапини айтмоқ учун тараддудланиб, ниҳоят томоғини қириб гапирди: - Cан дедикларимга қулоқ ос. Боз қайта шаҳзода Ўзлоқшоҳ Валиаҳд тайин этилмиш. Анинг изминда бўлган Бука Паҳлавон бул ишни тузамоқ тараддудинда. Биз-да анинг бул қарорини уйғун кўрдик. Cизлар эса бул юмушда бизга кўмак қўлини чўзгайсизлар. - Қандоқ бўлур? Бу қандоқ амалга ошгай?.. - Андишаланма. Қутлуғхон қўйнидан оғу солинган шишани чиқариб, унга узатди. - Аммо...- Ўзига узатилган шишани олиб, таажжуб ичида Қутлуғхонга боққан Кулача, гапининг охирини айтмоққа ўзида журъат тополмай тили кесилиб қолди. - Санга боз қайта айтурман, андишаланма. Бул оғуни ининг Чоғир султон таомига қўшиб қўйгай. – уқтирди Хумортакин. - Аммо у бор-йўғи эшик оғаси. - Чошнигирни қўлга олмоқ мушкулми? - Қутлуғхон қўлини сермаб сўради. - Бул мушкул юмушдур. Ул қанғли Жалолиддинга содиқ қул эрур...- иккиланди Кулача. - Қўрқма, ининг эшик оғалари билан биргаликда бу юмушни бажаргай... - Аммо бул чунон хатарли эрур. - Магар қарор қатъий бўлса, хатар келиб бизга бош ургай. - Илло аҳли оиласининг жони султон қўлида омонатдур. - Cан дедикларимга қулоқ ос.- Уни тинчлантирди Хумортакин.- Асло андишаланма. Илло бул оғунинг таъсири учун ойлар даркор бўладур. Яъни, оғу билинтирмай жон оладур. Содиқ Кулача ўйланиб қолди. У оғу солинган шишани қўйнига беркитиб: - Аммо муҳим дейилган яна бир кас бордур.- деди ҳокимга қараб. - Ким эмиш?- Cўради Хумортакин. - Анинг исми Ғарибон эрур. Танҳо угина таомхонага кирмоққа рухсат этилган ички эшик оғаси саналур. Аммо уни кўндирмоқ ғоят мушкулдур. - Ани кўндирмоқнинг муҳим усули, – Хумортакин қўлини чап кўксига олиб бориб, бир йўла тўрт халтачани унинг қўлига тутди, - бул тиллалар хамир учидан патир. Юмуш бажарилгач, икки баробар зиёдаси ила тиллалар қўлингга теккай...- деди. - Ҳали ўйин олдинда. - Қутлуғхон мамнун қиёфада иршайиб сўзланди. Унинг хиёнаткор кўзлари совуқ ёниб турарди. - Илк фурсатни кўздан қочирмай ҳаракат қилмоқ даркор, акс ҳолда кеч бўладур!- Бу гал Хумортакин дастурхон четида келганидан буён гапга қўшилмай турган Ҳайбар Ясоққа юзланди. Бу кас ҳокимнинг хуфя номаларини эгасига етказувчи айғоқчи саналарди. - Ясоқ, ҳозирлигингни кўр. Эртага, тонгда йўлга чиққайсан. - Ҳоким ҳазратлари, қулоғим сиздадур! – Ҳайбар Ясоқ ниҳоят ўзига навбат етиб келганини англади. Маълум, пихи қайрилган Хумортакин уни ҳузурига беҳуда чақирмайди. - Малика Туркон Хотунга содиқ жаъми сардорларни Жалолиддинга қарши қўллагаймиз. Бул номани Зафар Мирзога олиб борурсан. Хумортакин хонадонини тарк этган хуфялар ўз уйлари томон равона бўлишди.

