'Шоир Машраб ёнида ўзимга қабр қаздим'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Азизулло Деҳқон шоир Машраб турбасини тузатиб, ёнида ўзи учун ҳам қабр ҳозирлаган

Мозори Шарифдан ярим соатлик автолуов йўлида жойлашган Балх бир пайтлар шаҳарлар онаси ва сўфийлар шаҳри деб аталган. Бугун эса қашшоқ, овлоқ ва кўримсиз қишлоқни эслатади.

Аммо бу гўша ҳамон Афғонистондаги энг муқаддас қадамжолардан саналади.

Шаҳарда самовий рақслар асосчиси, буюк сўфий шоир Жалолиддин Рўмийнинг хонақоси жойлашган. Марказда эса аёл сўфий Робия Балхийнинг қабри тузатилмоқда.

Балхда кўчадан кўра қабр кўп ва уларнинг ҳаммаси одамлар наздида муқаддас. Кўплар учун бу шаҳарча - муқаддам қадамжо.

"Ишларимга ривож истаб, яхши хислатли инсон бўлишни тилаб, Жавонмард Қассоб қабрига келдим" - дейди Бағлонлик ёш зиёратчи йигит.

Жавонмард Қассоб бутун Афғонистондаги қассоблар пири. Улар пул йиғиб, қабр атрофини обод қилишган. Ҳар йили мол ва қўй сўйиб, унигн шарафига ош тортишади.

Робия Балхийнинг тузатилаётган қабри ёнида эса униққан бурқа ва эски яктак-иштонли эр-хотин дуо қилишади.

Қундузлик Боймурод ўз рафиқаси Шоҳгулнинг тутқаноқ касали, жигар ва ошқозонидаги дардларга даъво истаб, ҳайдовчиларга ялиниб Балхга келишган.

"Камбағал деҳқонмиз. Шифокорга бориш учун пулимиз жўқ" - дейди Шоҳгул Қундуз ўзбеклари шевасида.

Балхдаги бу каби аксар зиёратчилар амалида Исломдан кўра, бидъату хурофот устун. Бироқ Боймурод ва Шоҳгулнинг бутун умиди Балх зиёратидан.

Бироқ барча ҳам сўфийларга нимадир истаб мурожаат қилмайди.

'Машрабни ўқиб жангдан воз кечдим..'

Асли балхлик ўзбек Азизулло Деҳқон ўсиб-унган хонадон деразалари кўп сонли қадамжо қабрларга қараган. Бироқ узоқ йиллар давомида бу зиёратгоҳлар, зиёратчи ва ё зикр тушаётган дарвишлар Азизулло учун ҳеч нима англатмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Шимолий Афғонистонда Нақшбандия ва Қодирия тариқатлари оммавий

Азизулло Деҳқон ўз даврида шўроларни қўллаган қўмондонлардан эди. Кейинчалик ҳам Толибонга қарши урушган.

Аммо у ҳозир қуролини ташлаган. Бировнинг кўнглига қўрқув солишни истамайди. Балки барчага кулиб, хокисор муносабат қилишга интилади.

"Толибон даврида қочиб юрганимда, тушимда Машраб бобони кўрдим ва у менга Балхга қайтишимни, жонимга ҳеч ким озор етказмаслигини айтди" - дейди Азизулло Деҳқон.

"Балхга қайтдим. Толибон мени ўлдирмади. Шу асно Машрабни чуқурроқ ўрганишни бошладим. Мен унинг сўфиёна шеъриятига мафтун бўлдим".

Илгари Машрабни фақат ўзбек бўлгани учун ўзига яқин олган, аммо ижодидан бебаҳра бўлган суҳбатдошим унинг асарларини мутолаа қилиб, энди уни ҳақиқатан ҳам бобом, дея олишини урғулайди.

Тариқат истасанг, оғритма жонни...

Балхдаги саноқсиз қабрлар ичида кўпчилик Машраб сўнгги манзил топган, деб ишонадиган бир қабр ҳам бор.

Бобораҳим Машрабга гўё Балхда ўлим топиши аён бўлгач, у Намангандан Балхга келади. Бу ерда "Аналҳақ" ( Мен Оллоҳман) дейиши боис маҳаллий ҳоким уни дорга торттиради.

