“Кеча Жумонглар, бугун Ишанилар, эртага кимлар...”

Томошабинларга Ишанига маҳлиё бўлиб қолишган Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Томошабинларга Ишанига маҳлиё бўлиб қолишган

Ўзбекистонлик блоггер “Ишани” сериали юзасидан “Ёшлар” телеканали раҳбарига очиқ хат ёзган. Томошабинларнинг оммавий сериалига айланган ҳинд фильми ижтимоий тармоқлардаги махсус гуруҳларда муҳокама мавзусига айланган.

Киноя услубида ёзилган ушбу мактубда сериалнинг обдон танқид қилинганини ўқиш мумкин.

Андижоний тахаллуси билан ёзган муаллиф сериал таъсирида ўзбек оиласида янги туғилган чақалоққа Ишани исми қўйилганига эътибор қаратган.

“Келажакда шу Ишани болаларига Ишани ким, деб сўраса, нима деб жавоб беради? Жавобни “Yoshlar” телеканали беради, деса керак-да, а? Ўша пайтда ҳам такроран намойиш қиларсизлар балки”, - дейди Андижоний.

“Ёшлар” канали орқали қўйилаётган ва халқ орасида бош қаҳрамон Ишани номи билан машҳур “Сенга ошиқман” сериали одамлар орасидаги энг оммабоп томошага айлангани айтилади.

Тошкентдан мустақил журналист Саодат Омонова сериалнинг ижтимоий тармоқларда ҳам оммалашиб кетганини ва уни муҳокама қилиш ва тафсилотларини қўйиб бориш учун махсус гуруҳлар ташкил қилинганини айтади.

“Бир қиз Ранвирнинг никоҳи бузилган қизга уйланишини мақтаб қолди. Бизда бундай ўзбек йигитлари қани, ёрига вафодор Ишанидек қизлар қани, деб мақтаб қолди”, - дейди Саодат Омонова.

Журналистга кўра, сериал ва кинолар одамларни фикрлашдан тўхтатиши керак эмас, балки фикрлашга ундаши керак. Бироқ “Ёшлар” телеканалида қўйилаётган сериал кўнгил очар бўлиб одамларни фикрлашга ундамайди.

“Ҳаёт фақат ўйин кулгудан иборат эмас. Сериалда ақлга сиғмайдиган бачкана ҳолатлари кўп”, - дейди Саодат Омонова.

Ўзбекистонликлардан бири, “халқ кеча Жумонгга, бугун Ишанига маҳлиё бўлмоқда, эртага кимга ихлос қилади”, - дейди.

Блоггер Андижоний “Ишани” сериали орқали ўзбек халқи янгича удум одатларни ўрганаётгани айтади.

У сериалда дабдабали тўйларни кўрсатиш орқали уларга қарши тарғибот олиб бораётган телевидениенинг сиёсати бир бирига тўғри келмаслигини савол остига олган.

“Масалан, янги келинларнинг эрларига нисбатан хийлалари, қилиқлари, нозларию макрлари, аввал турмуш қуриб, кейин ажрашаман, деб, ажрашиб улгурмасидан бошқа оила қуриш, қудаларнинг даҳанаки жанглари, дабдабали дабдала тўй маросимлари (ўзи шу одатларни йўқотиш учун аёвсиз кураш олиб борилаётган бўлса), ётоқхонадаги оилавий кўриб бўлмас саҳналар ва ҳоказою ҳоказолар...”

Журналист Саодат Омонова давлат томонидан миллий сериаллар олиш учун махсус дастур ишлаб чиқилиб, маблағ ажратилган бўлсада телеканаллар орқали кўп ҳолларда ҳамон хориж сериаллари айлантирилаётганини айтади.

“Сериллар олиняпти, лекин кам олиняпти. “Опа сингиллар”дан халқ зада бўлиб кетди, қайта қайта беришади. Ҳозир 12 телеканал, битта филмни керак бўлса ҳафтасига 7 марта кўрасиз. Менимча, аввал фонд ва архивни турли жанрдаги филмларга тўлдириш керак эди. Кейин 12 телеканални ташкил қилиш керак эди”, - дейди Саодат Омонова.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio