Қўлингиздаги жосусни биласизми?

Image caption Қўл телефонингиз орқали бугун сиз ҳақингизда тўлиқ маълумот олиш ва қачон, қаерга боришингизни кузатиш мумкин

Интернет ва қўл телефони фақат сизга фойда келтирмайди, балки катта-кичик тижоратлар ва ҳукуматлар учун ҳам ўта манфаатли енгиллик бўлмоқда.

Бизнеслар сизни ўз мижози сифатида нишонга олишда смартфонингизни кузатади. Жосуслик хизматлари учун эса бу жимитдек телефонингиз ҳар босган қадамингизни кўздан қочирмаслик имконини яратган.

Интернетга уланган қўл телефонини ишлатадиган қайси одам қай автобус бекатидан фойдаланишига қараб, тижоратлар бугун ҳар бекатда зарурий рекламани жойлаштиришади. Чунки улар бу одамларнинг ёши, жинси, қизиқиши ва сўнгги харид қилган нарсаларини ўрганадилар.

Оврўподаги бинзеслар ҳозир бир кўчанинг қай қисмида қандай реклама иш беришигача билишади. Ҳаммаси сизу бизнинг қўлимиздаги янги телефон ва интернет туфайли...

Бир йил аввал Лондонда ўтган мумтоз мусиқа фестивалига келган қай одамда смартфон бўлса, барчасига интернетдан текинга мумтоз мусиқа нусхаларини кўчириб олиш таклиф этилган муждалар келганди.

Ҳозир, масалан, Британиядаги рекламаларнинг ярмидан кўпи айнан кимлар қаерга боришига қараб жойлаштирилмоқда.

"Қимматбаҳо пойабзал дўкони ёнидан ўтиб қолсангиз, бирданига телефонингизга фалончи дизайнернинг пистончи пойабзали 30% чегирма билан сотилмоқда, деган хабар юборишади" - дейди Лондон яшовчиларидан бири.

Ҳам тижорат, ҳам истиғборат

Лекин смартфонлар нафақат тижоратлар, балки айғоқчилик фаолияти ва одамларни кузатиш учун ҳам ўта муҳим воситадир.

Image caption Кўпчилик замонавий қўл телефони ва интернетсиз ўз ҳаётини тасаввур қилолмайди

Мутахассисларга кўра, ҳатто телефонингиз ўчирилган ҳолатда ҳам сизни кузатиш имкони бўлади.

Баъзида эса қай мамлакат осмонидан учиб ўтманг, учоқдаги смартфонингиз ўша мамлакат ширкатларига уланади. Бу дегани сиз қадам мамлакатда ҳам сизни кузатиш имкони юзага келиши мумкин.

Шундай эса-да, қонунга риоя қилувчи миллионлаб инсонлар учун бу муаммо эмас. Улар ўз ҳаётларини осонлаштирувчи смартфонлари ва ундаги интернетдан муттасил фойдаланадилар.

Кўпчилик наздида, жосуслик хизматлари қанчалик кузатиб боришмасин, қонунни бузмаган ё шу ниятда ҳаракат қилмаган одамнинг у қадар қўрқиши шарт эмас.

Лекин инсон ҳуқуқлари гуруҳи шахс эркинлиги ва шахсий ҳаётига дахл этилишидан хавотир изҳор қиладилар.

Шунингдек, айни замонавий ўнғайлик авторитар ва ё инсон ҳуқуқларини қаттиқ чекловчи ҳамда мухолиф фикрларга тоқат қилмайдиган давлатларнинг жосуслик хизматлари ишларини ҳам анча осонлаштиради.

Айниқса, кузатув билан чекланмасдан, балки таъқиб ва тазйиқ ҳам одатий ҳолга айланган давлатларда смартфон ҳамда интернетдан нима кутиш мумкинлигини башорат қилиш мушкул.

Бу мавзуда батафсилроқ