28. Фитна қўзғалди

Гурганжда фитна қўзғалган эди. Бу фитнанинг бошида турган кас Жанд нойиби Қутлуғхон бўлиб, у қариндоши Бука Паҳлавон қўлловида бу ишга бош қўшган эди. Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ томонидан туркий қўшинларга сипоҳсолар этиб тайин этилган Бука Паҳлавон Валиаҳд Қутбиддин Ўзлоқшоҳнинг тарафдорларидан бири эди. У қудратли ҳарб кучига таяниб, Султон Жалолиддин Манкбурни билан рақобатга киришган эди... - Аммо муҳим дейилган касни бу тадбирга кўндирмоқ лозим. - Қўлимдан келганини қилурман. Андишаланманг, ани манга қўйиб беринг. Ўзим ани кўндиргайман. Гап вилоят қўшини сардори - соҳиби жайиш Амирқул Донгдор ҳақида кетмоқда эди. Қутлуғхон таомланиб бўлгач, идишни дастурхон четига суриб қўйди. У ўзига тикилиб турган ҳокимга деди: - Сиз амирлардан хабардор бўлинг. Муҳим дейилган кас алар эрур. Аларни кўндирмоқ даркор. Магар, - у ўйланиб қолди,- магар фақат Тоҳир Малик мувофиқ кўринмас. - Хабарим бордур. Бу асов от зўр қувватли эрур. Аммо Зикр Сардорни ўйлаб қолдим. Анинг ҳисобида етти минг лашкар бордур. Сиз билармисиз, ул ким? - Албат, номини эшитганмен. Аммо анинг бирла маним яқин алоқам йўқдур. - Ҳозирлик кўринг ва ани сиз кўндиринг. - Маъқул. - Хумортакин чуқур тин олди. - Магар бирликда ҳаракат қилсак, охиринда ҳузур-ҳаловатга эришгаймиз. - Омин! - Омин!

29. Мавлонқулининг ҳадиги

Субҳи содиқ ором нелигини унутган Чоғир жонсарак бўлиб қолди. У нарида турган шеригига маъноли кўз уриштириб, ёнидан ўтиб кетди. Йўлак токчасида мил-мил ёнган шам ёғдусига узоқ тикилиб қолган Мавлонқули бир ёнига хиёл оғган қиличини тўғрилади. Гарчи у навкар сувратида бир ёнига қилич, бир ёнига ханжар осиб эшик ёнида турса-да, унга мутлоқ бошқа юмуш топширилган эди. У султон Жалолиддиннинг яширин хуфяларидан бири эди. Тонг отган, аммо сарой аҳли ҳамон уйқуда ором олаётганди. Тунги қўриқчилар бўшаб, ўрнини бошқа навкарлар эгаллади. Мавлонқули нарида шиппиллаб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлаб келаётган кимсага кўзи тушди. Уйғун бир пайтда кошона оралаган ким бўлди? У юриб бориб, сарв дарахтидан ўйиб безалган устун панасида тўхтаб, секин атрофга назар ташлади, шунда йўлакнинг охирида куймаланаётган Чоғирга кўзи тушди. Кўрдики, Чоғир аллақандай асабий, бесаранжом ҳаракат қилмоқда. Чоғир у ён- бу ёнга қараб, ҳеч кимса йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, саройнинг нариги бўлмасига қараб йўналди. Мавлонқули уни кузатишда давом этди. Чоғир муҳташам саройнинг поёнига етиб олгач, секин ортига бурилиб қаради. Кўрдики, атрофда ҳеч зоғ йўқ. У гўё бу ерда муқим қўриқчи тайин этилган навкар сингари тек қотиб турди: афтидан кимнидир кутмоқда эди. Ниҳоят, хос навкарлардан бири кўриниш берди. Чоғир ҳушёр тортиб, сўл қўлини кўтариб унга белги берди. Бу ишорани кутган Шитобий ҳам сўл қўлини ҳавода ўйнатди, кейин олазарак атрофига қараб олди-да, ҳеч ким йўқлигига иқрор бўлгач, Чоғирнинг ёнига етиб қелди. Чоғир шеригига шивирлади: - Қалай? - Тунги қўриқчи бўшаб, ўрнига Ғарибон эшик оғаси сифатинда турмиш. - Аъло. Шитобий тез-тез одимлаган кўйи кўздан ғойиб кетди. Чоғир эса режаланган топшириқни бажармоққа тараддудланиб, ортига қайтди. Муҳташам сарой оралаб, махсус бўлмага етиб келган Чоғир туйқус тўхтаб, кўкрагини пайпаслади, кейин яна олдинга илдамлади. У бўлмалар оралаб, таомхона томон йўл солди. Уни бу бўлмада Ғарибон кутиб турарди. Чоғир оғанинг қулоғига эниб шипшиди: - Бу кун нонуштада. Бир неча кун муқаддам унинг таклифига кўнган Ғарибонда энди тайсалланиш пайдо бўлганди: - Аммо бул юмуш ўта қалтисдир. - Нима, ё шаштингдан қайтдингму? Магар бул рост бўлса,бошинг кесилгай. - Манинг жоним гаровда. - Андишаланма, бул оғунинг кимсага таъсир этмоғи учун ойлар даркор бўладур. - Оғам, барибир андишадаман. - Эшит, андишаланма, истеъмолчи соб бўлмагай, жони анинг аста-аста узилгай. Ма, буни ол. Ғарибон унинг қўлига халтача тўла тиллани тутқазди. Тилла қўлига теккач, Чоғир зумда ўзгарди-қолди. Ахир ақча деганлари кимга асқотмас? - Англадим. - Иш бажарилгач, тағин қолган тиллалар зиёдаси ила қўлингга келиб тушгай. Ғарибон бу гал чап қўйнига қўл солиб, ниманидир чиқарди. - Ани таомга қўшгайсан, аммо эҳтиёт бўлгайсан. - Сўйладикларингизни англадим, оғам! - Бу кун, нонуштага.- Яна таъкидлади у. - Англадим. - Илло гапларим қулоғингга қуюлсин, Чоғир, ишни ҳалоллаб бажар. Пинҳона висир –висир сўзлашув тугаб, улар икки томон ажралишди.

