Африкалик қўшиқчи жарроҳлик пайти куйлаб турди

Image caption Кўп қўшиқчилар овозлари йўқолиб қолишидан қўрқишади.

Гвинеялик қўшиқчи Алама Канте томоғидаги ўсмани олиб ташлаш вақти жарроҳлар унинг овоз найчаларига зарар етказмасликлари учун куйлади.

Жарроҳлик олди унга карахт қилувчи укол ва оғриқни қолдириш учун гипноздан фойдаланишди.

Канте овозини йўқотиб қўйишдан жуда қўрққан ва шу боисдан унинг шифокори амалиёт пайти куйлаб ётишни маслаҳат берган.

Унинг сўзларига кўра, тиғнинг биргина нотўғри ҳаракати унинг овозига тузатиб бўлмайдиган зарар етказиши мумкин эди.

Парижнинг Анри Мондора касалхонасининг шошилинч терапия бўлимининг бошлиғи Жил Доннер ушбу жарроҳликни ўтказган.

Шунингдек, у жарроҳлик амалиёти пайтида Кантенинг қандай куйлаётгани ҳақидаги лавҳани журналистларга намойиш қилган.

Шифокорлар хонандада пайдо бўлган ўсмани олиб ташлашган. Бу пайтда у куйлаб тургани сабабли, жарроҳлар амалиёт режаланганидек ўтиши ва қўшиқчининг овоз найчаларига таъсир қилмаслигига ишонганлар.

Профессор Доннернинг айтишича, томоқ йўлидаги ўсма шу тариқа биринчи бор олинган ва амалиёт умумий наркоз остида ўтказилган.

Кўп қўшиқчилар учун куйлай олмай қолишлик катта фожеага тенг, шу боисдан улар доим овозлари йўқолиб қолишидан қаттиқ хавотир олишади, дейди профессор.

"Бундай жарроҳлик пайти сиз хушёр бўлсангиз, оғриққа дош бериш қийин. Фақатгина гипнозгина уни енгиб ўтишга ёрдам беради", деб айтади жарроҳ.

"У гипнозчининг сўзларини эшитиб, керакли ҳолатга кирди. У Африкага томон узоқ сафарга кетди. Ва у куйлай бошлаганда бу жуда ажойиб ҳолат эди", сўзлайди жарроҳлик амалиётини эслаб профессор Доннер.

Британиянинг Times газети ёзишича, матбуот анжуманида қўшиқчи жарроҳлик олди ундан "саёҳатга боришни хоҳлайсанми?"дея сўрашганини айтган.

"Мен бунга розилик бердим ва ўзимни жарроҳлик столида эмас, узоқ-узоқ Сенегалда деб ҳис қилдим", деб ҳикоя қилади Канте.

Африкалик қўшиқчи айни пайтда жарроҳликдан кейин ўзига келмоқда.

Шифокорнинг сўзларига қараганда, жарроҳлик охирида Канте жим бўлиб қолганда шифокорлар нафасларини ичга ютиб кузатишган. У яна гапира бошлаганда, жарроҳлар енгил тортиб, тажрибалари натижасидан мамнун бўлганларини яширмаганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.