Айрим Афғон ўзбеклари Машраб Талоқанда дафн этилган, деб ишонадилар. Бироқ Машраб Балхда сўнгги манзил топганига ишонувчилар кўпроқ.

Азизулло Деҳқон улардан бири. У ўз ишончи боис тупроқтепага айланиб қолган қабрни дўстлари ёрдамида тузатган.

"Ғариб бўлиб ётганди тупроққа беланиб" - дейди Азизулло Деҳқон - "Ўзбек дўстларимиз билан бирга обод қилдик".

"Кейин эса, ўлсам ҳам Машраб бобомга яқин бўлиш илинжида унинг пойида ўзим учун ҳам қабр қазиб, тахт қилиб қўйдим".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Покистон ва Африкада радикал мусулмонлар сўфий мақбаралани бузишмоқда, аммо афғонлар уларни тузатишаяпти

Азизулло Деҳқон ҳам кўплаб афғонлар каби сўфийларнинг илоҳий қудратига ишонади. Бироқ айни пайтда уларнинг ўгитлари ҳам ўзини ром этишини айтади.

"Сўфий Оллоёрнинг сатрлари Сўфийлар ва бошқа мусулмонлар ҳақидаги бир фарқни кўрсатади" - дейди Самарқанднинг Каттақўрғонида таваллуд топган ўзбек сўфий шоирини эслаб Азизулло Деҳқон.

"Шариат истасанг, ўлдир илонни, тариқат истасанг, оғритма жонни" - шеър ўқийди суҳбатдошим.

"Шариат - Ислом дини ва ҳар қандай мусулмон илонни кўрганда ўлдириши буюрилган. Тариқат эса тасаввуфдир. Бу йўлга кирган сўфийлар эса илон дохил бирон жонзотга ҳам озор бермаслиги керак. Ана шундай фарқ бор".

'Кофирларни ҳам йўлда қолдирибман'

Азизулло Деҳқон ҳар ҳафта икки-уч маротаба Бобораҳим Машраб қабрини келиб тозайлади ва Қуръон тиловат қилади.

Атрофга ваҳшат солган собиқ қўмондоннинг бу янгича одати кўплаб бошқа жангарилар ҳамда қуроллиларни ўзига тортмоқда.

Ҳозир қуролини ташлаб, тариқат йўлига кирган собиқ ўғрилар, жангарилар ва қотиллар ҳам кун-тун Балх хонақоларида ибодат қиладилар ва зикр тушадилар.

Абдулаҳад исмли Балхлик ўзбек улардан бири.

"Билсам, шунча кўп гуноҳ қилган эканманки, энди уларни ювиш учун умрим етармикан?" - дейди уфққа кўзини тикиб Абдулаҳад.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мана бу зиёратчилар каби саводсиз афғонлар наздида сўфийлар илоҳий кучга эга авлиёлардир

"Ҳозир Нақшбандийлик йўлига кирдим. Баҳовуддин Нақшбанд таълимоти сизни бу дунёдан воз кечмасликка ундайди, аммо Оллоҳ ёдини ҳам қалбда тутишимизни ўргатади".

Абдулаҳад бугун деҳқончилик қилади. Бир пайтлар одамларнинг молига ва ҳатто жонига ҳам қасд қилганини тан олади.

"Мен қилган ишларни кофир ҳам қилмаган экан. Буларнинг ҳаммасини мен Исломни ўрганиб тушундим" - дейди у.

Абдулаҳад тасбеҳини ўгирганча қабрларни оралаб, хонақога кетади. Ёнида ҳаётий ҳикояси уникидан унчалик фарқ қилмайдиган бошқа муридлар...

"Мана сизга Исломнинг, тариқатнинг кучи" - дейди Азизулло Деҳқон - "Қанча-қанча одамлар динни ўрганиб, ёмонликдан қайтишмоқда".

Аммо сўфийларни барча анъанавий диндорлар ҳам тан олишавермайди. Айниқса, тасаввуфдаги фалсафа ва мақсадга етишиш йўллари, ашуладек ибодат, зикр ва жазава баъзилар назарида ҳатто куфрга тенг.

Лекин Азизулло Деҳқон ва Абдулаҳад тасаввуф йўли билан, сўфийлар кучи билан янглиш йўлдан чиққанларига ишонадилар.

Бу ишонч энди улар учун ҳаёт мазмунига айланган.