Мавлонқули тез-тез одимлаб жойига қайтди, аммо у буткул тинчини йўқотиб қайтди. Саройда суиқасд уюштирилаётгани унга аён бўлди. Мавлонқули қиличини ростлаётган маҳал тўғрисидаги девор рахида турган шам туйқус липиллаётганидан эшик сассиз очилганини сезди. У ортига бурилиб қаради. Эшик очган ташдор Жамолиддин Фаррух Мавлонқулига қарата деди: - Нонуштага тайёргарлик кўрилсин. Мавлонқули азбаройи нима қиларини билмай, талмовсираб қолди. Сўнг далли хаёлида чарх ураётган телба ўйларни оғриқли бошидан қувиб: - Жамолиддин оға! - дея мурожаат этди. Ташдор навкарга ялт этиб қаради. Кўрдики, навкар андиша ичида ўзига гапирмоққа журъат топа билмай куймаланаётир. - Қулоғим санда. Хос навкарлардан бўлган эшик оғаси мудҳиш хабарни қай йўсинда етказмоқни билмай саросима ичида қолди. Буни кўриб турган султон ташдори таажжуб ичида: - Мавлонқули, бу не ҳол? Ё, бирор сиқилгулик гапинг борму? - дея сўради. Мавлонқули бу хабарни қандай етказишни билмай, куймаланиб қолди. Жамолиддин Фаррух эса: - Бу на суврат? Гапир, ё тилингни ичингга ютганмисан? - дея зарда қилиб яна сўради. - Гапираман, аммо гапни қай йўсин бошламоқни билмаётирман. - Хайрдир... - Хайр бўлса, бош устина эди, аммо... - Аммо не эмиш? - Уйғун бир пайтда, - у дудуқланиб қолди. Cўнг қулт этиб ютунди-да, ниҳоят журъатини бир муштига жамлаб сўзлади. - Уйғун бир пайтда саройда суиқасд уюштиражаклар. Жамолиддиннинг кўзлари гўё чақин чақди, у навкар томон яқинлашиб, ёқасига ёпишди. Навкарни суриб деворга тиради-да, ҳеч ким эшитмасин учун, паст овозда сўради: - На сўйладик сўйлаганингни англаётирмисан? Эсинг жойидами санинг? - Қўйиб юборинг. - Чайналмасдан англат, йўқса юрагингни қўпораман. Мавлонқули бўғилиб қолди. Ташдор эшик оғасини тағин сиқувга олди. - Оғам, ҳозир ҳаммасини англатаман.- деди Мавлонқули бўғилиб. Жамолиддин уни қўйиб юборди. Навкар апил-тапил ёқасини тўғрилаб, бўғиқ ва паст овозда сўзланди: - Султон Жалолиддинга суиқасд қилмоқ пайига тушганлар. - Санинг эсинг жойидами?! Ким бунга журъат этур, бу на сўйладик матал? - Суиқасд қилмоқ пайидалар, бул ростдур. - Ёлғон. - Магар ўлимдан хабарим борлигини билиб, эшитган дедикларга қулоқларим, кўргуликларга эса шул ожиз кўзларим шоҳидлигинда сўзламакдаман. - Дарҳол барчасини англат! Мавлонқули ниҳоят нафасини ростлаб, ўзи шоҳиди бўлган манзарани бор тафсилоти билан сўзлаб берди. Машъум хабардан тўпиғига қадар титраган Жамолиддин Фарруҳ бир фурсат тек қотиб турди. Тонг лангарини чўзиб, ҳарир пардасини йиғиб чиқди. Кўкда қуёш жамолини кўрсата бошлаган эди.

Давоми бор

Бу мавзуда батафсилроқ